Юртимиз тарихи, халқимизнинг асрлар оша яшаб келаётган қадриятларини ўзида мужассам этган осори-атиқалар, ноёб буюмлар, ёзма манбалар сақланаётган музейлар ҳаётимизда муҳим ўрин тутадиган масканлардан бири ҳисобланади.
Шу боис ҳам, кейинги йилларда мамлакатимизда музейлар инфратузилмасини яхшилаш, моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, энг асосийси, музейларга ташриф буюрувчилар учун қулай шарт-шароитлар яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Андижон вилояти тарихи ва маданияти давлат музейида ҳам бу борада кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.
–1934 йилда ташкил этилган музейимиз 2020-2021 йилларда капитал реконструкция қилиниб, атрофи ободонлаштирилди, инфратузилмаси тубдан янгиланди, – дейди Андижон вилояти тарихи ва маданияти давлат музейи директори Ихтиёржон Расулов. – Ҳозир 156 мингдан зиёд экспонат сақланаётган музейнинг “Жомеъ меъморий обидаси", “Бобур уй-музейи”, “Чўлпон ёдгорлик музейи”, “Қалъа ёдгорлик мажмуаси” бўлимлари ҳамда Пахтаобод туманидаги “Ҳабибий ёдгорлик музейи” филиали фаолият кўрсатиб келмоқда.
Умуман, Андижон вилояти тарихи ва маданияти давлат музейи Фарғона водийси ҳаётига тегишли эрамиздан аввалги палеолит, мезолит, неолит, энеолит, тош ҳамда бронза даврига оид ноёб тошлар, топилмалар, ганчкорлик, хайкалтарошлик ҳунарлари билан боғлиқ, шунингдек, кўплаб ноёб ёзма манбалар сақлаб келинаётган юртимиздаги бой экспонатларга эга музейлардан биридир.
Бугунги кунда музейига ташриф буюрувчилар учун зарур шарт-шароитлар яратилган, Жумладан, музейдаги аксарият экспонатлар халқаро талаблар асосида ойнали ҳимоя воситаси, ёритиш чироғлари билан таъминланди. Хавфсизлик ва ёнғиндан хабар берувчи жиҳозлар, сигнализация, видео кузатув камералари ўрнатилди, Wi-Fi интернет зонаси яратилди. Бундан ташқари, хорижий сайёҳлар учун сувенирлар сотиладиган дўкон ташкил этилди. Бу каби қулайликлар музейга келувчилар оқимининг ортишига хизмат қилмоқда. Масалан, 2019 йилда музейга 70 минг нафар юртдошимиз ташриф буюрган бўлса, 2023 йилда қарийб 110 минг киши, шу жумладан, 200 нафардан ортиқ хорижий сайёҳ музей экспонатлари билан танишган.
Музейнинг ҳар бир бўлими ўзига хос жиҳатларга эга. “Жомеъ меъморий обидаси" бўлимида жойлашган адабиёт ва санъат галереясида тарихимизга оид 20 мингдан зиёд ҳужжат, қўлёзма ва турли даврларда чоп этилган китоблар, шунингдек, Андижон адабий муҳити ва халқ амалий санъатига оид ноёб асарлар, буюмлар ўрин олган.
Таъмирланиб, ишга тушиш арафасида турган, ХIV асрга оид Бобур уй-музейи (Арк ичи) меъморий обидасида Заҳириддин Муҳаммад Бобур ва бобурийлар даври, уларнинг бой ижодий меросига оид манбаалар жой олган. Музейнинг “Қалъа” меъморий ёдгорлигида эса ХIХ аср ва ХХ аср бошларидаги Андижон тарихига, Абдулҳамид Чўлпон ҳамда Зокиржон Ҳабибий ёдгорлик музейларида ўзбек адабиёти ривожига салмоқли ҳисса қўшган ижодкорлар ҳаёти ва фаолиятига оид экспонатлар сақланмоқда.
Музей ҳамда Ўзбекистон Фанлар академияси Самарқанд архелогия институти олимлари ҳамкорлигидаги қўшма илмий экспедиция томонидан Қўрғонтепа туманидаги “Қўштепа” археологик ёдгорлигида олиб борилган қазиш ҳамда илмий-тадқиқот ишлари натижасида юртимизнинг қадим ўтмишига оид 5 мингга яқин сопол буюм топилган. Ана шу топилмалар “Кўхна замин дурдоналари” кўргазмаси доирасида юртимиздаги қатор музейларда кенг жамоатчиликка намойиш этилди.
Юртимиз тарихига оид ана шу муҳим топилмаларни, қолаверса, музейда сақланаётган турли буюмларни илмий жиҳатдан ўрганиш, тадқиқ этиш мақсадида музей маъмурияти нафақат Самарқанд археология институти, балки Хитой Фанлар академиясининг Умуртқали ҳайвонлар палеонтология институти, шунингдек, япониялик олимлар билан ҳам илмий-амалий ҳамкорликни йўлга қўлган.
Музей ходимларининг билим, малака ва тажрибаларини бойитиш, илғор хорижий иш услубларини фаолиятга жорий этиш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Бу борада музей ҳамда Қирғизистон Миллий музейи, Қирғизистон Республикаси Ўш областидаги “Сулаймон-тоо” миллий-тарихий археологик музей комплекси ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланган. Ҳамкорлик доирасида Андижонда “Сулаймон-тоо” – халқаро мерос объекти” номли кўчма кўргазма ўтказилган. Шунингдек, ҳамкорликда қатор семинар ва анжуманлар ўтказиб келинмоқда. Ушбу ҳамкорлик нафақат музейлар ҳамкорлигини, балки икки қўшни халқ ўртасидаги маданий-тарихий ҳамкорлик ришталарини мустаҳкамлашга, сайёҳлар оқимининг кўпайишига хизмат қилмоқда.
[gallery-16897]
Бундан ташқари, музейнинг бир гуруҳ ходимлари Ҳиндистон Миллий музейида бўлиб, иш тажрибалари билан танишиб қайтди. Ҳиндистон музейлари билан ҳамкорликни давом эттириш, жорий йилда Ҳиндистон Миллий музейи ҳамда Гужарат Миллий музейи билан ҳамкорлик меморандумини имзолаш режалаштирилган.
<iframe width="932" height="524" src="https://www.youtube.com/embed/qDKc_gJHB3o" title="Muzey – tarix koʻzgusi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Бир сўз билан айтганда, тарихимиз кўзгуси бўлган Андижон вилояти тарихи ва маданияти давлат музейи фаолиятини, имконияти ва салоҳиятини янада юқори босқичга кўтариш бўйича зарур барча ишлар олиб борилмоқда.
Фахриддин Убайдуллаев,
Зуҳриддин Умрзоқов (сурат, видео), ЎзА мухбирлари