Ҳар бир ўзбек боласи нуронийларнинг дуоларидан тинчлик-хотиржамлик сўраш аримаслигига гувоҳ бўлишган. Бир қарашда оддий туюлган тилакнинг нечоғлик ҳикматли эканини улғайган сари англайди, киши.
Айниқса, бугунги мураккаб замонда тинчлик қанчалик буюк неъматлигини тушуниб етмоқдамиз. Халқимизда оч қорним, тинч қулоғим, деган мақол бор. Дарҳақиқат, киши очликка чора топиши, ёки оз бўлса-да, ризқига сабр қилиб яшамоғи мумкин. Аммо уруш аталмиш инсоният азалий душманининг совуқ нафасидан омон қолмоғи даргумон.
Баъзан атрофимиздагиларнинг турмуш тарзидан норозилиги, ота-оналар ёки ҳукуматга бўлган эътирозларига гувоҳ бўламиз. Тинчлик қадрига етмасдан, лоқайдлиги эвазига бошқаларга ҳам зарар етказаётганларга ҳайрон қоласан киши. Ваҳоланки, тинч ва фаровон ватанимизда меҳнат қилган ҳеч бир инсон эътибордан четда қолмайди.
Юқорида таъкидлаганимиздек, тинчлик билан хотиржамлик ҳамиша ёнма-ён яшайди. Энг муҳими, кўнгил хотиржамлигини донолар ҳам кўп эътироф этишган. Аслида муваффақиятнинг сири ҳам хотиржамликда.
Аввало, ҳар ким ҳам кўзлаган мақсадига эришмоғига ишониб яшаши лозим. Шундагина у хотиржам бўлмоғи мумкин. Бундайлар эса камроқ хато қиладилар.
Шербек Исломов, ЎзА