Мутахассисларнинг таъкидлашича, барча касалликнинг сабабчиси ҳам сув, давоси ҳам сув. Хитойда даволаш учун тоза сувни музликлардан олиш йўлга қўйилди. Ҳозир Помир музликлари улар учун тадқиқот ва тижорат манбасига айланди.
Урумчи биотехнология компаниясини “Музликлар отаси” деб атайдилар.
У 2018 йилда Урумчи юқори технологиялар ҳудудида рўйхатдан ўтган инновацион компания бўлиб, у илмий тадқиқотлар, ишлаб чиқариш ва янги маҳсулотлар ихтироси билан шуғулланади.
Шинжоннинг ноёб сув ресурслари, патентланган тоза сув қазиб олиш ва вакуумли қадоқлаш технологияларидан фойдаланган ҳолда компания бозорда шов-шувга сабаб бўлган “Музликлар отаси” жаҳон сув брендини яратди.

Шинжонда дейтерий миқдори паст бўлган Хитойдаги энг яхши табиий сув мавжуд. Ушбу ресурс асосида компания соғлом сув ишлаб чиқаришга ихтисослашган. Сўнгги йилларда компания сув олиш ва қадоқлаш технологиясида инновацияларни давом эттирди ва соғлом сув ишлаб чиқариш занжирини тиббиёт, соғломлаштириш ва терини парвариш қилиш соҳаларига кенгайтирди.
Корхонада 10 дан ортиқ турдаги маҳсулотлар, жумладан, ацептик қопланган сув, назал эритмалар ва Тетра Пак қадоғидаги сув ишлаб чиқарилади. Сув геотермик фаоллик туфайли эриши натижасида молекуляр кластер тузилмасига эга бўлган Музтоғ-ота музлигидан олинади. Сув икки марта иссиқлик изолациясига эга, озиқ-овқат учун мўлжалланган зангламайдиган пўлатдан ясалган идишларда ташилади.
Бугунги кунга қадар компания паст дейтерийли музли сув ишлаб чиқариш линиясини қуриш учун (2,9 млн юан) сармоя киритди. "Одамларга соғлом сув етказиш ва глобал бренд яратиш" лойиҳаси соғлом сувни тадқиқ қилиш ва тарғиб қилишга, Хитой Фанлар академияси, Далиан технология университети ва бошқа академик муассасалар мутахассислари билан ҳамкорлик қилишга қаратилган.

Илмий-ишлаб чиқариш корхонаси Хитойда соғлом сув саноати соҳасида ягона станцияга айланиб, кўплаб миллий патентлар олди.
– Сувимизнинг таннархи қиммат, 0,33 литри 20 юан.(салкам 3 доллар) Аммо дунёда саломатлиги учун маблағини аямайдиганлар ҳам оз эмаслигини кўрдик, – дейди компания бошқаруви раиси Юэ Цзинчун. – Маҳсулотимизнинг 90 фоизини араб мамлакатлари сотиб олмоқда.
Музтоғ сувларидан тиббиётда камёб дорилар ишлаб чиқариш устида ҳам тадқиқотлар олиб борилмоқда
Муҳаммаджон Обидов, ЎзА