Мамлакатимизда баҳор фаслининг гўзаллиги ва нафосати билан уйғунлашган 8 март — Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан барча ҳудудларда байрам тадбирлари кўтаринки руҳда ўтказилмоқда. Ушбу қутлуғ сана аёлларимизнинг жамият ва оиладаги беқиёс ўрнини эътироф этиш, уларга ҳурмат ва эътибор кўрсатишнинг яна бир ёрқин ифодасига айланмоқда.
Шу муносабат билан Сирдарё вилоятининг Гулистон, Боёвут, Ховос ва Мирзаобод туманларида ҳам хотин-қизларга бағишланган байрам тадбирлари ташкил этилди. Гўзаллик, меҳр-оқибат ва эзгулик тараннум этилган ушбу тадбирлар аёлларга бўлган юксак эътибор ва ҳурматнинг яққол намунаси сифатида катта тантана билан ўтди.

Жумладан, Гулистон туманидаги “Ўзбегим”, Боёвут туманидаги “Шербек ота”, Ховос туманидаги “Ҳумо”, Мирзаобод туманидаги “Аср” тантаналар уйларидаги байрам тадбирларида туманларнинг фидоий, меҳнаткаш ва жамоат ишларида фаол иштирок этувчи хотин-қизлари, шунингдек, ҳаёт тажрибаси ва ибратли ҳаёт йўли билан барчага намуна бўлиб келаётган мўътабар онахонлар иштирок этишди. Уларга байрам муносабати билан ташкилотчилар томонидан эсдалик совғалари ва туҳфалар тақдим этилди.

Байрам тадбирларида иштирок этган туман ҳокимлари барча онахонлар, опа-сингиллар ва дилбар қизларни 8 март — Халқаро хотин-қизлар куни билан самимий муборакбод этишди. Табрик сўзларида аёлларнинг жамият ва давлат ҳаётидаги ўрни беқиёс экани, уларнинг меҳр-муҳаббат, сабр-бардош, матонат ва фидойилик тимсоли экани алоҳида таъкидланди. Шунингдек, юртимиз тараққиёти, оила муқаддаслигини асраш ва баркамол авлод тарбиясида хотин-қизларнинг ҳиссаси беқиёс экани қайд этилди.

Баҳор нафаси билан уйғунлашган байрам тадбирлари давомида ижро этилган она ва Ватанни улуғловчи дилбар куй-қўшиқлар, жозибадор мусиқий чиқишлар ва рақслар меҳмонларга кўтаринки кайфият бағишлади.
Ғулом Примов, ЎзА