Мамлакатимизнинг Япониядаги элчихонаси ходимлари Нагоя иқтисодиёт университети президенти Сабури Харуо, профессор-ўқитувчилар ва ушбу олий таълим муассасасида таҳсил олаётган юртдошларимиз билан учрашув ўтказди.
Жаноб Харуо билан мулоқотда алоҳида шериклик ўрнатишга қизиқиш билдирилди. Қайд этилишича, ҳозир Нагоя иқтисодиёт университетида 29 нафар ўзбекистонлик талаба таҳсил олмоқда. Бундан ташқари, ушбу муассаса Тошкентдаги Иқтисодиёт, Юридик, Шарқшунослик, Жаҳон тиллари ҳамда Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетлари билан мустаҳкам алоқани йўлга қўйган.
- Биз Ўзбекистонда кампус очишга тайёрмиз, - деди Сабури Харуо. - Айни пайт ушбу лойиҳа концепцияси устида қизғин иш олиб борилмоқда. Шунингдек, Япониядан 15 профессор ва 50 талабани қисқа муддат Ўзбекистонга юбориш дастури ишлаб чиқилиши ҳамда икки давлат университетлари ректорларининг навбатдаги форуми ўтказилишини ҳам қўллаб-қувватлаймиз.
Ўзбекистон дипломатларининг Нагоя иқтисодиёт университетида таҳсил олаётган ватандошлар билан алоҳида мулоқоти ҳам ташкил этилди. Учрашув чоғида мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти, ёшларга оид давлат сиёсати, хориждаги ватандошларни қўллаб-қуватлаш бўйича олиб борилаётган эътиборга молик ишлар тўғрисида атрофлича маълумот берилди.
ЎзА