Гулистон шаҳридаги Сирдарё вилояти Гимнастика спорт турларига ихтисослаштирилган спорт мактабининг спорт мажмуасида ёшларимиз салоҳиятини юзага чиқаришга хизмат қиладиган муҳим спорт тадбири – “Янги Ўзбекистон Олимпия чўққилари” спорт мусобақаларининг бадиий гимнастика бўйича ҳудудий босқичи бўлиб ўтди.
Мусобақанинг очилиш маросимида Гимнастика бўйича Республика ихтисослаштирилган болалар-ўсмирлар олимпия захираси спорт мактаби директори Шаҳло Нарзиева, вилоят спорт бошқармаси бошлиғи Анвар Буранов, Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси Сирдарё вилояти ижрочи директори Баҳодир Эшонов сўзга чиқишди. Улар давлатимиз раҳбари ташаббуси билан мамлакатимизда спорт соҳаси, айниқса ёшлар спорт турларини ривожлантириш, олимпиада захираларини тайёрлашга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётганини таъкидлашди.

Беллашувларда вилоятнинг барча шаҳар ва туманларида ўтказилган саралаш босқичларида ғолибликни қўлга киритган 15–17 ёшли иқтидорли гимнастикачи қизлар иштирок этди. Ҳар бир чиқишда нафис ҳаракатлар, мусиқага уйғун ритм ва санъат даражасидаги эстетик ифодалар намоён бўлди. Ҳакамлар ҳайъати томонидан аниқ ва холис баҳолар асосида ғолиб ва совриндорлар аниқланди.

Натижаларга кўра, Сирдарё вилоят гимнастика спорт турларига ихтисослаштирилган спорт мактаби тарбияланувчиларидан Одина Эргашева биринчи ўринни эгаллаган бўлса, шу мактабнинг тарбияланувчиларидан Райҳона Алибекова иккинчи, Мастура Қодирова эса учинчи ўринга муносиб топилди.
Тадбир якунланганда ғолиб ва совриндор спортчиларга вилоят ҳокимлиги томонидан эсдалик совғалар топширилди.

Мазкур мусобақа мамлакатимизда соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб этиш, ёш авлоднинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, иқтидорли спортчиларни кашф этиш ва уларни қўллаб-қувватлаш йўлидаги ишларнинг амалдаги ифодасидир. Шу билан бирга, бу каби тадбирлар келгусида юртимиз шарафини халқаро мусобақаларда муносиб ҳимоя қиладиган чемпионларни тарбиялашда муҳим пойдевор бўлиб хизмат қилади.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, Президентимиз қайд этганидек, “ёшлар — келажак пойдевори”. Бугунги мусобақалардаги ғалабалар эртанги Олимпия чемпионлари учун илк қадам, Янги Ўзбекистоннинг спорт тарихида янги саҳифаларни очадиган муҳим жараён сифатида аҳамият касб этади.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири