Музей маданият кўзгуси, тарихий, моддий ва маънавий ёдгорликларни тўплаш, сақлаш, ўрганиш каби ишларни амалга оширувчи илмий, маърифий-маънавий маскан. У ўзининг экспозиция ва кўргазмалари воситасида илмий ташвиқот ва маънавий тарбия вазифасини бажаради.
Пойтахтимиздаги Темурийлар тарихи давлат музейида ташкил этилган кўргазмаларда Амир Темурнинг тарихдаги ўрни, унинг нафақат буюк ҳарбий саркарда, йирик давлат арбоби, балки теран бунёдкор шахс бўлганлиги ва у асос солган бунёдкорлик фаолияти авлодлар томонидан давом эттирилгани ўз аксини топган. Халқаро музейлар куни муносабати билан Темурийлар тарихи давлат музейига ташриф буюриб, у ерда ташкил этилган баъзи кўргазмалар, экспонатлар ҳақидаги маълумотларимизни янада бойитдик.

– Ушбу музей 1996 йилда Соҳибқирон Амир Темур бобомизнинг 660 йиллик юбилейига бағишлаб қурилган, – дейди музейнинг маънавият ва маърифат бўлими бошлиғи Азизжон Шарипов. – 25 йилдан зиёдроқ давр мобайнида музей темурийлар даврини ўрганиш бўйича алоҳида илмий-тадқиқот маркази ҳам ҳисобланади. Бу ерда кўплаб олимларимиз ҳам фаолият кўрсатмоқда. Хусусан, тарих фанлари доктори Омонулла Бўриев. Бу киши Шарофиддин Али Яздийнинг «Зафарнома» асарини форс тилидан ўзбек тилига таржима қилган, шу кунларда китоб нашрдан чиқиш арафасида. Бундан ташқари, музейимиз Амир Темурнинг 685 йиллик юбилейига бағишлаб «Амир Темур библиографияси» китобини нашрдан чиқарди. Музейимизда юртимизнинг кўплаб нуфузли олий ўқув юртлари талабалари ўз йўналишлари бўйича ўқув амалиётларини ўтайди, очиқ дарслар, тадбирлар ва конференцияларда иштирок этади. Музей фондларини бойитиш мақсадида археологик экспедициялар мунтазам ташкил этиб борилади.
Ўтган йили карантиндан олдин Афғонистон билан ҳамкорликда музейимизда Гавҳаршодбегим халқаро симпозимуни ўтказдик. Унда кўплаб афғонистонлик олимлар иштирок этишди. Улуғбек Мирзонинг онаси Гавҳаршодбегим нафақат аёл, малика, балки илм-фан, маданият ҳомийси бўлган. Ҳиротда жудаям кўплаб иморатлар қурилишида ўз ҳиссасини қўшган. Темурийлар даври тарихимизнинг гултожиси, десак, муболаға бўлмайди. Сабаби Амир Темур бобомиз Иккинчи Ренессанснинг асосчиси ҳисобланади. Бу даврда илм-фан, меъморчилик, тасвирий ва амалий санъат, адабиёт, шеърият, мусиқа санъати юксак даражада тараққий этиб, ўз навбатида «Темурийлар Ренессанси» сифатида шуҳрат қозонишига сабаб бўлди.
Музейнинг тажрибали ходимлари ҳамроҳлигида музей бўйлаб саёҳат уюштирдик ва кўплаб ноёб экспонатларнинг тарихи ҳақида маълумотларга эга бўлдик. Музейнинг биринчи қаватида асосан Амир Темур давридаги экспонатларнинг нусхалари ўрин олган. Мана улардан бири: 1905 йилда Санкт-Петербургдан олиб келинган Қуръони карим китобининг нусхаси. Ушбу тарихий китобнинг нусхаси яратилганига 100 йилдан ошди. Музей бўйлаб саёҳатни давом эттирар экансиз, «Зафарнома» асарига ишланган миниатюрага дуч келасиз. Асли АҚШдаги Метрополитен музейида сақланаётган Ҳусайн Бойқаронинг пиёласидан олинган нусхалар. Эътиборимизни Моворауннахр тахтига ўтириб, давлатни бошқарган Темурий шаҳзодалар –Умрашайх Мирзо (Амир Темурнинг иккинчи ўғли), Халил Султон Мирзо, Улуғбек Мирзо, Абдуллатиф Мирзо, Абдулла Мирзо, Султон Абусаид Мирзо, Султон Аҳмад Мирзо, Умаршайх Мирзо (Бобур Мирзонинг отаси) , Султон Маҳмуд Мирзо, Бойсунғур Мирзо, Бобур Мирзо, Султон Али Мирзоларнинг портретлари тортди. Барчасининг юзида жасурлик, қатъият, ўктамлик ифодаланган.

Яна бир деворда осиғлик турган суратни томоша қилмасликнинг иложи йўқ. Темурийлар даврида Самарқанд бозорининг мой-бўёқдаги картинаси акс этган суратни томоша қилар экансиз, худди ўн бешинчи асрга тушиб қолгандек ҳис этасиз ўзингизни. Мазкур картина Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби, «Шуҳрат» медали соҳиби Алишер Алиқулов томонидан ишланган ранг-тасвир асари. Ҳар битта персонажнинг қиёфаси характерига мос тарзда очиб берилган. Бозор ўртасида бешик кўтариб кетаётган эркак,нарироқда эса ўғлига хуштак сотиб олаётган ота, бозорда ўз савдо-сотиқ ишлари билан шуғулланаётган одамлар ва бозор ҳаёти акс этган.Шердор, Амир Темур, Бибихоним, Улуғбек мақбараларининг турли хил меъморий безак намуналари ҳам музейдан ўрин олган. Ҳарбий анжомлардан қилич, қалқон, юзни қиличдан ҳимоя қилувчи дубулғалар...
Музейнинг иккинчи қаватида Амир Темур шажараси ҳамда элчиларни қабул қилаётган жараён акс этган миниатюра асарлари. Амир Темур ва Султон Маҳмудхон номи билан зарб этилган кумуш ҳамда мис тангачалар. Темур тузуклари китобининг асли. Отлиқлар учун ҳарбий қурол-аслаҳалар. Улуғбек Мирзонинг юлдузлар глобуси. «Тожмаҳал» мақбарасининг Бобурийлар асос солган кўриниши. Шунингдек, турли йилларда Миср, Эрон, Россия, Грузия, Франция, Италия, Испания, каби кўплаб давлатлардан музейга ташриф буюрган давлат раҳбарлари, элчилар ва бошқа ҳукумат раҳбарларининг музей ҳақидаги самимий дастхатлари. Музейга уюштирган ташрифимизнинг хулосаси сифатида дастхатлардан биридаги ёзувни келтирамиз:
«Буюк Амир Темур музейини кўрганимдан ҳайратдаман. Бу ўзбек халқининг буюк тарихидир, бу жуда ажойиб. Ўзбек халқи ўз аждодлари билан фахрланишга тўла ҳақли.
Мен ўзбек халқига тинчлик ва омад тилайман».
Абдул Салом.
Бангладеш элчиси, 25 июнь 2002 йил.
Нигора Раҳмонова, ЎзА