Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Наби ЗИЯДУЛЛАЕВ: Ватаним, халқим билан фахрланаман
20:07 / 2022-08-31

Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 31 йиллик байрами арафасида Президентимиз фармонига биноан давлатларимиз ўртасидаги кўп қиррали ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни ҳар томонлама ривожлантириш, шериклик муносабатларини янада чуқурлаштириш, сиёсий-дипломатик, савдо-иқтисодий, инвестициявий, таълим, илм-фан ва маданий-гуманитар соҳалардаги алоқаларни кенгайтиришга қўшаётган катта ҳиссаси, юртимизда амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар ва улкан демократик ўзгаришларни, Ўзбекистон томонидан илгари сурилаётган глобал ва минтақавий ташаббусларни фаол қўллаб-қувватлаш, шунингдек, халқларимиз орасидаги дўстлик ва ҳамжиҳатлик ришталарини тобора мустаҳкамлаш, узоқ муддатли ва кенг қамровли муносабатларни янги босқичга кўтариш борасидаги самарали фаолияти учун бир гуруҳ чет эл фуқаролари «Дўстлик» ордени билан мукофотланди. Улар орасида Тошкент давлат иқтисодиёт университети илмий маслаҳатчиси Наби Зиядуллаев ҳам бор.

Қайд этиш жоиз, россиялик таниқли олим, иқтисод фанлари доктори, профессор, РФда хизмат кўрсатган фан арбоби Наби Зиядуллаев Россия Фанлар академиясининг Бозор муаммолари институти бош илмий ходими ҳисобланади.

У “Марказий Осиёда минтақавий қурилишнинг янги фалсафаси” номли монографиясида ташқи сиёсий ва ташқи иқтисодий таҳдидлар шароитида Марказий Осиёда минтақавий қурилиш янги стратегиясини ишлаб чиқишга оид концептуал ёндашувлар тўғрисида ёзаркан, минтақамиз давлатларининг жаҳон ва бошқа минтақавий кучлар билан стратегик ҳамкорликни кенгайтириш, шунингдек, ҳудуд доирасида самарали ўзаро таъсир векторларини шакллантириш бўйича геоиқтисодий ҳамда интеграция устуворликларини ифодалаб беради.

– Марказий Осиё энг қадимий жаҳон цивилизацияси ўчоқларидан биридир, – деб ёзади муаллиф. – Бу ҳудуд милоддан аввалги III асрда вужудга келган ва XVII асргача давом этган савдо магистрали –Буюк Ипак йўлининг энг гавжум қисми бўлган.

«Қаердан савдо йўли ўтса, ўша жойда ривожланиш бор» – дейди олим донишлар сўзини келтириб. – «Кейинчалик бир қатор тарихий-географик сабабга кўра, Марказий Осиё ривожланган савдо йўлидан йироқлашди ва оқибат ХIХ-ХХ асрларда илмий-техник тараққиётнинг жаҳоний тенденцияларидан анча орқада қолди. Мана энди янги юксалиш –  ҳисоб бўйича учинчи Ренессанс – Янги Ўзбекистон даври бошланди.

Олимнинг яна бир йирик асари – Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигининг 30 йиллигига бағишланган монографиясида эса муҳим натижалар умумлаштирилиб, МДҲ истиқболли тенденциялари белгилаб берилган, собиқ иттифоқ маконида ўтиш даври иқтисодиёти трансформациясининг услубий ва амалий муаммолари таҳлил қилинган. МДҲ, Евроосиё иқтисодий иттифоқи, Марказий Осиё давлатларининг шаклланиши, ривожланишнинг турли босқичларида интеграция ва парчаланиш тенденциялари, ҳудуд мамлакатларининг бир-бири билан, Россия, Хитой, АҚШ ва бошқа минтақавий кучлар билан ўзаро муносабати очиб берилган. Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларга, давлатимизнинг иқтисодий тикланиш эҳтиёжига алоҳида эътибор қаратилган. 

Бундай қўлланма жадал ривожланаётган бошқа давлатлар учун ҳам жуда фойдали бўлиши мумкин. 

Наби Зиядуллаев билан боғланганимизда унинг жавоби қисқа бўлди:

- Аввало, ҳаммаси учун катта раҳмат! Бу қарийб 30 йиллик орзуим эди. Бинобарин, мен доимо жонажон Ўзбекистоним манфаати учун хизмат қилганман! Мен бахтлиман. Зеро, келажакка умид билан қарайдиган, танамизга қўшимча куч-қувват бахш этадиган, бизни янада ёшартираётган юртим, халқим билан чексиз фахрланаман!

Фурсатдан фойдаланиб, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги жамоаси Наби Зиядуллаевни юксак мукофот билан яна бир бор табриклаб, унга мустаҳкам соғлиқ, улкан ижодий муваффақият тилайди.

И.Абдухолиқов, ЎзА