Бугунги кунда мамлакатимизда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, ишлаб чиқариш жараёнларини соддалаштириш ва маҳсулотларни ички бозорга тезроқ чиқаришга қаратилган қатор ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Ана шундай механизмлардан бири — мувофиқлик декларацияси тизими ҳисобланади.
Мувофиқлик декларацияси — бу ишлаб чиқарувчи ёки импортёр томонидан маҳсулотнинг белгиланган техник регламентлар ва стандартлар талабларига мос эканлиги расман эълон қилиниши ҳамда бунинг учун жавобгарликни ўз зиммасига олишини англатади. Ушбу механизм маҳсулотларни баҳолаш жараёнини соддалаштириш орқали тадбиркорлар учун қулай имкониятлар яратади.
Мувофиқлик декларацияси тизимининг жорий этилиши ишлаб чиқарувчилар ва импортёрлар учун бир қатор афзалликларни таъминлайди. Жумладан, маҳсулотларни сертификатлаштириш жараёнлари анча соддалашади. Ортиқча ҳужжатбозлик ва текширувлар қисқаради. Маҳсулотни бозорга чиқариш муддати камаяди. Тадбиркорларнинг вақт ва молиявий харажатлари тежалади. Шу билан бирга, мазкур тизим тадбиркорлик субъектларига ишонч асосида ёндашиш тамойилини мустаҳкамлайди. Бу эса мамлакатда ишлаб чиқариш фаолиятини янада рағбатлантиришга хизмат қилади.
Қонунчиликка мувофиқ, мувофиқлик декларацияси белгиланган маҳсулот турларига нисбатан қўлланилади. Хусусан, рўйхатга айрим озиқ-овқат маҳсулотлари, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, маиший товарлар ва саноат маҳсулотлари киритилган. Масалан, айрим турдаги ёнғоқ маҳсулотлари, бодом, писта ва ўрик мағзи каби қайта ишланган маҳсулотлар учун санитария ва хавфсизлик талаблари белгиланган бўлиб, уларнинг сифати ва хавфсизлиги махсус талаблар асосида баҳоланади.
Декларация қилинадиган маҳсулотлар рўйхати қонунчиликда аниқ белгилаб қўйилган бўлиб, тадбиркорлар ушбу рўйхат асосида ўз маҳсулотларини расмийлаштириш имкониятига эга.
Мувофиқлик декларацияси тизими, айниқса, кичик ва ўрта бизнес субъектлари учун катта аҳамиятга эга. Чунки, анъанавий сертификатлаштириш жараёни баъзан вақт ва маблағ талаб қилади. Декларация механизми эса бу жараённи анча тезлаштиради.
Натижада янги маҳсулотларни ишлаб чиқариш ва бозорга чиқариш тезлашади, тадбиркорлар рақобатбардошликни оширади. Ички бозорда товарлар танлови кенгаяди. Шу билан бирга, мазкур тизим ишлаб чиқарувчи ва импортёрлар зиммасига маълум даражада масъулият ҳам юклайди. Чунки, декларация берувчи томон маҳсулотнинг стандартларга тўлиқ мослиги учун шахсан жавобгар ҳисобланади.
Агар маҳсулот белгиланган талабларга жавоб бермаса, қонунчиликка мувофиқ тегишли чоралар қўлланилиши мумкин.
Мувофиқлик декларацияси тизими мамлакатимизда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотларнинг муҳим таркибий қисми бўлиб, у тадбиркорлик муҳитини янада яхшилашга хизмат қилади. Ушбу механизмнинг кенг жорий этилиши, ишлаб чиқаришни рағбатлантиради, бозорда рақобатни кучайтиради. Аҳолини сифатли ва хавфсиз маҳсулотлар билан таъминлашга хизмат қилади.
Ш.Маматуропова,
ЎзА