Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Музаффар Норқобилов: “Жасоратга йўғрилган хотирангизни тинглаб, тимсолингизда чинаккам замонамиз қаҳрамонларини кўрдим”
10:46 / 2022-09-11

Термиз шаҳридаги “Ёш чегарачилар” ҳарбий-академик лицейида “Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз” шиори остида Сурхондарё вилоятида илк чегарачилар ҳарбий қисми ташкил этилганининг 30 йиллигига бағишланган “Уч авлод” учрашуви бўлиб ўтди.

Истеъфодаги чегарачилар, ҳарбий хизматчилар ва ҳарбий-академик лицей курсантлари иштирок этган учрашувда чегара қўшинлари фахрийлари билан ишлаш бўйича мутахассис, истеъфодаги подполковник Зиёдулла Каримов, истеъфодаги майор Бахтиёр Саттаров, истеъфодаги 2-ранг капитани Абдужаббор Мўминов ва бошқалар давлат чегарасини қўриқлаш, сархадларимиз даҳлсизлигини таъминлаш ҳар бир йигит учун шон-шараф иши эканини алоҳида таъкидлади. Мамлакатимиз мустақилликка эришган дастлабки йилларда давлат чегарасини ҳимоя қилишда дуч келинган мураккаб жараёнлар ҳақида сўз юритди. Уч қўшни давлат билан чегарадош Сурхон воҳасида сарҳадларимизни ишончли қўриқлаш, тинчлик, осойишталикни таъминлаш ва турли бузғунчи ҳаракатларга қарши тура оладиган ҳарбий қисмни ташкил этиш билан боғлиқ хотираларни ёдга олди. Бўлғуси Ватан посбонларига қимматли маслаҳат ва тавсияларини берди.

–Бундан роппа-роса 30 йил муқаддам сизлар таълим олаётган мана шу ерда давлатимиз чегараларини қўриқлайдиган ҳарбий тузилмага асос солинган эди, – дейди истеъфодаги подполковник Баҳриддин Саломов.– Айни пайтда жанубдаги сарҳадларимизни ишончли ҳимоя қилаётган чегара қўшинлари таркиби мана шу ҳарбий қисмда шаклланган. Ўша оғир йилларда чегараларимизни қўриқлаш учун ҳозиргидек шароит қайда эди, дейсиз? Ҳарбий қисм биносининг ўзида етарли қулайлик бўлмаган. Чегарачиларимиз кунлик қатнаб, сарҳадларимизни қўриқлади. Чегарани ғайриқонуний босиб ўтмоқчи бўлган ғараз ниятли шахсларни ушлади. Кўплаб қурол, ўқ-дори ва гиёхванд моддаларни қўлга киритиб, юртимизда ноқонуний айланишининг олдини олди. Андижон, Сариосиё ва бошқа ҳудудларда юз берган воқеаларда ҳам бригадамиз ҳарбийлари иштирок этиб, бузғунчи ҳаракатларнинг олдини олишга ҳисса қўшди. Жасоратли хизмати учун кўплаб чегарачиларимиз давлатимизнинг юксак мукофотлари билан тақдирланди. Термиз шаҳридаги ҳарбий қисм Жалолиддин Мангуберди орденига сазовор бўлди.

Давлат хавфсизлик хизмати чегара қўшинлари ҳарбий хизматчиларининг айтишича, эндиликда барча чегара ҳудудларда ҳарбий пост ва ҳарбий взводлар ташкил этилиб, замонавий усулда жиҳозланган. Чегара шаҳарчалари қурилган. Ҳарбий хизматчилар учун шу ернинг ўзида барча қулайликларга эга турар-жой бинолари барпо этилган. Техник-кузатув постлари фаолият юритмоқда. Чегарачиларнинг видеокузатув мосламалари орқали сарҳадларимизни туну-кун ишончли назорат қилиш имконияти мавжуд.

Кейинги йилларда қўшни давлатлар билан алоқаларимиз жуда мустаҳкамлангани ҳам давлат чегарасида бузғунчи ҳаракатларнинг камайишига хизмат қилаётир. Чегарачиларнинг таъкидлашича, яхши ниятли кишилар давлатлараро чегара-ўтказиш пунктлари орқали ҳаракатланади. Ғаразли мақсадни кўзлаган шахслар чегара чизиқларини ғайриқонуний кесиб ўтишга интилади.

–Азиз курсантлар, сизлар жуда бахтли ёшларсизлар, – деди истеъфодаги подполковник Ҳакимжон Маматқулов.– Истиқлолнинг дастлабки йилларида соҳада тажрибали кадрлар етишмаслигидан чегараларимизни қўриқлаш истаги пайдо бўлган фуқаролар хизматга қабул қилинган эди. Муддатли ҳарбий хизматга эса сизлардек ёш йигитлар келган. Лекин, улар сизлар каби ҳарбий ҳаётга мослашмагани учун тунлари постда ухлаб қолган вақтлар бўлган. Энди сизлар ўспиринликдан ҳарбий ҳаётга кўникиб, тобланаяпсизлар. Жисмонан чиниқаяпсизлар. Бу келажакда ҳарбий бурчингизни аъло даражада бажаришда жуда қўл келади. Тасаввур қилаяпсизми, ўша йилларда биз мана шу ердаги ҳарбий қисмдан қатнаб, Қоракамардан Гулбаҳоргача, бу ёғи Боботоғгача хизмат вазифамизни бажарганмиз. Бу ўта мураккаб иш эди. Иккинчидан, бугун мен хаётимнинг бир қисми ўтган бу ерга келиб, жуда ҳаяжонландим. Чунки, тугатилган ҳарбий қисмимиз биноси ўрнида бундай муҳташам, салобатли иншоот қурилишини фақат орзу қилганмиз. Қолаверса, ўшанда ҳозиргидек обод бўлишини тасаввуримизга сиғдиролмаганмиз.


 

–Учрашувда ҳар бирингизнинг жасоратга йўғрилган хотирангизни тинглаб, тимсолингизда чинаккам замонамиз қаҳрамонларини кўрдим,–дейди “Ёш чегарачилар” ҳарбий-академик лицейи директори Музаффар Норқобилов.– Босиб ўтган шарафли йўлингиз ёшлар учун ҳақиқий жасорат мактаби бўлиб хизмат қилишига ишонаман. Зеро, юраги жасоратга тўла, қалбида Ватанга садоқат ҳисси жўш уриб турган инсонгина юрт сарҳадларини ишончли ҳимоя қилиши, киндик қони томган тупроқни турли ташқи таҳдидлардан садоқат билан асраши мумкин. Мустақил Ватанитимиз чегара қўшинлари пойдевори айнан Термиз шаҳридан бошланганидан, мустақилликнинг илк йилларида ташкил топган собиқ ҳарбий қисм сизлардек Ватанига содиқ ва мард чегарачилар тайёрлайдиган таълим даргоҳи бўлиб қайта шаклланганидан ҳар қанча фахрлансак арзийди.

Бўлғуси чегарачиларда бой таассурот ўйғотган учрашувда сўнгги йилларда Миллий армиямизда юз берган ўзгариш ва янгиланишлар, ҳарбий-академик лицейда мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан келиб, таълим олаётган курсантлар учун яратилган шароитлар ҳақида ҳам атрофлича фикр алмашилди. Истеъфодаги офицерлар, шартнома асосида хизмат қилган сержант ва аскарлар замонавий таълим муассасаси билан яқиндан танишди.

Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА