Сўнгги йилларда юртбошимиз томонидан музейларга катта эътибор берилмоқда. Янги музейлар ташкил этилмоқда, таъмирталаб музейлар капитал таъмирланмоқда.
Маданий мерос агентлиги томонидан 2025 йил сарҳисоби бўйича республикамиздаги вилоят музей раҳбарлари, Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти раҳбарлари иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди. Шунингдек, пойтахтдаги музейларга саёҳат уюштирилди.

Айниқса, Ислом цивилизацияси маркази музейи барчамизда катта таассурот қолдирди. Марказ музей экспозицияси “Исломдан аввалги цивилизациялар”, “Биринчи Ренессанс даври”, “Иккинчи Ренессанс даври”, “Ўзбекистон — ХХ асрда”, “Янги Ўзбекистон — Учинчи Ренессанс пойдевори”, “Қуръони карим” залларидан иборат. Ушбу бўлимлар юртимиздаги цивилизация ривожланишининг турли даврларини акс эттиради.

Мазкур даврлар тарихи турли ашёлар, қўлёзма манбалар, суратлар ва мультимедиа воситалари орқали намойиш этилган. Хоразмий, Фарғоний, Форобий, Беруний, Ибн Сино, Бурҳониддин Марғиноний, Маҳмуд Замахшарий, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий, Бобур, Али Қушчи каби аллома ва мутафаккирларнинг серқирра фаолияти ҳақида маълумот берилган.

Абу Ҳафси Кабир, Имом Бухорий, Имом Термизий, Ҳаким Термизий, Абу Мансур Мотуридий, Абул-Муин Насафий, Қаффол Шоший, Абдулхолиқ Ғиждувоний, Нажмиддин Кубро, Баҳоуддин Нақшбанд, Хўжа Аҳрор Валий каби уламоларнинг ислом маърифатига қўшган ҳиссаси атрофлича ёритилган.

Мажмуада Бибихоним, Хонзода бегим, Гавҳаршод бегим, Гулбадан бегим, Нодира бегим, Увайсий, Анбар Отин каби тарихимизда чуқур из қолдирган машҳур аёлларнинг илм-маърифат ҳомийси сифатидаги фаолияти ҳам ўз ифодасини топган. Бу менда ўзига хос таассурот уйғотди.

Экспозициянинг марказида Қуръони Карим зали бунёд этилган. Бу ерда мусулмон дунёсининг маънавий дурдонаси — қадимий Усмон мусҳафи жойлаштирилган. Шунингдек, сомонийлар, қорахонийлар, хоразмшоҳлар, Ўзбекхон, темурийлар ва бошқа тарихий сулолалар даврида яратилган Қуръони Каримнинг қўлёзма нусхалари ва уларнинг эски ўзбек тилидаги таржималари қўйилган. Қуръоннинг жаҳондаги энг нодир қўлёзмаларидан намуналар ҳам ўрин олган.
Музей барча сўнгги технологиялар билан жиҳозланган. “Вақт капсуласи” — ташриф буюрувчилар келажак авлодларга хабар қолдирадиган интерактив лойиҳа бўлиб, унда меҳмонлар ўз фикр-истакларини келгуси авлодларга етказиш имкониятига эга.
“Вақт девори” улкан мультимедиа панел бўлиб, унда замонавий технологиялар ёрдамида турли даврларнинг муҳим тарихий босқичлари, буюк кашфиётлари ва машҳур шахслари жонлантирилган.

Амир Темур сулоласига бағишланган залда Сарой Мулк хоним, яъни Бибихонимнинг қимматбаҳо кўйлаклари макети қўйилган.
Сарой Мулк хоним — тарихда Бибихоним номи билан машҳур бўлган, Амир Темурнинг энг эъзозли ва нуфузли рафиқаси эди. У нафақат сарой ҳаётининг марказида турган аёл, балки бутун Темурийлар давлатининг маънавий тимсоли бўлган.
Тарихий манбаларда Бибихонимнинг махсус маросим кўйлаги алоҳида эътибор билан тилга олинади. Бу кўйлак оддий либос эмас, балки император аёлининг тантанали кийими бўлган. Энг эътиборга молик жиҳати — Бибихонимнинг қизил рангдаги улуғ кўйлаги. Қизил ранг ўша даврда ҳокимият, куч, қон ва олий мартабанинг рамзи саналган.

Бу кўйлак шу қадар улуғвор ва оғир бўлганки, уни 15 нафар хизматчи ушлаб юришга мажбур бўлган. Кўйлакнинг узун этаги ерга тегиб қолмаслиги, матонинг нафислиги ва қимматбаҳо безаклари зарар кўрмаслиги учун ҳар томондан эътибор билан кўтариб юрилган.
Кўйлак зарбоф ва атлас матолардан тикилган, олтин ва кумуш иплар, мураккаб шарқона нақшлар билан безатилган. Бу либос Бибихонимнинг шахсий дидидан ташқари, Темурийлар давлати қудратини бутун дунёга намоён этувчи восита бўлган.
Бибихоним қачон ва қаерга бормасин, унинг қизил кўйлаги узоқдан кўзга ташланиб, давлат шаъни ва аёл улуғлигини намоён этган. Бибихоним кўйлаги — бу шунчаки кийим эмас. Бу — тарихий хотира, аёл қудрати ва буюк салтанатнинг жонли тимсоли.
Гулнора Ражабова,
Сергей Бородин уй-музей директори.