Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Мутахассис: "Ҳеч қачон шифокордан антибиотиклар ёзиб беришини сўраманг!"
17:16 / 2022-10-13

Куз фаслида айниқса, болалар ўртасида иситма, тумов ва грипп касалликлари кўпаяди. Аксарият ота-оналар бундай пайтда ўзбошимчалик билан антибиотикларни қўллашга ва уй шароитида даволашга ҳаракат қилади. Афсуски, бу яхши оқибатларга олиб келмаслиги мумкин.

Хўш, антибиотикларни қабул қилишда нималарга эътибор бериш керак? 
   
Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш Давлат маркази Фармакологик назорат бўлими бошлиғи Эльвира Свечникованинг айтишича, антибиотикларни фақат шифокор кўрсатмасига биноан олиш лозим. 
  
– Фақатгина шифокор сизга антибиотикларни қабул қилиш керакми ёки йўқлиги бўйича тавсия бера олади, – дейди Э.Свечникова. – Ҳеч қачон шифокорингиздан антибиотиклар ёзиб беришини сўраманг! Агар сиз талаб қилсангиз, баъзи шифокорлар сизга махсус кўрсатмаларсиз микробларга қарши воситаларини ҳам буюриши мумкин. Шунингдек, сиз дорихонада бирор дори воситасини харид қилаётганингизда фармацевт сизга шунга ўхшаш бошқа дори воситасини тавсия қилиши мумкин. Бу ҳолатда сиз шифокор билан дори препаратини алмаштириш бўйича келишишингиз ёки шифокор томонидан белгиланган дозани бузмаслик учун фармацевтдан таркиби ва фаол моддаси бўйича маълумотларни аниқлаштиришингиз зарур бўлади. 
  
Шунингдек, даволаш самарали бўлиши учун антибиотикларга сезувчанликни аниқлаш учун бактериал синама топшириш мақсадга мувофиқ. Ушбу таҳлил натижалари шифокорга антибактериал дори препаратни тўғри танлашга ёрдам беради. Дозани тўғри қабул қилинишига ҳар доим этибор қаратиш лозим. Боиси, мутахассиснинг таъкидлашича, дори препаратининг дозасини камайтириш барча патоген бактериялар ўлмаслигига олиб келиши мумкин. 
  
– Дори препаратини қабул қилиш вақтига қатъий риоя қилинг, – дейди Э.Свечникова. – Дори препаратининг қондаги концентрациясини бир меъёрда ушлаб антибиотикни аниқ вақтда қабул қилиш керак. Мисол учун, агар сизга кунига дори препаратини бир марта ичиш буюрилган бўлса, кейинги дозани 24 соат ўтгач қабул қилиш керак. Агар кунига 2 марта бўлса, ҳар 12 соатдан кейин қабул қилинади. 
  
Аксариятимиз антибиотик қабул қилгандан сўнг аҳволимиз яхшилана бошласа, уни қабул қилишни тўхтатиб қўямиз, тўғрими? Қизиғи, бу соғайганликни билдирмас, эҳтимол, инфекция заифлашган, аммо бутунлай йўқолмаган бўлиши мумкин экан. 
  
Нафақат, антибиотикларни, балки таблетка шаклидаги дори препаратларини сув билан ичиш ва кўп миқдорда суюқлик қабул қилиш мақсадга мувофиқ. Асло антибиотикларни сут, сут маҳсулотлари, чой, қаҳва ва шарбатлар билан ичиш тавсия этилмайди. 
  
– Агар антибиотик қабул қилганингиздан сўнг тўрт кун ичида аҳволингиз яхшиланмаса, шифокорингиз билан маслаҳатлашинг. Шифокор дозани ўзгартириши ёки бошқа дори препаратини буюриши мумкин, – дейди Э.Свечникова. 



М.Қосимова, ЎзА