English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Музей экспонатлари 163 тага кўпайди
08:46 / 2022-10-12

Миллат тарихи ва унинг маданиятидан сўзсиз ҳикоя қилувчи маскан – музей. Ўтмиш ҳақида холисона сўз этувчи музейлар, ундаги экспонатлар инсонни бир муддат мозийга чорлагандек бўлади.

Тарих ва маданият акс этган экспонатларнинг ушбу масканда йиғилишида божхона органларининг ҳам ҳиссаси катта.  

Амалдаги қонунчилик талабларига кўра, ишлаб чиқарилганига эллик йил ва ундан кўп бўлган маданий мерос объектларини мамлакатимиз ҳудудидан ташқарига олиб чиқиш таъқиқланади.

Лекин айрим фуқаролар томонидан қонунга хилоф тарзда маданий меросларимизни мамлакат ҳудудидан ташқарига олиб чиқишга уриниш ҳолатлари учрамоқда.

“Нукус аэропорт” чегара божхона пости ходимлари томонидан “Нукус-Москва” йўналишидаги авиарейс билан учиб кетаётган фуқаро ўзи билан  “Б.М Николай император самодержец всеросс” ёзуви бўлган 1 дона қадимий тангани олиб чиқишга уриниш ҳолати аниқланди.

4,29 грамм оғирликдаги қимматбаҳо металл - “олтин”  қотишмасидан ясалган ушбу танга 1901 йилда босиб чиқарилган экан.

Худди шундай яна бир ҳолатда, “Даут-ота” чегара божхона пости орқали қўшни Қозоғистон Республикасига чиқиб кетаётган “Лада-Ларгус” русумли автотранспорт воситаси божхона назоратидан ўтказилганида, жами 8 дона қадимий тангани ноқонуний равишда республикамиз ҳудудидан олиб чиқишга уриниш ҳолати фош этилди.

“Қорақалпоғистон” темир йўл чегара божхона пости ходимлари “Тошкент-Волгоград” йўловчи поездининг 12-вагонида йўловчи бўлиб кетаётган шахс ўзи билан бирга 57 дона қадимий танга ва антиквар шамдонларни олиб чиқишга уринган вақтида тўхтатиб қолди.

Маълумот ўрнида, йил бошидан бери Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси томонидан 20 та ҳолатда 163 дона Маданий бойликлар сирасига кирувчи тарихий ва маданий бойликларнинг божхона чегараси орқали олиб ўтилишига бўлган уринишларга чек қўйилди.

Божхона чегаралари орқали ноқонуний олиб чиқилишига чек қўйилган маданий мерос объектлари Қорақалпоғистон Республикаси тарихи ва маданияти давлат музейига ихтиёрига берилмоқда. 
Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси ходимлари “Маданий бойликларни топшириш, қабул қилиш” далолатномалари асосида Қорақалпоғистон Республикаси Маданий мерос бошқармаси томонидан берилган хулосалар бўйича божхона чегараларида ноқонуний ушлаб қолинган тангаларни музейнинг масъул ходимларига топширди.

Довуд Абибуллаев, ЎзА