Мужибилло Турсуновнинг WBC Гран-присидаги финал жанги санаси эълон қилинди
Саудия Арабистонининг Ар-Риёд шаҳрида бокс бўйича WBC Гран-присининг ҳал қилувчи финал босқичи жорий йил декабрь ойида ўтказилиши маълум қилинган эди.
Қувонарли жиҳати, мусобақанинг супер енгил вазн тоифасидаги ҳал қилувчи беллашувида юртимиз вакили Мужибилло Турсунов иштирок этади. Жанг 20 декабрь куни бўлиб ўтиши белгиланган бўлиб, унда ҳамюртимиз колумбиялик Карлос Утрияга қарши рингга кўтарилади.
Маълумот учун, Турсунов ярим финалда украиналик Данило Лозан билан 6 раундлик тўлиқ жанг ўтказиб, 57:57, 59:55 ва 58:56 ҳисоблари билан зафар қучган. Карлос Утрия эса 1/2 финал босқичида ЖАР вакили Нтетело Нкосини биринчи раундда нокаутга учратган эди.
Дарвоқе, Мужибилло бугунга қадар профессионал боксда 9 та жанг ўтказиб, уларнинг барчасида ғалаба қозонган бўлса, Карлос 13 та беллашувни ўз фойдасига ҳал этган.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА