Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Мутахассислар фикри: “Оталар мактабга келиб туриши, фарзандининг ўқиши юзасидан ўқитувчи фикри билан қизиқиши керак”
18:22 / 2022-01-11

Мактаб ўқувчилари қишки таътилда, ҳали таътил муддатини 24 январга қадар узайтириш ҳақида ҳеч қандай гап-сўз йўқ эди. Ўқитувчилар ҳам ўз юмушлари билан банд. Айни шу пайтда Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармаси 2022 йилнинг 8 январь куни барча умумтаълим мактабларида “Оталар куни” ўтказилишини эълон қилди.

Кўпчилик ҳайрон қолди. Сабаби ота-оналар таътил пайтида эмас, ўқув жараёнлари давом этаётган пайтда мактабга таклиф этилар, фарзандлари билан бирга ота-оналар мажлисларида иштирок этарди. Оталар куни нимаси энди?  
– Ўқувчи таълим-тарбиясида ўқитувчи ва ота-она ҳамкорлиги жуда муҳим, айниқса, бугунги даврда, – дейди Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармаси бошлиғи ўринбосари О.Жангиров. – Лекин, тан олишимиз керак, кейинги пайтда фарзанди таълим-тарбияси юзасидан мактаб билан, синф раҳбари билан асосан, оналар ҳамкорлик қилди. Ота-оналар мажлисларига ҳам оналар келади. Ваҳоланки, фарзанд тарбиясида отанинг ўрни жуда катта. Шунинг учун бу гал, таътил вақти бўлишига қарамай, вилоятимиздаги барча мактабларда 8 январь куни оталар мажлисини ўтказишга қарор қилдик. Мақсадимиз – оталар масъулиятини ошириш, мактаб билан ҳамкорлигини мустаҳкамлаш эди. Шу куни 1257 та мактабнинг барчасида бу тадбир ўтказилди. Тўғри, таълим муассасаларининг ҳаммасида ҳам мажлисларда оталар фаол иштирок этди, дейиш қийин. Келгусида бундай тадбирлар анъанавий ўтказиб турилиши билан бу камчиликлар бартараф этилишига ишонамиз. Маълумотларга кўра, вилоят бўйича 321 минг 450 нафар ота мактабга бориб, фарзанди таълим-тарбияси билан қизиққан. Шунингдек, маҳаллий ҳокимликлар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва ҳамкор ташкилотлардан ҳам 4200 нафардан ортиқ масъул ходим мажлисларда иштирок этган.  
Мактаб раҳбарияти ва ўқитувчилар оталар билан умумий ўрта таълим муассасасининг ички тартиб ва одоб-ахлоқ қоидалари, ўқувчилар учун мактаб формасининг аҳамияти, болаларнинг давомати, хулқи ва одоби, олган баҳоларини муҳокама қилишган. Шунингдек, оталарга “Ота-онанинг болага таълим-тарбия бериш борасидаги мажбуриятлари”, “Меҳрибон ота”, “Эрта турмушга бериш оқибати” мавзуларида видеоролик намойиш этилган. Мактаб психологлари томонидан “Ота иқрори” деб номланган тренинг машғулоти ўтказилди. Ўз навбатида оталарга мактаб директори ва педагогларнинг мурожаати йўлланди. Бошқаларга ибрат бўлиши учун фарзанди аъло баҳоларга ўқиётган, фаол ўқувчиларнинг оталарига мактаб раҳбариятининг ташаккурномалари топширилди.  


– Аввал ўқувчиларимиз яшайдиган маҳалла оқсоқоллари билан ҳамкорликда оталарни мактабга чорлаш бўйича тарғибот ишларини олиб бордик, – дейди Самарқанд шаҳридаги 8-ихтисослашган давлат умумтаълим мактаби раҳбари Нигора Суярова. – Биз асосан, юқори синф ўқувчиларининг оталарини мактабга таклиф қилдик ва 250 нафардан ортиқ оталари иштирок этди. Оталарнинг оиладаги ўрни ҳақидаги ваъзхонликдан қочиб, ўқувчиларимизнинг бугунги ўй-фикрлари, кечинмалари юзасидан фикрларимизни билдирдик. Мактабимизда психолог мутахассислар фаолият кўрсатади. Улар доимий равишда ўқувчиларнинг ўқишга қизиқиши, руҳий ҳолати юзасидан тест олади. Ана шу тест натижалари айтилди. Мактаб ўқувчилари орасида ижтимоий ҳимояга муҳтож ёки ота-онаси хорижда бўлган ўқувчилар рўйхатга олинган бўлиб, уларни доим кузатиб боришга ҳаракат қиламиз. Сабаби, ота-онаси хорижда, қариндошлари қўлида қолган болаларнинг феълида доимий равишда ўзгаришлар бўлиб туради. Шунингдек, оталарга мактабда ўқувчилар учун яратилган қўшимча имкониятлар, тўгараклар, уларнинг вақтлари бўйича ҳам аниқ маълумотлар бердик. Оталар куни тадбирларининг асосий хулосаси шу бўлди – оталар мактабга келиб туриши, фарзандининг ўқиши юзасидан ўқитувчи фикри билан қизиқиши керак экан.  

Ғ.ҲАСАНОВ, ЎзА