Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Музейларга йиллик ташрифни 5 миллионга етказиш мақсад қилинган
11:23 / 2023-11-24

“Ўзбекистон – 2030” стратегиясида маданий меросни муҳофаза қилиш, илмий ўрганиш ва оммалаштириш билан боғлиқ фаолиятни янада такомиллаштириш мақсадида бир қатор устувор чора-тадбирлар белгилаб берилган.

Унга кўра, келгусида камида 3 та ноёб номоддий маданий мерос намунасини ЮНЕСКОнинг халқаро рўйхатларига киритишга эришиш, 30 тадан ортиқ номоддий маданий мерос элементини чуқур илмий тадқиқ этиш, 158 та маданий мерос объектини асрашга доир ишларни бажариш, музейларга йиллик ташрифни 5 миллионга етказиш ҳамда 2,5 миллион музей ашёсини рақамлаштириш режалаштирилган.  

Маданий мерос агентлиги томонидан бу борада қандай амалий ишлар бажарилди?  

Агентлик директори Баҳодир Абдикаримов маълумотларига кўра, республикадаги 60 та маданий мерос объекти ва 7 та  музейнинг  реставрация ва таъмирлаш-тиклаш ишлари учун лойиҳа-смета ҳужжатлари ишлаб чиқилди ҳамда давлат экспертизасидан ўтказилди. Бугунги кунда мазкур объектларни таъмирлаш-тиклаш юзасидан пудрат шартномалари расмийлаштирилиб, ишлар бошлаб  юборилган.  

Қайд этилишича, археология ёдгорликларида илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш учун рухсатнома расмийлаштириш, илмий-тадқиқот ишларини олиб  бориш, археология ёдгорликларини музейлаштириш чораларини кўриш йўналишида ҳам самарали  ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, Самарқанд вилояти, Булунғур туманида жойлашган “Шероз қалъа”, Қорақалпоғистон Республикаси Тўрткўл туманида жойлашган “Қўйқирилганқалъа”, Сурхондарё  вилояти Шўрчи туманида жойлашган “Далварзинтепа”, Андижон вилояти Марҳамат туманида жойлашган “Мингтепа”, Тошкент шаҳри Чилонзор туманида жойлашган “Оқтепа” археология объектларида археологик қазув ишлари учун рухсатномалар   расмийлаштирилди.  

Давлат музейларидаги электрон идентификация қилинадиган музей ашёлари ва музей коллекциялари сони оширилади. Ҳозирда давлат музейлари фондларидаги музей ашёлари ва коллекциялари сони 2 миллиондан зиёдни (2 525 023тани) ташкил этади. Шундан, бир миллион саккиз юз мингдан ортиғи (1 815 211таси) асосий фондда,  етти юз ўн мингга яқини (709 812 таси) илмий-ёрдамчи фондда  сақланмоқда. 82 минг 67 таси музей экспозицияларида намойиш   қилинмоқда.  

Жорий йилда Ўзбекистон Республикаси миллий музей фонди давлат каталогига (goskatalog.uz) 1 миллион 300 га яқин (1 281 337 дона) музей ашёси ва коллекцияси киритилди. Йил якунига қадар  қўшимча 100 мингга яқин музей ашёси киритилиши режалаштирилмоқда.  

2023 йил якунига қадар давлат музейларига ташриф буюрадиган маҳаллий ва хорижий сайёҳлар оқимини 3 миллион нафарга  етказиш, 2024 йилда эса ташрифчилар сонини 4 миллион нафарга етказиш мақсад қилинган.  

Сўнгги йилларда археология объектларида илмий-тадқиқот ишларини амалга ошириш борасидаги ишлар жадаллашди. Хусусан,  2023  йилда  70  та Археология  объектида илмий-тадқиқот ишлари  амалга  оширилди. Шу билан бирга, 2024  йилда 110 та археология  объектида илмий-тадқиқот ишларини бажариш режалаштирилган.  

Шунингдек, 2023 – 2024 йиллар давомида жами 16 та музей биносида таъмирлаш-тиклаш ишлари олиб борилади.  

 

Муҳайё Тошқораева,  

ЎзА