Самарқанд шаҳридаги Ўзбекистон маданияти тарихи давлат музейида буюк мутафаккир, давлат арбоби Алишер Навоий таваллудининг 585 йиллиги муносабати билан “Навоий ва унинг асарлари рассомлар талқинида” деб номланган кўргазма ташкил этилди.
Самарқанд давлат музей-қўриқхонаси тасвирий санъат фондида сақланаётган 20 дан ортиқ рангтасвир асарлари намойиш этилаётган кўргазмадан В.Бохан, Н.Прашенок, Ю.Усаковский каби машҳур рассомлар билан бирга ёш ижодкорлар томонидан ишланган Алишер Навоий портретлари, аллома томонидан ёзилган асарларга ишланган миниатюралар жой олган.
[gallery-27557]
Бугун мазкур кўргазма намойишида Самарқанд шаҳридаги 49-умумтаълим мактаби ўқувчилари Алишер Навоий ҳаёти ва ижодига бағишланган саҳна кўринишларини тақдим этди. Улуғ мутафаккир таваллудига бағишланган маънавий-маърифий тадбирни ўтказишдаги ҳамкорлиги учун ўқувчиларга Самарқанд давлат музей-қўриқхонаси тасарруфидаги музейларга бир йил давомида бепул кириш имкониятини берувчи сертификатлар топширилди.
– Мактабимиз Ўзбекистон маданияти тарихи давлат музейига яқин ҳудудда жойлашгани учун яқин ҳамкорлик йўлга қўйилган, – дейди Самарқанд шаҳридаги 49-умумтаълим мактабининг она тили ва адабиёти фани ўқитувчиси Дилдора Бўтаева. – Ўқувчиларга тарихий шахсларни танитишда музей залларидаги экспонатлар алоҳида аҳамиятга эга. Бугунги кўргазма ҳақида эшитиб, ўқувчиларимиз билан Алишер Навоий ҳаёти ва ижодига оид саҳна кўриниши тайёрлаб келдик. Тадбирда иштирок этиш баробарида кўргазма қўйилган суратлар, миниатюраларни томоша қилдик. Ўз навбатида музейнинг доимий кўргазмаларини ҳам кўздан кечириб, юртимизнинг бой маданий мероси намуналари билан танишдик. Энг муҳими, 23 нафар ўқувчимизга музей маъмурияти бир йил давомида Самарқанд давлат музей-қўриқхонаси тасарруфидаги музейларга бепул кириш имконини берувчи сертификатларни тақдим этди. Улар энди йил давомида юртимиз тарихига оид билимларини музейларга ташриф буюрган ҳолда бойитиб боради.
Вилоятда Алишер Навоий таваллудининг 585 йиллигига бағишланган тадбирлар давом этмоқда.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари