Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Мухлиса – ўзбек қўшиқларининг моҳир ижрочиси
17:26 / 2022-03-09

Мамлакатимизда иқтидорли ва фаол қизларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш мақсадида таъсис этилган Зулфия номидаги давлат мукофоти танлови ўтган йиллар давомида маданият, санъат, фан, таълим, адабиёт ва жамоатчилик йўналишларида ёш иқтидор соҳибаларини кашф этмоқда.

Жумладан, ўтган йиллар давомида юртимизнинг юзлаб истеъдодли қизлари ана шу юксак мукофот соҳибига айланди.

Жорий йилда Зулфия номидаги Давлат мукофотига сазовор бўлган ёшлар орасида Андижон давлат университети талабаси Мухлиса Машрабова  ҳам бор. 

Ана шу юксак мукофотга санъатнинг анъанавий хонандалик йўналиши бўйича сазовор бўлган истеъдод соҳибаси Мухлиса Машрабова изланувчан, фаол ёшлардан бири. У нафақат санъатга, балки турли фанларни пухта ўзлаштиришга, хорижий тилларни ўрганишга, спортга ҳам катта қизиқиш билан қарайди. Айниқса, унинг хонандаликка қизиқиши ўзгача, болалигиданоқ мурғак қалбига қўшиқчиликка бўлган муҳаббат муҳрлаган. Мактабда, кейинчалик санъат мактабида ўқиб юрган даврларидаёқ хонандалик маҳорати билан устозлари, мутахассислар эътирофига сазовор бўлган. Қатор ижодий танловларда фаол қатнашиб, ғолибликни қўлга еиритган. Ундаги истеъдод йиллар давомида ўсиб, тобланиб борди. 

Мухлиса турли йилларда “Янги авлод” болалар ижодиёти, “Юксак маънавиятли авлод”, шунингдек, “Ягонасан, муқаддас Ватан”, Ёш ижрочиларнинг республика кўрик-танлови, “Талант шоу” лойиҳасининг “Энг яхши қўшиқ” номинацияси, ёш истеъдодларнинг “Ниҳол” мукофоти сингари кўплаб танлов ва фестивалларнинг вилоят, республика босқичларида иштирок этиб, ғолиблар сафидан ўрин олди. Айниқса, у халқаро танловлардаги иштироки билан ўзбек қўшиқчилигининг ўзига хос анъаналарини халқаро миқёсда тарғиб этишга муносиб ҳисса қўшди. 

Мухлиса Россиянинг Сочи, Волгоград шаҳарларида ўтказилган “Биз биргамиз”, “Истеъдодлар шоуси”, шунингдек, Ҳиндистонда ўтказилган “Color of India” сингари халқаро танловларда иштирок этиб, I даражали диплом билан тақдирланган.

– Мухлиса Машрабова одоб-ахлоқи, аъло ўқиши, ташаббускор, интилувчан ва фаоллиги билан ҳам тенгдошларидан ажралиб туради, – дейди Андижон давлат университети санъатшунослик факультети декани Чаросхон Шокирова. – У нафақат истеъдодли санъаткор ёшлардан, балки университет, шаҳар, вилоят миқёсидаги турли тадбирларда фаол иштирок этувчи илғор талабалардан биридир. 

Мухлиса ўзбек мумтоз қўшиқларини юксак маҳорат билан ижро эта оладиган ёрқин истеъдод соҳибасидир. 

–Мен юртимизнинг истеъдодли қизлари учун таъсис этилган энг юксак мукофотга муносиб кўрилганлигимдан беҳад мамнунман, – дейди Мухлиса. – Қолаверса, ушбу мукофот зиммамга юксак масъулият юклайди. Келажакда ижодим, меҳнатим билан она Ватанимиз равнақи учун хизмат қиладиган инсон бўлишга ҳаракат қиламан. 

Мухлисанинг дилидаги самимий ниятлари албатта, ижобат бўлади. Чунки унда ғайрат, шижоат, интилиш бор, қалбида она Ватанга муҳаббат ва садоқат туйғулари мужассам, кўзларида эса эртанги кунга ишонч ва умид порлаб турибди.


Ф.Убайдуллаев, А.Абдуллаев (сурат), ЎзА