Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Мутахассислиги бўйича 5 йил меҳнат стажига эга хотин-қизлар тавсиянома асосида ўқишга қабул қилинади
12:21 / 2022-03-11

Баркамол авлодни тарбиялаш, ёшларнинг ижодий ва интеллектуал салоҳиятини рўёбга чиқариши орқали уларни маънан етук инсонлар қилиб вояга етказиш жамият олдида турган муҳим вазифадир.

Бундай жараёнда эса фарзанд тарбиясига бевосита дахлдор бўлган оналаримизнинг роли беқиёс. Оила ва жамиятда ёшларни баркамол қилиб тарбиялашда уларнинг тарбиясига масъул бўлган хотин-қизларнинг маъанавий бой дунёқарашга эга бўлиши алоҳида аҳамият касб этади. Шу боис хотин-қизлар таълим олишини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш уларга таълимнинг ҳар бир босқичида зарур шарт шароит яратиб бериш муҳим саналади.

Яқинда қабул қилинган «Оила ва хотин-қизларни тизимли қўллаб-қувватлашга доир ишларни янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент фармони билан хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашнинг янги тизими жорий этилмоқда.

Жумладан, хотин-қизларнинг уй-жой шароитларини яхшилаш мақсадида 2022 йилда ипотека кредитлари бўйича ажратиладиган субсидияларнинг камида 40 фоизи хотин-қизларга йўналтирилади.

Уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлган, шу жумладан, «Аёллар дафтари», «Ёшлар дафтари» ва «Темир дафтар»га киритилган, етим ёки ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган вояга етган уй-жойга муҳтож хотин-қизлар ижара ҳуқуқи асосида ижтимоий уй-жойларга жойлаштирилади.

Уй-жойга муҳтож хусусий уй-жой фондида ижара ҳуқуқи асосида истиқомат қилаётган «Аёллар дафтари»га киритилган эҳтиёжманд хотин-қизларга улар томонидан тўланадиган ойлик ижара тўловининг 50 фоизи «Аёллар дафтари» жамғармаси ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси республика бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетлари маблағлари ҳисобидан қоплаб берилади.

Шунингдек, тадбиркорлик фаолиятини янги бошлаётган тадбиркор хотин-қизларга ажратилаётган субсидия миқдори 7 миллион сўмдан 10 миллион сўмга оширилади. Хотин-қизларга ўз томорқасида гул ва мева-сабзавот етиштириш учун иссиқхона қуриш, чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик ва асаларичиликни йўлга қўйиш учун 35 миллион сўмгача имтиёзли кредитлар ажратилади.

Албатта, бу каби имтиёзларнинг берилиши минглаб ижтимоий муаммолар гирдобида яшаётган хотин-қизлар турмуши изга тушиб, оиласидаги фарзанд тарбияси билан бемалол шуғулланиш имкониятини яратиб беради. 

Эндиликда бундай тоифага кирувчи хотин-қизлар нафақат уй-жой билан таъминланади, шу билан бирга,ўз хонадонида имтиёзли кредит ва субсидиялар орқали ўз тадбиркорлигини бошлаш имкониятига эга бўлади. Яъни унда кундалик турмуш тарзидан манфаатдорлик ортиб, ўз оиласи келажаги учун фарзандлари тарбиясига кўпроқ вақт сарфлаши зарур эканлигини тушуниб етади.

Шу ўринда айтиб ўтиш керакки, бугунги кунда кўплаб оилалардаги нотинчликлар, фарзандларнинг ўз вақтида таълим ололмаслиги, вояга етмасдан туриб онасига ёрдамчи бўлиб оғир меҳнат билан шуғулланишига суд томонидан белгиланган алимент тўловининг масъулиятсиз ота томонидан ўз вақтида тўлаб берилмаётганлиги ҳам сабаб бўлмоқда.

Фармон билан Мажбурий ижро бюроси ҳузурида юридик шахс ташкил этмаган ҳолда «Алимент тўловлари» давлат мақсадли жамғармаси ташкил этилмоқда. Унга Мажбурий ижро бюросини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан 50 миллиард сўм ажратилади.

Эндиликда, суд қарори билан алимент тўлаш мажбурияти юклатилган шахслардан белгиланган маблағларни уч ой ичида ундириш имкони бўлмаган ҳолларда «Алимент тўловлари» давлат мақсадли жамғармаси маблағлари алимент тўловлари бўйича шаклланган қарздорликни бирйўла тўлаш учун йўналтирилади ҳамда кейинчалик алимент тўлаш мажбурияти юклатилган қарздордан суд қарорисиз мажбурий тартибда ундириб олинади. Бу эса ўз навбатида оз бўлса-да, асосий боқувчисидан айрилган оиланинг иқтисодий таъминоти ўз вақтида узлуксиз таъминланишида катта қадамдир.

Албатта, соғлом фарзандни тарбиялашда, уни дунёга келтирувчи оналаримиз саломатлиги ҳам энг муҳим мезонлардан бири саналади. Шу боис фармонда хотин-қизлар саломатлигини мустаҳкамлаш, хотин-қизларга хос бўлган касалликларни барвақт аниқлаш ва олдини олиш мақсадида икки ой муддатда юқори технологик тиббий ёрдам кўрсатилиши лозим бўлган эҳтиёжманд 6 минг нафар хотин-қизлар, реабилитация воситалари билан таъминланишга муҳтож бўлган 10 минг нафар ногиронлиги бўлган хотин-қизлар рўйхатлари шакллантирилади.

Якунда эса биргина 2022 йилда 3 миллион нафар хотин-қизлар онкологик скринингдан ўтказилади. 2022-2025 йиллар давомида 227 та туғуруқ комплекси ва 46 та туманлараро перинатал марказларни тўлиқ таъмирлаш ва жиҳозлаш учун халқаро молия институтларининг 105 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маблағлари жалб қилинади. Барча туман ва шаҳар тиббиёт бирлашмалари таркибидаги «Онко-назорат» аёллар кўрикхоналари ташкил этилиб, зарурий тиббий асбоб-ускуналар ва тиббий воситалар билан жиҳозланади.

Яна бир муҳим янгилик, хотин-қизларга таълим олишлари учун янада қулай шарт-шароитлар яратиш, уларнинг илмий салоҳияти ва малакасини тизимли ошириб боришни қўллаб-қувватлаш мақсадида 2022/2023-ўқув йилидан бошлаб олий таълим муассасалари, техникум ва коллежларда, шу жумладан, сиртқи ва кечки таълим шаклида ўқиётган хотин-қизларнинг таълим контрактларини тўлаш учун 7 йил муддатга фоизсиз таълим кредитлари ажратилади.

Давлат олий таълим муассасаларининг магистратура босқичида ўқиётган барча хотин-қизларнинг контракт тўловлари давлат бюджетидан қоплаб берилади. Хорижий олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълим дастурлари бўйича – 50 нафар, магистратура таълим дастурлари бўйича – 10 нафар хотин-қизларга ҳар йили «Эл-юрт умиди» жамғармаси орқали қўшимча грантлар ҳамда давлат илмий ташкилотлари ёки олий таълим муассасалари докторантурасига хотин-қизлар учун ҳар йили камида 300 тадан мақсадли квота ажратилади.

Мутахассислиги бўйича камида 5 йил меҳнат стажига эга, лекин олий маълумотга эга бўлмаган 500 нафар хотин-қизлар ҳар йили Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси тавсияномаларига асосан давлат олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълим йўналишларига умумий қабул параметрларидан ташқари алоҳида тест синовлари натижаларига мувофиқ тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилинади.

 

Мавлуда АТХАМЖОНОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати