Германиянинг Мюнхен шаҳри аэропорти бир неча дрон кузатилгач, парвозларни тўхтатди, деди полиция вакили жума куни эрталаб AFP мухбирига.
Расмийлар баёнотида айтилишича, пайшанба куни кечқурун Мюнхендан учадиган 17 рейс бекор қилингани 3000 га яқин йўловчига таъсир қилган. Шунингдек, 15 рейс бошқа шаҳарлар, жумладан Штутгарт, Нюрнберг, Вена ва Франкфуртга йўналтирилган.
Жабрланган йўловчиларга йиғма сўри, кўрпа-тўшак, ичимлик ва енгил егулик таклиф қилинган.
Самолётлар ҳаракати қачон тикланишига аниқлик киритилмаган.
- Бир неча киши пайшанба куни маҳаллий вақт билан соат 19:30 атрофида аэропорт узра учаётган дронларни пайқаб қолган ва бир соатдан кейин иккала учиш-қўниш йўлаги бир соатга ёпилган, - деди полиция вакили.
Мутахассислар ҳодиса сабабини аниқлаш учун қидирув ишларини бошлади.
Полиция вертолётлари жалб қилинди, бироқ ҳозирча “дронлар тури ва сони ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқ”, деди масъул идора матбуот котиби.
Ҳодиса ҳар куни Мюнхенга юз минглаб одамни жалб қиладиган Германиядаги "Октоберфест" анжумани сўнгги дам олиш кунларидан олдин содир бўлди.
Маълумки, Европа Иттифоқига аъзо 27 давлат пайшанба куни Копенгагенда йиғилиб, “дрон девори” яратиш орқали тузилма мудофаасини кучайтириш мавзусини муҳокама қилди.
Немис расмийлари ўтган ҳафта мамлакат бўйлаб, жумладан ҳарбий ва саноат объектлари устидан учувчисиз учоқлар тўдаси ўтганини даъво қилиб, дрон таҳдиди кучайишидан огоҳлантирган эди.
Ички ишлар вазири Александр Добриндт таъкидлашича, ГФР "бу гибрид таҳдидга янги жавоб топиши, жумладан ўзи учар қурилмаларни уриб тушириши керак".
М.Пирматова, ЎзА