Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Мутахассислар ҳаво ифлосланишининг сабабларини тушунтирди
09:37 / 2026-01-31

Сўнгги кунларда мамлакатимизнинг қатор ҳудудларида ҳаво сифати сезиларли даражада ёмонлашди. Соҳа вакилларининг таъкидлашича, бу ҳолатга ноқулай метеорологик шароитлар, хусусан, шамолсизлик, паст шамол тезлиги ҳамда ҳарорат инверсияси сабаб бўлмоқда.

Таҳлилларга кўра, тунги ва эрталабки соатларда ҳаво қатламлари ўртасида инверсия ҳолати юзага келади, совуқ ҳаво ерга яқин қатламда қолиб, илиқ ҳаво эса юқорида жойлашади. Шу сабабли атмосферага чиқарилган майда зарарли заррачалар юқорига кўтарилмасдан, ерга яқин қатламда тўпланиб қолади ва шаҳар ҳавосида маълум муддат сақланади.

Қолаверса, эрталабки соатларда кузатилаётган туман ҳам ҳаводаги аэрозол заррачалар миқдорини оширади. Юқори намлик шароитида PM2.5 каби майда заррачалар ҳавода узоқ вақт сақланиб, ифлосланиш даражасининг ортишига олиб келади.

Айни пайтда махсус комиссия томонидан экологик рейдлар ва мониторинг ишлари куну тун давом эттирилмоқда. Ҳаво сифатидаги ўзгаришлар ҳақида Экология миллий қўмитаси ҳамда унинг таркибидаги Ўзгидромет агентлигининг расмий манбалари орқали аҳолига мунтазам маълумот бериб борилмоқда.

Мутахассислар фуқароларга имкон қадар очиқ ҳавода узоқ қолмаслик, ниқоб тақиш ва саломатликка эътиборли бўлишни тавсия этмоқда.

Муҳайё Тошқораева, ЎзА