Сергели тумани Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлинмаси хотин-қизлар масалалари бўйича (ИИО ФМБ ҲПБ ХҚМБ) катта инспекторлари ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлар ва Темурийлар тарихи давлат музейларига саёҳат уюштирилди.
Мазкур тадбирга Сергели тумани ҳудудида яшовчи ижтимоий ҳимояга муҳтож, оғир вазиятга тушиб қолган, “Аёллар дафтари” га киритилган хотин-қизлар жалб этилди. Саёҳат давомида берилган маълумотлар, айниқса, 1965 йилда ташкил топган музей экспозицияси Қуролли Кучлар тарихи, Марказий Осиё халқлари ҳарбий санъати, Ўзбекистон Республикаси Қуролли кучлари ривожланишининг ҳозирги даври иштирокчиларда катта таассурот қолдирди. Шунингдек, улар Темурийлар тарихи давлат музейидаги буюк саркарда Амир Темурга бағишланган экспозиция, ҳарбий юришлар хариталари, аскарлар сафланишининг схемалари, қурол-аслаҳалар, нишонлар, Темурийлар даври, ўзбек халқининг Иккинчи жаҳон урушидаги иштироки, миллий армиямиздаги қўшин турлари, ҳарбийлар ҳаёти, уларнинг жанговар ва ҳарбий-сиёсий тайёргарлиги ҳақида маълумотга эга бўлишди.
Бундан ташқари, тадбир иштирокчиларига "Ватанпарварлик" ҳафталиги муносабати билан жадидчилик ҳаракати ғояси, мақсад ва вазифаларини изчил ўрганишда янги инсайдлар, ҳаракатнинг маърифат ва ноширлик соҳасидаги ҳиссаси, миллий давлатчилик шаклланиши бўйича ижтимоий-сиёсий саъй-ҳаракатлари ҳамда жадидларнинг илмий ва маданий мероси, уларнинг тадқиқотлари тўғрисида видеоролик намойиш этилди.
[gallery-15625]
Д. Солиҳова, ЎзА