Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Нафс онани жиноятга етаклади
18:17 / 2022-06-22

Орамизда айрим бемеҳр, бешафқат, фирибгар кимсалар борки, уларнинг қилмишини кўриб, ҳайратга тушасан киши. Ўз дилбандини сотиб, турли орзу-ҳавасларига эришмоқчи бўлган оналар она деган юксак номга қанчалик лойиқ?! Ёхуд ўз нафси йўлида одам савдосидек оғир жиноятга қўл уриб, норасида гўдакларни пуллайдиган фирибгарларни инсон дейиш мумкинми?!

Шаҳрисабз туманида туғилган, Чироқчи туманида истиқомат қилувчи Гулилайло (исмлар ўзгартирилган) 2020 йил октябрь ойида Шаҳрисабз тумани Сой қишлоғида яшовчи Насиба билан танишади. Гулилайло Насибанинг уйида яшаб келган. Насиба 2021 йил февраль ойида Гулилайлонинг ҳомиладор бўлиб қолганини билиб, у билан ҳомиласини туққанидан кейин фарзандини сотиб, даромад олишга ўзаро жиноий тил бириктиради. Бола туғилишига қадар фарзанд кўрмаган ва чақалоқ сотиб олиш ниятида бўлган одамни қидириб топишни ўз зиммасига олади.

Кунлар ўтиб, 2021 йил 16 ноябрь куни Гулилайлонинг кўзи ёриб, ўғил фарзанд кўради. Иккала аёл тил бириктириб, уни сотиш учун биргалашиб харидор қидиришади. Бу ҳолат бўйича олинган тезкор маълумотга асосан, 2021 йил 17 декабрь куни соат 20:00 ларда Қашқадарё вилояти ИИБ, Яккабоғ тумани ИИБ ва ДХХ Шаҳрисабз шаҳар бўлими ходимлари томонидан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда Гулилайло вояга етмаган бир ойлик чақалоғини Яккабоғ тумани “Оқтош” МФЙ ҳудудида жойлашган “Оқтош” оилавий ресторанида фуқаро Гулнора Қобиловага сотаётган вақтда ушланади. Она ўз фарзандини “чақалоқ харидори”га 70 миллион сўмга сотишга келишиб, шундан 50 миллион сўмини олаётган бўлган. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари бу ҳолатнинг олдини олиб, иш  тегишли тартибда расмийлаштирилган.

Судланувчи она ўз шикоятида Насибанинг кирдикорлари юзасидан вақтида мурожаат қилмаганидан пушаймонлигини, фарзандини ўзига қайтариб, озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинлашни сўраган. Насиба ҳам содир этган жиноий ҳаракатларига иқрор ва пушаймонлиги, қарамоғида 3 нафар фарзанди борлиги, оилавий аҳволи оғирлиги, қизи оғир хасталикка чалингани, оилада ягона боқувчи эканлиги, муқаддам судланмаганлиги, содир этган ҳаракатларининг оқибатини тушуниб етганлигини билдирган ва озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинлашни сўраган.

Суд бадбахт она Гулилайлога ЖКнинг 57-моддасини қўллаб, 3 йилу 6 ой озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлаган. Фирибгар Насибага эса айбига иқрор ва пушаймон, оилада ягона боқувчи эканлигини инобатга олиб, Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 135-моддаси 3-қисмининг “а” банди билан ЖКнинг 57-моддасига асосан тайинланган 6 йил озодликдан маҳрум қилиш жазосини 5 йилга келтирган.
Бола олди-соттисига оид бу каби жиноятлар, афсуски, учраб туради. Ўзининг жигарбандини пуллайдиган нафс гирифторлари кечирилмайди. Жиноятга эса жазо муқаррардир. 

Ҳомид Бобоқулов,
Қашқадарё вилоят жиноят ишлари бўйича суди судьяси

ЎзА