Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Музокара санасини айтиш мушкул...
12:41 / 2023-06-05

Россия-Украина

АҚШ ҳозирча Украина атрофидаги зиддият бўйича музокара ўтказиш муддатини тайинламайди, бу жанговар ҳаракатнинг боришига боғлиқ. Айни масалада Америка Президентининг Миллий масалалар бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливан “CNN” телеканалига интервьюсида, жумладан, шундан деди:

- Бундай муддат ҳақида гапириш ўринсиз, уруш олдиндан айтиб бўлмайдиган воқелик. Музокара ўтказилиши кўп жиҳатдан жанг майдонидаги вазиятга боғлиқ. Президент Зеленский айтганидек, ҳаммаси дипломатия воситачилигида тугайди.

Унинг сўзларига кўра, АҚШ тинчликнинг фундаментал тамойилига асосланган адолат тарафдори эканига ишонади. Бу “БМТ Низомида мустаҳкамлаб қўйилган суверенитет ва ҳудудлар бутунлиги тамойилидир”.

Салливан Қўшма Штатлар Украинанинг қарши ҳужуми муваффақиятли чиқишига ишонишини таъкидлади.

“Биз жанг майдонида кўпроқ омадга эришиши учун Киевни қўллаб-қувватлашда давом этамиз”, дея қўшимча қилди у.

Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоған, дон масаласи каби, Украина низосини ҳал этишда ҳам воситачи бўлиши мумкин. Бу ҳақда Венгрия Бош вазири Виктор Орбан баёнот берди.

Украина разведкаси ва ҳукумати вакиллари иштирок этган йиғилишда бошқа мамлакатлар томонидан Россияга нисбатан қўлланилган санкцияга риоя қилинмаётгани таҳлил қилинди. Зеленский ижтимоий тармоқдаги саҳифасида ёзишича, Киев “санкцияга итоат қилмаётган, кўрсатмани бажаришга йўл бермаётган мамлакатларни аниқ билиб турибди”.

Аввалроқ Украина етакчиси Россияга қарши санкция ишламаётгани тўғрисида гапираверишдан чарчаганини иддао қилиб, бундай мамлакатларга қарши очиқ чора кўришга чақирган эди.

Бельгия ҳукумати яқин кунларда Киевга жўнатилган қурол-яроғдан Белгород вилоятини ўққа тутишда фойдаланилгани тўғрисида изоҳ бериш бўйича талабнома йўллашини маълум қилди. Бу ҳақда “Le Soir” газетаси ўз манбаларига таяниб хабар берди. Ахборотда айтилишича, мамлакат мудофаа вазири Людивин Дедондер ва ТИВ раҳбари Ажа Лабиб Киевга юборилган қурол-аслаҳа Россия ҳудудида қўлланмаслигини таъкидлаган.

“Ушбу воситалар фақат мамлакатнинг ўз ҳудудида, аҳолини муҳофаза қилишда қўлланиши мумкин”, деди у.

Кўрик давомида Киевдаги бомбадан сақланиш бошпаналарининг ярмидан кўпи ишламаётгани аниқланди, дея хабар берди Украина стратегик тармоқлар вазири Александр Камишин. “Страна” нашрида эълон қилинган текшириш натижасига кўра, мавжуд мингдан зиёд бошпананинг 11 фоизи умуман ишламайди, 33 фоизи фойдаланишга яроқсиз ҳолга келган.

Украина давлат чегара хизмати ҳар куни сарҳадни ноқонуний кесиб ўтаётган 20 нафарга яқин одамни ушлаб қолмоқда. Бундан ташқари, тахминан, 150 киши мамлакатни тарк этиш сўровига рад жавобини олмоқда. Бу маълумотларни Давлат чегара хизмати вакили Андрей Демченко келтирган.

Унинг сўзларига кўра, турмуш ўртоғи, ота-онаси вафот этган, 18 ёшгача уч фарзанди бор, шунингдек, тиббий хулосага кўра, ҳарбий хизматга нолойиқ топилган эркаклар мамлакатни тарк этиш ҳуқуқига эга.

Аброр ХОН,

ЎзА