Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Музейлар ҳаётида янги давр бошланди
18:42 / 2022-06-13

Музей – тарих кўзгуси. Ҳар қандай давлат ва халқнинг ўтмиши, маданияти, турмуш тарзи, анъана ва қадриятлари бу масканлардаги тарихий ашёлар, китоблар, экспозиция ва кўргазмаларда акс этади. Музейлар ана шу жиҳатлари билан доим кишиларни, айниқса, сайёҳларни ўзига жалб этиб келган. Қолаверса, бу орқали туризмни ривожлантириш ва иқтисодий манфаатдорликка эришиш мумкин.

Иқтисодиётида туризм етакчи тармоқ ҳисобланган кўплаб мамлакатларда бу имкониятлардан самарали фойдаланилмоқда. Бизда эса, афсуски, бу борада ҳали мақтангулик натижалар кўзга кўринмайди. Давлатимиз раҳбари томонидан жорий йилнинг 27 май куни қабул қилинган “Музейларда хизматлар соҳасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарор ушбу йўналишдаги ишларни такомиллаштириш, музейлар имкониятларидан самарали фойдаланиш учун кенг йўл очди.

Мазкур қарорда белгиланган вазифалар ва уларнинг аҳамияти ҳақида Самарқанд давлат музей-қўриқхонаси бош муҳофизи Маҳмудхон Юнусов қуйидагиларни сўзлаб берди.

– 2021 йил 26 ноябрда “Музейлар тўғрисида” ги қонун янги таҳрирда қабул қилиниши билан мамлакатимиз музейлари ҳаётида янги давр бошланган эди, – дейди М.Юнусов. – Президентимиз томонидан қабул қилинган қарор эса ана шу янги даврнинг асосий йўналишлари белгилаб берилгани билан тарихий аҳамиятга эга бўлди. Қарорда 2022-2023 йиллардан эътиборан давлат музейларида қўшимча хизматлар ташкил этилиши белгиланди. Унга кўра, Самарқанд давлат музей-қўриқхонаси тизимидаги музейларда ҳар ойда камида тўртта – “Музейда тун”, “Open Air Fest” каби кўнгилочар дастурлар, концерт ва томошалар ўтказилиши, ҳар ойда камида беш марта уста-ҳунармандларнинг маҳорат дарслари ташкил этилади. 2022 йил давомида шунингдек, 10 та совға ва сувенирлар дўкони, ҳунармандлар устахонаси ва савдо шохобчалари ташкил этиш, рассомлар, артистлар ва фольклор жамоалари, ҳунармандлар ва фотосессия учун махсус ҳудудлар ажратиш кўзда тутилган. 2023 йилдан эътиборан онлайн дўконлар фаолияти йўлга қўйилади. Айни вақтда мамлакатимиздаги аксар музейлар, шу жумладан Самарқанд давлат музей-қўриқхонаси ҳам асосан кириш чипталари ва экскурсия хизматларидангина фойда олади. Айрим музейлардагина қўшимча сервис хизматлари мавжуд.

Масалан, Мирзо Улуғбек, Афросиёб музейларида келин-куёвлар учун фотосессия хизмати, дурбиндан шаҳарни кузатиш, кафетерий хизмати, сувенирлар ва босма нашрлар дўкони, кинозал хизмати, Амир Темур жоме масжиди ва Амир Темур мақбарасида фақатгина босма нашрлар ва сувенирлар дўкони мавжуд, холос. Яъни умумий ҳисобда йўлга қўйилган хизматлар сони 6 тадан ошмайди. Бундан буён эса музейлар кўрсатадиган хизматлар сони 20 тадан ортиқ бўлади. Қарорда 2022-2024 йилларда ўзбек халқи ва давлатчилиги тарихи, Биринчи ва Иккинчи Ренессанс даврлари, буюк алломалар ҳаёти ва фаолиятига бўлган янги экспозициялар ташкил этиш кўзда тутилган бўлиб, унга кўра 2023 йил август ойига қадар “Афросиёб – Самарқанднинг қадимги ўрни”, “Самарқанд – Амир Темур пойтахти” номли, шунингдек, Мирзо Улуғбек, Қозизода Румий, Ғиёсиддин ал-Коший, Али Қушчи каби алломалар ҳаёти ва ижодига бағишланган экспозициялар ташкил этилиши кўрсатилган.

