French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Мутахассис фикри: шу вақтга қадар шаҳарда 12 қаватдан юқори бўлган бинолар йўқ эди
20:25 / 2021-04-15

Мутахассисларнинг таъкидлашича, Самарқанд шаҳри жойлашуви жиҳатдан 3 та ҳудудга бўлинади. Бунга тарихий обидалар жойлашган ҳудуд, уни ўраб турган ҳимоя ва очиқ ҳудудлардир.

ЮНЕСКОнинг 1984 йилдаги менежмент режасига кўра, ўша жойлар Ўрта Осиёдаги ривожланган тарихий шаҳарлар чорраҳаси сифатида белгиланган.

Шу туфайли тарихий ҳудудда янги қурилиш ишларини амалга ошириш имкони йўқ. Бироқ бу ерда аҳоли йил сайин кўпайиб бормоқда. Бунинг натижасида шаҳар кенгайиши одатий ҳолга айланди.

Шуни эътиборга олиб, аҳолининг яшаш ҳудудини энди чекка қисмга кўчириш таклиф этилиб, шунинг устида иш олиб борилди. Ҳозир Самарқанд шаҳрининг 3 та катта қисми белгилаб олинган бўлиб, дастлабкиси Қорасув массиви Самарқанд шаҳрининг шимолий қисми, Зарафшон воҳасига туташ жойдир.

Ишлар қай тартибда амалга оширилмоқда?

Бу ҳақда замонавий кўп қаватли турар жойлар лойиҳасининг бош конструктори Собиржон Қаҳҳоров ЎзА мухбирига қуйидагиларни гапириб берди.

– Шу вақтга қадар шаҳарда ҳали 12 қаватдан юқори бўлган бинолар бўлмаган эди, – дейди С.Қаҳҳоров. — Биз янги 16, 15, 14 ва 12 қаватли турар жойлар қурилиши бўйича лойиҳа ишлаб чиқдик. Эътиборлиси, унинг сейсмик устуворлиги кўпчиликни қизиқтиради. Бинолар қуйма темир бетон конструкциядан иборат. Қорасув массиви асли 8 балли сейсмик жойга киради. 

Ер таркибида шағал бор. Шуни ҳисобга олиб янги биноларни 9 балли зилзилага чидамли қилиб қурганмиз. Муҳими, аҳолининг харид қилиш имконига эга бўлиши. Шу жиҳатлар ҳам инобатга олинган. Умуман, Қорасув мавзесида қурилган кўп қаватли уйлар сони 116 тага етди. Жорий йилда яна 7 та 16 қаватли, 2 та 25 қаватли уйлар қурилмоқда.

Президентимизга Самарқанд шаҳри Бош режаси ва ҳудудни кенгайтириш бўйича ўтказилган лойиҳалар тақдимотида ҳам бир қатор лойиҳалар ҳақида маълумот берилди.

Хусусан, Ширин маҳалласида 90 минг нафар аҳоли учун янги шаҳар лойиҳаси, ҳозир бу ерда 1 минг 788 та якка тартибдаги уй жой бор. Янги шаҳар лойиҳаси бўйича турли ижтимоий соҳа объектлари, замонавий кўп қаватли уйлар бунёд этилиб, ҳудуд қиёфаси тубдан ўзгаради.

Шунингдек, Самарқанд вокзали орқасида жойлашган “Меҳнат", "Матонат” ва “Майсазор" маҳалла фуқаролар йиғинларида кўп қаватли турар жойлар қурилиши лойиҳалари ҳам ўзига хос архитектура талаблари, янгича дизайн ва қулайликларни ўзида жамлаган. Ҳозир бу ерда 7 мингдан зиёд аҳоли яшайди.

Кенг кўламли бунёдкорлик ишлари туфайли 13 мингдан ортиқ аҳоли учун 208 та кўп қаватли уй-жой, мактаблар, мактабгача таълим ташкилотлари, маҳалла марказлари, қулай савдо дўконлари, спорт майдончалари, оилавий поликлиникалар ва хиёбонлар барпо этилади.

Ўз навбатида, қурилиш ташкилотлари томонидан белгиланган лойиҳалар учун турли хил кўп қаватли уй жойларнинг архитектура чизмалари таклиф этилмоқда. Мақсад, аҳоли учун қулайлик яратишдир.

ЎзА мухбири

А.Мусаев ёзиб олди