Давлатимиз раҳбари халқимиз учун синовли кунларда кундалик эҳтиёж маҳсулотларининг тақчиллиги юзага келмасиги ва нархларнинг кўтарилиб кетмаслиги бўйича қатъий топшириқлар берди.
Давлатимиз раҳбари халқимиз учун синовли кунларда кундалик эҳтиёж маҳсулотларининг тақчиллиги юзага келмасиги ва нархларнинг кўтарилиб кетмаслиги бўйича қатъий топшириқлар берди.
Топшириқни бажариш мақсадида прокуратура органлари ходимлари аҳолини озиқ-овқат маҳсулотлари ва дори-дармонлар билан узлуксиз таъминлаш, нарх-наво барқарорлигини сақлаш чораларини кўрмоқда.
Шунга қарамай жамиятда кечаётган вазиятни чуқур ҳис қилмаётган, нарх ошириб, фақат ўз нафсини ўйлаётган кимсалар учраб турибди. Ҳозирги кунга прокуратура органлари ҳамда Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ходимлари томонидан моддий бойлик орттириш мақсадида жиноятга қўл урган бундай шахсларнинг ноқонуний фаолиятига чек қўймоқда.
Жумладан, Департаментнинг Андижон вилояти бошқармаси томонидан фуқаро М.П.нинг аризасига асосан ўтказилган тезкор тадбирда, фуқаро А.Х. ва бошқалар билан тил бириктириб, дори воситаларини нархларини сунъий равишда оширган. М.П.га ҳеч қандай ҳужжатлари бўлмаган, хорижда ишлаб чиқарилган “Пропинем 100 мг” дори воситасини ҳар бир донасини 90 минг сўмдан (500 донасини жами 45 миллион сўмга), “Меропенем 1мл” дори воситасининг ҳар бир донасини 50 минг сўмдан (Минг донасини жами 50 миллион сўмга ва “Бициклол 25 мг” ҳар бир қутисини 265 минг сўмдан (300 қутисини жами 79,5 миллион сўмга), ҳаммаси бўлиб 3 хил турдаги дори воситаларини 174,5 миллион сўмга сотишга келишиб, ундан 13 минг 550 АҚШ доллари ва 34,9 миллион сўмни олган вақтда ашёвий далиллар билан ушланган.
Шунингдек, Департаментнинг Тошкент вилояти бошқармаси томонидан ўтказилган тадбирда фуқаро А.Ю. С.Х.га “Indvir” 100 мл номли дори воситасини ҳар бир қутисини 100 АҚШ долларидан ҳисоблаб, 100 қути “Indvir” 100 мл номли дори воситасини жами 10 минг АҚШ долларига сотган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган. Тадбирда фуқаро А.Ю.дан жами 108 қути, 74,2 миллион сўмлик “Indvir” дориси ашёвий далил тариқасида олиб қўйилган.
Бундан ташқари, Департаментнинг Шайхонтоҳур тумани бўлими фуқаро М.Анинг мурожаатига асосан ўтказилган тезкор тадбирда, фуқаро Ф.А., Қ.Н. ва Б.Д. “Коронавирус” пандемияси туфайли аҳоли томонидан истеъмол талаби юқори бўлган хорижда ишлаб чиқарилган 85 қути «Remdesevir 100 mg» дори воситасининг ҳар бир қутисини 750 минг сўмдан ҳисоблаб, жами 6 минг 200 АҚШ долларига фуқаро М.А.га дорихонадан ташқарида қонунга хилоф равишда сотишган вақтда ушланган. Улардан 85 қути «Remdesevir 100 mg» дори воситаси, бундан ташқари, Б.Д. бошқарувидаги «lasetti» русумли автомашина кўздан кечирилганда, автомашинанинг салонидан 135 қути «Remdesevir 100 mg» дори воситаси, жами тахминий қиймати 165 миллион сўмлик 220 қути «Remdesevir 100 mg» дори воситаси ашёвий далил сифатида олинган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Дилмурод Эшмуродов,
Бош прокуратура бўлими прокурори.