Самарқанд шаҳридаги "Ипак йўли" халқаро туризм ва маданий мерос университетида “Музейшунослик ва археология тадқиқотлари: долзарб муаммолар ва замонавий ечимлар” мавзусида халқаро форум бошланди.
Икки кунлик форум доирасида илмий-амалий конференция, кўп жилдли каталог тақдимоти, кўргазма-савдолар, театрлаштирилган концерт-томоша дастурлари ташкил этилади. Бугун, форумнинг биринчи иш кунида Маданий мерос агентлиги, Ўзбекистон фанлар академияси ҳамда хорижий ҳамкорлар иштирокида “Музейлар – маданий мероснинг муҳим манбаи: анъаналар ва янгиланишлар” халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтмоқда. Унда Маданий мерос агентлиги, Самарқанд археология институти, Ўзбекистон фанлар академияси Милллий археология маркази, Олий ўқув юртлари, давлат музейлари ходимлари ва бошқа илмий жамоатчилик ходимлари, Қозоғистон, Россия, Франция, Италия каби давлатлардан олимлар иштирок этмоқда.
[gallery-12041]
Мазкур халқаро конференциядан кўзланган мақсад музейшунослик ва археология соҳасини кенг тарғиб қилиш, соҳадаги илмий ўрганиш ва изланишларни ҳамкорликда амалга ошириш, ўзаро тажриба алмашиш, музейшунослик соҳасида тараққий этган ва уларнинг улуши иқтисодиётга сезиларли фойда келтираётган мамлакатлар тажрибасини ўрганиш, ўзбек халқ миллий маданияти анъаналарини намойиш этиш орқали сайёҳларни жалб қилиш, шунингдек, нафақат Ўзбекистон, балки бутунжаҳон музейшунослиги ҳамда археология соҳасида мавжуд муаммоларни аниқлаш, уларнинг ечими юзасидан мутахассислар олдида турган устувор вазифаларни белгилашдан иборат.
Ғ. Ҳасанов,
А. Исроилов (сурат), ЎзА