Бу ўз навбатида Самарқанд музейларининг жозибадорлигини оширади. Чунки Мирзо Улуғбек, Қозизода Румий, Али Қушчи, Ғиёсиддин ал-Коший каби жаҳонга машҳур олимлар ҳаёти ва фаолиятига бағишлаб айни вақтгача махсус экспозициялар ташкил этилмаган. Ёки Амир Темур даврида Самарқанднинг пойтахтга айлантирилиши ва шаҳарда олиб борилган ободончилик ишларига бағишланган экспозиция мавжуд эмас. Ваҳоланки, хорижий сайёҳларнинг аксарияти Амир Темур давлатининг пойтахтини кўриш орзусида Самарқандга келади. 2022-2024 йилларда давлат музейларида ихтисослаштирилган реставрация лабораторияларини ташкил қилиш масаласи ҳам қарорда назарда тутилган.

Ҳозирда республикамиздаги саноқли музейларда таъмирлаш лабораториялари ташкил этилган. Уларнинг ичида фақат Самарқандда таъмирлаш лабораторияси замон талабларига мос равишда жиҳозланган. Бошқа музейларда ҳали ҳам ўтган асрнинг 70-80 йилларида ўрнатилган асбоб-ускуналардан фойдаланилмоқда. Қарорда 2022-2026 йилларда ноёб музей ашёлари ва коллекцияларининг репликацияларини тайёрлаш ҳамда уларни реализация қилиш бўйича ҳам вазифалар белгиланган. Чунки, жаҳон музейшунослик амалиётида ноёб музей ашёларининг нусхаларини тайёрлаб сотиш анчадан буён қўлланиб келинмоқда. Масалан, дунёнинг энг машҳур музейи бўлган Лувр ўз ноёб ашёларининг нусхаларини тайёрлаб сотишни йўлга қўйган. Луврни томоша қилишга борган ҳар бир сайёҳ музейда намойиш этилаётган Хаммурапи қонунлари битилган тош ёки милослик Венара ҳайкали нусхаларини ўша ердаги сувенир дўконларидан сотиб олиши мумкин. Ёки Леонардо да Винчи томонидан чизилган “Мона Лиза” ранг-тасвир асари нусхалари бутун дунё бўйлаб тарқалган. Энди Самарқанд давлат музей-қўриқхонаси фондларида сақланаётган 150 дан ортиқ ашёнинг нусхаларини тайёрлаш назарда тутилган.

Бу ишлар “Ҳунарманд” уюшмаси, Бадиий академия, Санъатшунослик институти билан ҳамкорликда амалга оширилади ва музей ашёлари нусхалари тизимда мавжуд музейлардаги сувенир дўконлари орқали сотилади. Қарорда музейлар соҳасида халқаро ҳамкорликни кенгайтириш ва ривожлантириш масалалари ҳам ўрин олган. Жумладан, Самарқанд давлат музей-қўриқхонаси Россиядаги Гатчина ва Царицино музей-қўриқхоналари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш кўзда тутилган. Бундан ташқари, музейларда илғор хорижий намуналар асосида маркетинг ва хизматлар соҳасини ривожлантириш мақсадида катта амалий тажрибага эга бўлган консалтинг хизмати компанияларини жалб қилиш, музейлар ва уларнинг ҳудудларида босқичма-босқич “Музей-ресторан” ёки “Музей-кафе”лар ташкил этиш, “музей вагон” номли кўчма кўргазмалар ташкил қилиш, музейларнинг ноёб ашёлари ва коллекциялари каталогларини тайёрлаш, нашр қилиш ҳамда китоб дўконларида уларнинг сотувини йўлга қўйиш, музейлар фаолияти ва музей ашёлари тарихига бағишланган кўрсатувлар ва реклама роликларини тайёрлаш каби вазифалар ҳам белгиланган. 2023-2026 йилларда музейлаштириладиган археология ёдгорликлар ҳам қарорда белгиланган бўлиб, унга кўра Самарқанд вилояти Булунғур туманидаги Шерозқалъа археологик ёдгорлиги музейлаштирилади.

Жаҳон тажрибасида археологик ёдгорликларни музейлаштириш аллақачон замонавий музей амалиётининг ажралмас қисмига айланиб улгурган. Қарорда ушбу йўналишдаги ишларни босқичма-босқич давом эттириш назарда тутилган. Бу саъй-ҳаракатларнинг барчаси музейлар фаолиятини бугунги кун талабларидан келиб чиқиб ташкил этиш ҳамда уларнинг иқтисодий аҳволини яхшилаш, юртимиз ва халқимиз тарихи, маданияти, бой моддий ва маънавий меросини дунё миқёсида кенг тарғиб этишга хизмат қилади. Айни пайтда Туризм ва маданий мерос вазирлиги ҳузуридаги маданий мерос агентлиги томонидан мазкур қарорни амалга ошириш юзасидан чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилиб, амалиётга татбиқ этилмоқда.

ЎзА мухбири Ғ.Ҳасанов ёзиб олди