Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
«Муз ёрилиб, қиш чилласида аскарлар сувга ғарқ бўлди, лекин Ватан учун бор кучимизни тўплаб дарёни сузиб ўтдик»
17:15 / 2021-05-04

9 май – Хотира ва қадрлаш куни

Асли украиналик бўлган Сирдарё туманида истиқомат қилувчи II Жаҳон уруши қатнашчиси Шведенко Иван Илич 1943 йил, 17 ёшида ўз ихтиёри билан, ёшини бир ёш катта айтиб, урушга кетади. 1-Белорусь фронтининг 5-зарбдор армияси пиёдалар взводи пулемётчиси бўлиб хизмат қилган.

Отахон бугун туманнинг ардоқли фахрийларидан. Уруш йилларидаги хотиралари, урушдан кейинги, урушданда қийин кечган йиллар ва бугунги дориломон кунлар тўғрисида гапириб беришни хуш кўрувчи отахон билан суҳбатлашдик.

Оддий аскар Иван Шведенко Белорусь, Молдова, Украина, Полша ҳамда шарқий Пруссияни босқинчиларидан озод этиш жангларида қатнашди.

– Ҳеч бир урушда, ҳеч қайси бир тарафга яхши бўлмаган бўлса керак, деб ўйлайман, – дейди Иван Шведенко. – Чунки ҳар икки томондан ҳам одамлар ўлади. Лекин ноилож, агар мен отмасам мени отишарди. Собиқ иттифоқдан урушда 20 миллиондан ортиқ одам ўлиб кетди, яна бедарак кетганлари қанча?

Лекин, немис давлати ўшанда жуда бой экан. Аскарлари яхши қуролланган, қалин кийинган, йўл халтаси тўла озиқ-овқат бўларди. Бизни қизил армиямиз аскарлари эса уларнинг олдида жуда ночор эканига урушга борганларни бари гувоҳ бўлган.

Ишонсангиз, бир неча ой башмачок (тагига кардон қоғоздан подош тикилган латтадан бўлган, оёққа боғлаб олинадиган кийим)да жанг қилишимизга тўғри келган. Чунки оддий этик ҳам етишмас экан ўшанда.

Отахон бир тин олиб яна сўз бошлайди: «Бир сафар, айни февраль ойи, қор тиззадан баланд, Нестров дарёси музлаган ва унинг нариги қирғоғи немисларнинг «тили» (орқа тарафи). Ярим тунда, дарёдан фашистга сездирмай ўтиб, уларнинг орқа қисмига жойлашишимиз, сўнг қўшинларимиз 2-Белорусь фронти Шарқдан ҳужумни бошлаши билан қирғоқдан ўтказмай қуршовга олишимиз керак эди.

Қўшинларимиз дарёдан энди қирғоққа етдим деганда, немис пайқаб қолдими ёки ҳар эҳтимолга қаршими, бомбардимон қилди. Муз ёрилиб, қишнинг қирчиллама чилласида кўп аскарларимиз сувга ғарқ бўлди, лекин Ватан учун бор кучимизни тўплаб кўпчилигимиз дарёни сузиб ўтдик. Ўтиб қирғоққа жойлашиб олганмиз. Бизни Нестров дарёсининг музданда совуқ сувида музлаб, чўкиб, қизил армия аскарлари қирилиб кетди деб ўйлаб, ғафлатда қолганди.

Шарқий қўшинларимиз ҳужумни бошлаши билан биз ҳам бош кўтариб ҳужумга ўтдик. Тўрт тарафидан ҳужумга учраган генерал Паулс қўмондонлигидаги немис-фашист армиясини жуда кўп қурол-яроқ, танклар, пушкалари, аскару офицерлари билан асирга олдик.»

...Пиёда аскарлар взводи пулемётчиси, оддий аскар Иван Шведенко 1945 йилнинг баҳорида Одер дарёсини сузиб ўтиб, Германия учун бўлган жангда оёғидан оғир яраланади. Украинанинг Харков шаҳрига госпиталга олиб келиниб, у ерда 5 ярим ой даволанади. Чиққанида эса уруш тугаган эди. Ватанига Украинага, ўзи туғилиб ўсган Неколаевкага қайтади.

– Евдокия Дмитревна билан турмуш қуриб, 1-2 йил яшамасимиздан, 1952 йил «Сталинский стройка»га боришим тўғрисида буйруқ келди ва Қорақалпоғистоннинг Тахиатош туманига «Туркман канали»ни қазишга йўлландим, – дея хотирлайди Иван Илич урушдан кеийнги очлик, камбағаллик йилларини хотирлаб. – Турмуш ўртоғим мен билан бирга, Қорақапоғистоннинг бийдек чўлига, келиб палаткаларда, ичимлик сувига ташна, оч, кечалари чивинга таланиб, қийналиб кун кечирганмиз.

Иван Шведенко 1953 йилдан бошлаб «Ўзбекгидрогеология» ташкилотида 70 ёшигача меҳнат қилди. Бухоро, Навоий, Самарқанд, Сирдарё вилоятларида ўнлаб минерал қудуқларни қазиб аниқлаш экспедициясида қатнашди.

– Кейинчалик турмушимиз изга тушиб кетиб, яхшиланиб кетди, – дейди уруш қатнашчиси. – Турмуш ўртоғим, Евдокия, «Иванко, энди Ўзбекистон бизнинг Ватанимиз, мен бу юртни Украинаданда кўпроқ севиб қолдим, болаларга айт, ўлсак жасадимизни шу тупроққа қўйишсин», дея васият қилганди... Мана умримнинг қолган қисмини шу ерда, иккинчи ва асосий Ватаним Ўзбекистонда ўтказяпман.

Иван Илич турмуш ўртоғи, марҳум Евдокия Дмитревна билан биргаликда 1 ўғил, 1 қизни ўқитиб, тарбиялаб камолга етказди. Бугун 4 набира 1 чевара ардоғида.Суронли йилларни кўрган уруш фахрийси билан суҳбатдан сўнг вилоят ҳокимининг ўринбосари Отабек Носиров Иван Илич Шведенкога Президентимизнинг фашизим устидан қозонилган ғалабанинг 76 йиллиги муносабати билан йўллаган табригини ўқиб берди. Уруш фахрийсига Давлатимиз раҳбарининг бир марталик пул мукофоти ҳамда совға-саломларини топширди.

– Бир неча ой муқаддам, акам вафот этганидан сўнг, отам қаровсиз қолмасин деб, Россиядан келган эдим, – дейди Иван Иличнинг қизи, Россия фуқароси Наталия Шведенко. – Лекин вилоят, туман ҳокимлиги, нуронийлар жамғармаси, Ёшлар ишлари агентлиги, маҳалла фуқаролар йиғинидан вакиллар келиб отамнинг ҳолидан хабар олиб турмаган кун йўқ. Отамга бириктирилган ҳамшира ҳар куни келиб, унинг саломатлигини назоратдан ўтказади, мутасадди ташкилотлар томонидан ҳар ой 10 турдаги озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари берилади. Буни кўриб жуда хурсанд бўлдим.

«Хотира ва қадрлаш» кунига бағишланган бу каби маданий-маърифий ва хотирлаш тадбирлари вилоятнинг бошқа туманларида ҳам давом этмоқда.

[gallery-2278]

А.Қаюмов, Ф.Тошматов  (сурат), ЎзА