Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Мутолаа”: лойиҳа фойдаланувчилари 1,4 миллиондан ортди
16:51 / 2026-01-15

“Мутолаа” – энг сара китобларнинг электрон, аудио ҳамда видео шаклидаги сифатли ва тизимли платформаси ҳисобланади. Бугунги кунда мазкур тизим Ўзбекистонда китобхонлик маданиятини ривожлантиришга қаратилган замонавий ташаббус демакдир.

Лойиҳа ёш авлодни китоб ўқишга рағбатлантириш, миллий ва жаҳон адабиёти дурдоналарини кенг оммага тақдим этиш орқали китобхонлик муҳитини янги босқичга олиб чиқиш мақсадида Ёшлар ишлар агентлиги томонидан ташкил этилган.

Кузатувчилар телефонига “Мутолаа” иловасини юклаб олиш орқали 3000 дан ортиқ электрон ва аудио китобларни қўлга киритишлари ҳамда уларни мутолаа қилишлари мумкин.

“Мутолаа” икки йил давомида миллионлаб китобхонларни бир ғоя атрофида бирлаштириб, синовлардан шараф билан ўтди, – деди Ёшлар ишлари агентлиги директори Алишер Саъдуллаев. – Бу жараён бизга бир ҳақиқатни ўргатди. Хусусан, билимли бўлишнинг ўзи кам, илм йўлида давомийлик керак. Қатъият бу фақат хоҳиш эмас, бу – интизом. Ирода ва интизом бирлашган жойда натижа бўлади: ҳар куни китоб, ҳар куни янги фикр. Платформада 450 кундан ортиқ узлуксиз мутолаа қилган китобхонларнинг пайдо бўлиши оддий бир рақам эмас, бу шаклланаётган янги маданиятдир. Биз замон билан ҳамнафасликни танладик. Сунъий интеллект имкониятлари, асарларнинг визуал талқини – буларнинг бари чалғитиш учун эмас, балки тафаккурни кенгайтириш учун хизмат қилади. Мақсадимиз – китобни севганларни қўллаб-қувватлаш, севиб улгурмаганларни эса аста-секин бу ёрқин оламга етаклашдир.

– Бугунги кунда юртимиз аҳолисини китоб ўқишга кенг жалб этишга қаратилган “Мутолаа” лойиҳаси фойдаланувчилари 1,4 миллиондан ортди, – деди “Мутолаа” иловаси медиа бўлими раҳбари Жасурбек Анваров.  – Ҳозирда “Мутолаа” ижодкорлари томонидан янгича услубда тайёрланган видео-китоблар ҳам тақдим этилмоқда.

Лойиҳа миллий ва жаҳон адабиётининг энг сара намуналарини электрон ва аудио форматларда жамлайди ва улардан бепул фойдаланиш имкониятини яратади. Ёшларни қизиқтириш учун китобларнинг мазмуни асосида янгича услубда тайёрланган видео-китоблар тақдим этилади. Китоблар замонавий технологиялар ёрдамида рақамлаштирилиб, кенг кўламдаги аудитория учун очиқ қилинади.

Лойиҳа ўз фаолиятини махсус ишлаб чиқилган “Мутолаа” мобил иловаси ҳамда You Tobe, инстаграм ва телеграм платформалари орқали амалга оширади. Бу орқали фойдаланувчиларга китобларни ўқиш ва тинглаш, видео-китобларни кўриш ва янгиликлардан хабардор бўлиш имконияти яратилган.  

Мазкур лойиҳа китобхонлик маданиятини оммалаштириш, ёшларнинг интеллектуал ривожланишини қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг китоб ўқишга бўлган қизиқишини оширишни кўзда тутади.  

“Мутолаа” лойиҳаси ёшлар учун интеллектуал муҳит яратиш, уларни ўз ҳаётларини бойитишга чорловчи ноёб ташаббусдир. Китоб ўқиш энди нафақат фойдали, балки қулай ва замонавий форматда ҳам амалга оширилади.

Гулноза Бобоева, ЎзА