Ер сатҳидан йигирма беш, ўттиз метр баландлик. Бош узра фақат осмон, оёқ остида эса ингичка арқон ва минглаб ҳайрат тўла нигоҳлар. Фақатгина қўлдаги лангар чўп ва руҳий хотиржамликка таяниб ҳаракатланиш – бу шунчаки таваккалчилик эмас, балки асрлар давомида сайқалланиб келган юксак фалсафанинг кўринишидир. Ўзбек халқ томоша санъатининг энг хавфли ва айни пайтда энг жозибали тури бўлган дорбозлик, шубҳасиз, миллатнинг жасорат ва мувозанат рамзига айланган.
Тарих қатларига назар ташланса, дор ўйинлари – симбозлик ёки симдор – Ўзбекистон ҳудудида шунчаки кўнгилочар машғулот эмас, балки катта ижтимоий ҳодиса бўлганини кўрамиз. Манбаларнинг гувоҳлик беришича, ҳатто Соҳибқирон Амир Темур саройида ҳам хорижий элчиларни ҳайратда қолдирувчи ажойиб дор ўйинлари намойиш этилган. Бу факт дорбозликнинг ўша даврдаёқ юксак мақомга эга бўлганини, давлат тадбирлари даражасига кўтарилганини англатади. Ўтмишда бу санъат тури Ўзбекистоннинг деярли барча йирик шаҳарларида оммалашган бўлса-да, унинг ҳақиқий “академияси” сифатида Қува ва Асака шаҳарлари тилга олинади. Хусусан, водий дорбозларининг довруғи фақат Марказий Осиё билан чекланиб қолмаган. XVIII – XIX асрларга оид маълумотларга кўра, ўзбек дорбозлари ўз маҳоратларини Хитой, Ҳиндистон, Афғонистон, Эрон ва кейинчалик Россия ҳудудларида ҳам намойиш этиб, ўзбек номини дунёга танитганлар.
Дорбозлик томошаси фақатгина арқон устидаги юришдан иборат бўлган, деб ўйлаш хато. Бу – яхлит, мукаммал сценарийга эга бўлган ҳақиқий театрлашган байрам эди. Дор остида полвонларнинг куч синашиши, раққосларнинг жозибали ҳаракатлари, қизиқчи-масҳарабозлар ва аскиячиларнинг хандалари томошабинни бир зум ҳам зерикишга қўймаган. Карнай-сурнай садолари ва доира усуллари жўрлигида айиқ, илон, маймун, от ва эчки каби ўргатилган ҳайвонлар иштирокидаги чиқишлар намойиш этилган. Анъанавий цирк жанрларидан ҳисобланган ёғочоёқ, найрангбозлик (иллюзия), бесуяк (пластика) ва муаллақчилик каби элементлар дор ўйинларининг ажралмас қисмига айланиб, унинг таъсир кучини оширган. Бундай томошалар бозор майдонларида, сайилларда, Наврўз байрамлари ва Регистон каби йирик очиқ майдонларда минглаб одамларни ўзига жалб этган.
ХХ аср дорбозлик санъати учун бурилиш даври бўлди. Бу даврда соҳанинг ривожи ва янги босқичга кўтарилиши бевосита Асака дорбозлари сулоласининг ёрқин вакили Тошканбой Эгамбердиев номи билан боғлиқ. Айнан ушбу сулола ташаббуси билан дорбозлик очиқ осмон остидан ёпиқ биноларга – профессионал цирк ареналарига кўчди. 1930-йиллардан бошлаб репертуар жиддий ўзгаришларга учради: хавфсизлик воситаларининг жорий этилиши натижасида дор устида авваллари иложсиз туюлган янги, ўта мураккаб трюкларни ижро этиш имконияти пайдо бўлди. Тошканбоевларнинг хизмати шундаки, улар миллий анъаналарни сақлаган ҳолда, катта дор ва кичик дор (симдор) ўйинларини синтез қилиб, ўзбек циркини жаҳон андозалари даражасига олиб чиқдилар. Бу жараён шунчаки шакл ўзгариши эмас, балки мазмунан бойиш, миллий колоритнинг профессионал санъатга интеграцияси эди.
Бугунги кунда ҳам бу қадимий санъат тури ўз жозибасини йўқотмаган, аксинча, янги авлод вакиллари томонидан қайта кашф этилмоқда. Айни пайтда Ўзбекистонда кўплаб оилавий дорбозлик гуруҳлари фаолият юритмоқда. Улар орасида Тошканбоевлар, андижонлик Юнусали Ғозиев ва Ўктам Юнусов, фарғоналик Турсунали Мадаминов ҳамда Баҳодир Дадажонов каби сулола вакиллари алоҳида ажралиб туради. Қувонарлиси шундаки, бу гуруҳларнинг асосий таркибини ёш йигит-қизлар ташкил этади. Улар “устоз-шогирд” анъанасига содиқ қолган ҳолда оилавий муҳитда, шунингдек, Республика эстрада ва цирк коллежида профессионал таълим олиш орқали ўз маҳоратларини оширмоқдалар.
Республика миқёсида ўтказилаётган турли кўрик-танловлар, фестиваллар, шунингдек, Наврўз ва Мустақиллик байрамларидаги чиқишлар бу санъатнинг халқ ҳаётидаги ўрни нақадар муҳимлигини кўрсатади. 25 метр баландликдаги қил арқон устида мувозанат сақлаб турган дорбоз тимсолида ўзбек халқининг ўз тарихига, қадриятларига бўлган ҳурмати ва келажакка интилишидаги қатъият мужассамдир. Зеро, дорбозлик – бу фақат тана имкониятлари намойиши эмас, балки инсон иродасининг чексизлиги ҳақидаги ҳикоядир.
Алишер Эгамбердиев тайёрлади, ЎзА