Сирдарё вилояти божхона бошқармаси ҳамда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг вилоят бошқармаси ҳамкорлигида Сирдарё туманидаги “Мурувват” аёллар интернат уйида яшовчи фуқаролар учун навбатдаги маданий-маърифий тадбир ўтказилди. Ушбу ташаббус доирасида интернат фуқаролари Гулистон шаҳридаги Сирдарё вилояти тарихи ва маданияти давлат музейига саёҳат қилдилар.
Ташриф чоғида иштирокчилар музей экспозицияларида намойиш этилган тарихий ёдгорликлар, миллий қадриятларни ифодаловчи артефактлар, халқ амалий санъати намуналари, қадимий қўлёзмалар ҳамда археологик топилмалар билан яқиндан танишдилар. Музей ходимлари уларга вилоятнинг кўҳна тарихи, маданий мероси, турли даврларга оид артефактлар ва музейда олиб борилаётган илмий-тадқиқот ишлари ҳақида атрофлича маълумот беришди.

– Маданий-маърифий сафар иштирокчилар учун нафақат билим, балки янги таассуротлар манбаи бўлди, – дейди музейнинг илмий ходими Анорбой Норқулов. – Аёллар интерактив кўргазмалар орқали тарихий жараёнларнинг бир қисмига айлангандай ҳис қилишди. Кенг қамровли маълумотлар эса уларнинг маданият ва тарихга бўлган қизиқишларини янада оширди.
Ташкилотчиларнинг таъкидлашича, ушбу саёҳат интернат уйида яшовчи аёлларнинг дунёқарашини кенгайтириш, ижтимоий фаоллигини ошириш ва уларда маънавий кўтаринкиликни мустаҳкамлашга қаратилган комплекс дастурнинг муҳим бўғини ҳисобланади.


Ғулом Примов, ЎзА мухбири