Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Накуртда адабиёт байрами
16:06 / 2022-05-16

Накурт – Самарқанд вилоятининг энг олис аҳоли пунктларидан бири.

Пайариқ тумани марказидан эллик километр узоқликда, тоғлар бағрида жойлашган қишлоқ аҳолиси учун муносиб турмуш шароити яратиш, ҳудуд инфратузилмасини ривожлантириш борасида кейинги йилларда кенг кўламли бунёдкорлик, ободонлаштириш ишлари амалга оширилмоқда. Жумладан, ўтган йили қишлоқнинг ўн километрдан ортиқ асосий йўллари асфальт қилиниб, ички йўлларига тош-шағал тўкилди. Ҳудуддаги мактаб ва мактабгача таълим муассасалари, тиббиёт пунктида таъмирлаш, реконструкция ишлари бажарилди. Айни пайтда ҳам бу борадаги ишлар давом этмоқда. 

Куни кеча ушбу маҳаллада Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ёзувчилар уюшмаси ҳамда Пайариқ тумани ҳокимлиги ташаббуси билан адабиёт байрами ўтказилди. Унда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолари, пойтахтдан келган ва самарқандлик таниқли ёзувчи ва шоирлар, олимлар, адабиёт ва санъат намоёндалари иштирок этди.

– Накуртда бундай маърифий тадбирлар, ижодий кечалар жуда кўп ўтказилган, – дейди Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Фармон Тошев. – Элимизнинг севимли ижоркорлари келиб бу қишлоқ манзараларидан завқ олган, боқий булоқларидан сув ичган. Бундан ўн йил аввал Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Орипов бошчилигидаги бир гуруҳ ижодкорлар қишлоқда бўлиб, ижодий учрашувлар ўтказгани кечагидек кўз ўнгимизда. Афсуски, бугун орамизда Абдулла ака ҳам, пайариқлик таниқли ижодкорлар Саъдулла Ҳаким, Азим Суюн ҳам йўқ (уларнинг руҳи шод бўлсин). Лекин Накурт қишлоғига шоир-ёзувчилар келиб, адабиёт байрамлари  бўлиб турибди.

Учрашувда Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги бош директори, шоир ва ёзувчи, публицист Абдусаид Кўчимов юртимиздаги бугунги адабий жараён, китобхонликни кенг тарғиб этиш борасидаги ишлар ҳақида сўз юритди. “Инсон қадри учун!” тамойили асосида олиб борилаётган ишлар, китобхонлик маданияти тарғиботи олис-олис қишлоқлар аҳолиси ҳаётида ҳам ўз ифодасини топаётганини таъкидлади. Ўз ижод намуналаридан ўқиб берди. 

– Накурт қишлоғи биз учун жуда қадрли гўшага айланган, – деди А.Кўчимов. – Бу, аввало, шу ердаги тоғлар каби ижоди улуғвор, қалби кенг инсон Азим Суюн туфайли қишлоққа кўп келганимиз билан боғлиқ. Қолаверса, ўтган йили давлатимиз раҳбари ташаббуси билан бошланган “Яшил макон” умуммиллий ҳаракати доирасида Пайариқ тумани ҳокимлиги кўмагида ҳудудда Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги – ЎзА боғини ташкил этдик. Бугун бориб кўрдик, ўтган йил кузда ва баҳорда экилган ниҳолларимиз баравж ўсяпти. Айримлари нишона ҳосил солганини кўриб, амалга ошираётган хайрли, эзгу ишларимиз албатта ўз мевасини беришига яна бир карра имон келтирдик. 

Учрашувда 39-умумий ўрта таълим мактаби ўқитувчи ва ўқувчилари таълим муассасасидаги ижодий тўгараклар ҳақида сўзлаб, ўз шеърий машқларидан ўқиб берди. Шунингдек, пайариқлик ижодкорлар ўз дил сўзларини билдирди, янги китоблар тақдимоти ўтказилди. Мактабга Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ва Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги томонидан ўзбек ва жаҳон адабиётининг энг сара асарларидан иборат 500 дона бадиий китоб совға қилинди.

– Мактабимизда истеъдодли ёшлар кўп, – дейди 39-умумтаълим мактаби ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчиси Отабек Худоёров. – Уларнинг шеър ва ҳикояларини адабий тўгаракларимизда муҳокама қилиб, йўл-йўриқ кўрсатамиз, қўллаб-қувватлаймиз. Бугунги учрашув ўқувчиларимиз учун жуда катта маҳорат сабоғи бўлди, улар устоз ижодкорларнинг маслаҳатини олди. Айниқса, кутубхонамиз учун кейинги йилларда чоп этилган ноёб бадиий китоблар совға қилинганидан жуда хурсандмиз. 

Ургутлик халқ таълими фахрийси Қуддус Асқаров, Накурт маҳалласи оқсоқоллари Олтибой Деҳқонов, Келдибой Ўролов олис қишлоқларда, таълим муассасаларида бу каби ижодий учрашувлар ўтказилиши аҳолига жўшқинлик бахш этиши, янги, ёш истеъдодларнинг кашф этилишига хизмат қилишини қайд этди.

– Қани энди вақтларингиз бўлса-ю туманимиздаги ҳар бир маҳаллада, ҳар бир мактабда шундай учрашувлар ўтказсак, – деди Пайариқ тумани ҳокими Зафар Эргашев учрашув якунида. – Бу аҳолимизга жуда катта маънавий қувват беради, ҳаётига жўшқинлик бахш этади. Шунинг учун сизларни туманимизнинг бошқа ҳудудларида ҳам кутамиз, шундай маънавий тадбирлар ўтказишга таклиф қиламиз.

Аҳоли, ўқувчилар билан очиқ мулоқот тарзида ўтказилган бу маънавий-маърифий тадбир санъаткорларнинг куй-қўшиқларига уланиб кетди.  

[gallery-7112]

Ғ.ҲАСАНОВ,

А.ИСРОИЛОВ (сурат), ЎзА