Мамлакатимизда музейлар фаолиятини қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратиб келинади. Таъкидлаш лозимки, музейлар аждодларимиздан мерос бўлган бойликларни келажак авлодга етказиб берадиган илмий, маънавий-маърифий маскан. Юртимизнинг барча музейларида миллионлаб мафтункор ва қизиқарли экспонатлар кўргазмага қўйилган.
Музейлар фаолияти ривожида малакали кадрларни тайёрлаш, илмий ходимларни етказиб бериш долзарб аҳамият касб этади. Зеро, музейларда сақланаётган тарихий, илмий манбаларни тадқиқ этиш, ўрганиш, уларни сақлаш ва рақамлаштириш борасидаги ишлар ўз соҳасининг устаси бўлган мутахассислар билан чамбарчас боғлиқ. Бу борада Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти проректори Дилафрўз Қурбонова ЎзА мухбирига ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди:
— Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти бадиий таълим йўналишига ихтисослаштирилган олий таълим даргоҳи ҳисобланади. Жумладан, музейшунослик бўйича республикамизда ягона бўлган олий таълим маскани. Сабаби, даргоҳимизда музейшунослик йўналиши бўйича бакалавр, магистратура ва ундан кейинги босқичларда кадрлар тайёрланади.

Бугунги кунда институтимиз юртимиздаги бир қатор музейлар билан ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйган. Хусусан, энг қадимий, тарихий бой меросни ўзида жамлаган Ўзбекистон тарихи давлат музейи билан ҳамкорлик мунтазам равишда олиб борилмоқда. Яъни, мазкур музейда институтимизнинг музейшунослик кафедраси филиали ташкил этилган. Талабаларимиз институтда музейшунослик, санъатшунослик йўналишлари бўйича назарий билимларни олсалар, амалиёт билан боғлиқ бўлган кўникмаларни, музейшунослик йўналишида ўқитиладиган фанларни музейда, экспозициялар билан биргаликда мустаҳкамлаб келмоқда. Бу эса талабаларда таълим ва ишлаб чиқариш интеграциясини йўлга қўйишда жуда катта кўприк вазифасини бажаради.

Шу билан бирга, Темурийлар тарихи давлат музейи, Шаҳидлар хотираси музейи, Адабиёт музейлари билан ҳамкорликда ишлар олиб борилади. Бу ердаги мутахассислар талабаларимизга дарс бериб келишади.
Бундан ташқари, ҳар йили Халқаро музейлар куни муносабати билан ушбу музейлар билан ҳамкорликда турли давра суҳбатлари, учрашув ва мулоқотлар, конференциялар ўтказиб келамиз. Мазкур конференцияларда музейшунослик фанининг бугунги кундаги долзарб вазифалари, муаммо ва ечимлари, таълим билан боғлаш каби долзарб масалалар муҳокама қилинади. Конференция материаллари алоҳида тўплам сифатида чоп этилади.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, институтимиз музейлар билан ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйгани таълим даргоҳимизнинг музейшунослик йўналишида тайёрланаётган кадрларнинг иш билан таъминланишида ҳам муҳим ўрин тутади. Талабаларимиз олий таълим даргоҳида олган назарий билимларини ўзларига таниш бўлган музейларда қўллаган ҳолда иш фаолиятини олиб боради. Республикамиздаги барча музейларда кадрларимиз илмий ходим ва бошқа турли лавозимларда ишлаб келишмоқда.
Муҳтарама Комилова ёзиб олди.
ЎзА