Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Музейларга саёҳат қилишнинг имконияти
20:05 / 2021-10-30

Ўзбекистон Бадиий академиясида “Ўзбекистон – Россия музейлар “Rоаd-shоw” маърифий лойиҳаси тақдимоти бўлиб ўтди.

Унда Россия Федерациясининг Маданият вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Туризм ва спорт вазирлиги, Маданий мерос агентлиги, шунингдек, иккала давлатнинг етакчи музейлари вакиллари иштирок этди.

Тадбирда Россия Федерациясининг етакчи музейлари бўлган Третьяков давлат галереяси, А.С.Пушкин номидаги давлат тасвирий санъат музейи, Давлат марказий кино музейи, Россия этнография музейи, Шарқ давлат музейи, “Прохоровское поле” музей-қўриқхонаси, Ғалаба музейи, "Ленинград мудофаа ва қамал" давлат мемориал музейи, Россия давлат музейи фаолияти тақдимоти бўлиб ўтди.

Тадбирда Россия Федерациясидаги  турли экспонатларга бой музейларнинг етакчи мутахассислари ва раҳбарлари ўз музейлари фаолиятини таништирдилар.  Икки мамлакат ўртасидаги музейшунослик ишларини такомиллаштириш имкониятлари тўғрисида батафсил сўз юритилди.

Тақдимот маросимида Россиядаги галереялар ва санъат музейлари, машҳур Третьяков галереяси,  яна бир қатор маданият марказлари ҳақида  видеослайдлар намойиш этилди.

Ўзбекистонда ҳам Иккинчи     жаҳон уруши хотираларидан сўзловчи  бой экспонатларни ўзида жамлаган “Шон-шараф музейи”  нисбатан янги музей саналади.  Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан оғир пандемия шароитида барпо этилган ушбу музей одамларни тинчликка, шукроналикка, осойишта кунлар учун мудом миннатдор яшашга ундовчи ўзига хос табаррук масканга айланиб улгурди.

Анжуман иштирокчилари Ўзбекистонда ҳам  Иккинчи жаҳон уруши билан боғлиқ экспонатларни жамлаган ушбу  музейнинг барпо этилиши ва умуман, машаққатли йилларда Ўзбекистон халқининг минглаб бошқа миллат вакилларига  нон, туз, бошпана, меҳр ва ғамхўрлик  бергани  хусусида  ҳурмат ва эҳтиром билан сўз юритдилар.

Анжуман доирасида  музейшунослик билан боғлиқ кўп фикрлар тилга олинди. Келгусида амалга оширилажак вазифалар тўғрисида тўхталиб ўтилди.

Айни вақтда Ўзбекистонда ҳам кўплаб музей ва уларнинг филиаллари фаолият олиб бормоқда. Уларда янги музейшунослар авлоди  вояга етаяпти, тадқиқотчиларимиз соҳага доир янги изланишлар олиб боришга интилаяпти.

Тадбирда "Кино музейи намойиш этади..." номли кўргазмавий тақдимот бўлиб ўтди. Унда Россия Федерацияси Маданият вазирлигининг Давлат марказий кино музейи, ундаги нодир экспонатлар ҳақида сўзловчи кўргазма ташкил этилди.

 

Назокат Усмонова,

 ЎзА