Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Мутахассис: қуёшли кунларда ва эрталаб очиқ ҳавода сайр қилишнинг фойдаси кўп
15:23 / 2020-11-11

Мамлакатимизда аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш юзасидан кенг кўламли тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилмоқда. Пиёда юриш ва югуришнинг фойдали хусусиятлари инобатга олинган ҳолда, аҳолини рағбатлантириш чоралари кўриляпти.

Шифокорларнинг таъкидлашича, яёв юриш, серҳаракатлилик инсон саломатлигини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади. Айниқса, қуёшли кунларда ва эрталаб очиқ ҳавода сайр қилиш ҳар биримиз учун ғоят фойдали экан. Сайр учун куннинг энг қулай вақти эрталаб соат 8:00 дан 11:00 гача, ёз кунлари кечки 18:00 дан кейиндир. Ушбу тавсияларга амал қилиш чақалоқлар ва ёш болалар учун жуда муҳим бўлиб, очиқ ҳаводаги сайр болани чиниқтириш билан бирга организмда Д витамини ишлаб чиқарилишини кучайтиради.

Республика ихтисослаштирилган травматология ва ортопедия илмий амалий тиббиёт маркази директори, тиббиёт фанлари доктори Муроджон Ирисметов ҳаттоки, ҳомиладор аёлнинг қуёш нуридан баҳраманд бўлиши ҳам фарзандида Д витамини етишмовчилиги бўлмаслигида муҳим эканлигини таъкидлади.

– Агар организмда Д витамини етишмовчилиги кузатилса, боланинг кальций ва фосфор элементларига бўлган эҳтиёжи қондирилмайди. Бу эса, ўз навбатида рахит хасталигини келтириб чиқаради, – дейди М.Ирисметов. – Кўпинча ушбу касаллик кеч куз ва қиш ойларида туғилган болаларда учрайди. Сабаби, бу фаслларда туғилган бола учун қуёш нури етарли булмайди. Боланинг ривожланиши, хусусан, суякнинг ўсиши ва мустаҳкам бўлиши учун организмга кальций ва фосфор элементлари зарур бўлади. Д витамини эса кальций ва фосфорнинг ичакдан сўрилиши, уларнинг суяк, мушак ва бошқа аъзо тўқималарига етиб боришини бошқаради.

Шу боис, Д витаминига бой озиқ-овқатлар – мол гўшти, айниқса, балиқ, тухум ҳамда жигар маҳсулотларини истеъмол қилиш жуда ҳам фойдали. Гўдакка қўшимча маҳсулотлар берилмайдиган даврда она Д витаминига бой маҳсулотлар, кальцийга тўйинган озиқ-овқат: сут ва сут маҳсулотлари, туршак, ловия, хурмо, кўк пиёзларни мунтазам истеъмол қилса, ушбу моддалар она сути билан бирга фарзандига ўтади ва унинг соғлом бўлишига замин яратади.

Малумот учун, Президентимизнинг «Аҳолининг соғлом овқатланишини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, 2021 йил 1 июндан бошлаб 6-23 ойлик болалар учун уй шароитида тайёрланган овқатларни бойитиш мақсадида микронутриент кукуни билан, 6 ойликдан 5 ёшгача бўлган болалар “A” витамини билан, 2-10 ёшдаги болалар гельминтоз профилактикаси бўйича махсус препаратлар билан бепул таъминланадиган бўлди. Шунингдек, 2022 йил 1 июлдан бошлаб ҳомиладор ва бола эмизувчи аёллар ҳамда 3-15 ёшдаги болаларга йод препарати, 35 ёшгача туғиш ёшидаги аёллар темир ва фолий кислотаси препарати бепул берилади.

 

Моҳигул Қосимова, ЎзА