Музейбоп буюмларни тўплашга фармон берган хонни биласизми?
1898 йил (бундан 122 йил олдин) – Хива хони Муҳаммад Раҳимхон II хонлик ҳудудидаги қадимдан қолган музейбоп буюмларни тўплашга оид фармон чиқарди.
ЎЗБЕКИСТОН ТАРИХИДА
12 апрелда юз берган воқеалар
1898 йил (бундан 122 йил олдин) – Хива хони Муҳаммад Раҳимхон II хонлик ҳудудидаги қадимдан қолган музейбоп буюмларни тўплашга оид фармон чиқарди. Хон вилоят ҳокимларига шундай буйруқ берди: “Қадимдан қолғон ёдгор нимарсаларни йўқ қилдирмасунлар, ҳар бир тариқа кўҳна жой ва қалъа ва иморатлар бўлса, не тариқа бино бўлғонларини ва кўҳна тилла ва фуллар бўлса борлаб, топиб мунда юборсинлар”.
Шу туфайли Хоразм осори-атиқалари 1890 йил Тошкентда, Парижда, 1895 йил Нижний Новгородда ўтказилган Бутунроссия кўргазмасида, 1904 йил Американинг Миссури штатининг Олои шаҳрида ўтган халқаро кўргазмаларда намойиш қилинган
1942 йил (бундан 78 йил олдин) – Чирчиқда Ленинграддан эвакуация қилинган “Электропульт” заводи негизида “Электрошит” номли завод ташкил этилди (ҳозирги “Чирчиқ трансформатор заводи” акциядорлик жамияти).
1973 йил (бундан 47 йил олдин) – Жиззах вилоятидаги Зафаробод тумани ташкил этилди, шунингдек, Андижон вилоятидаги Жалолқудуқ, Самарқанд вилоятидаги Пахтачи, Фарғона вилоятидаги Тошлоқ, Тошкент вилоятидаги Чиноз туманлари қайтадан тузилди.
1995 йил (бундан 25 йил олдин) – Тошкентда Германиянинг “Алкатель” фирмаси иштирокида монтаж қилинган беш минг рақамга мўлжалланган Ўзбекистонда биринчи рақамли электрон АТС фойдаланишга топширилди.
2002 йил (бундан 18 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
2018 йил (бундан 2 йил олдин) – Ўзбекистон Республикасининг “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинди.
ЖАҲОН ТАРИХИДА
1876 йил (бундан 144 йил олдин) – немис исломшуноси ва давлат арбоби Карл Генрих Беккер дунёга келди (вафоти – 1933 йил). У 1910 йилда “Ислом” журналига асос солган ва унинг бош муҳаррири бўлган. Беккер Пруссия маданият вазири лавозимида ишлаган, Педагогика академиясига асос солган.
1903 йил (бундан 117 йил олдин) – голланд иқтисодчиси, ҳозирги замон математик экономия вакилларидан бири, Нидерландия Фанлар академияси аъзоси Ян Тинберген таваллуд топди (вафоти – 1994 йил). У 1969 йилда Р. Фишер билан биргаликда иқтисодиёт соҳасидаги биринчи Нобель мукофоти лауреати бўлган.
1903 йил (бундан 117 йил олдин) – Лондонда ички ёнув двигателига эга дунёдаги биринчи шаҳар автобуси фаолият бошлади.
1927 йил (бундан 113 йил олдин) – Чан Кайши Хитойда аксилинқилобий тўнтариш қилди.
1961 йил (бундан 59 йил олдин) – космонавт учувчи, Қаҳрамон, полковник Юрий Гагарин (1934–1968) “Восток” номли тарихдаги биринчи космик кемада парвоз қилиб, 1 соат 48 дақиқада Ер шарини айланиб учди. Шу тариқа Юрий Гагарин дунёда биринчи бўлиб космик фазога парвоз қилди.
2001 йил (бундан 19 йил олдин) – америкалик рассом, смайлик ихтирочиси Харви Болл вафот этди (таваллуди – 1921 йил). 1963 йилда Америка компанияларидан бири унга бошқа компаниялардан келиб қўшилган ходимларни руҳлантириш учун нишон тайёрлашга буюртма берди. Шу тариқа барчага маълум бўлган “смайлик” (инглизча “smiley” – “табассумча”)лар дунёга келди. Болл ўзининг бу иши учун 45 доллар ҳақ олган.
Алишер ЭГАМБЕРДИЕВ