Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Мутахассис фикри: айрим саноат корхоналарини пойтахтдан кўчириш заруратми?
17:24 / 2022-10-21

Енгил саноатнинг ривожланиши мамлакат фаровонлиги асосларидан биридир. Лекин йирик корхоналарнинг Тошкент сингари катта ва гавжум шаҳарларда жойлашиши муайян ижтимоий, иқтисодий, молиявий ва экологик муаммоларни келтириб чиқаради.

Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2021 йилнинг 1 декабрь ҳолатига республикамизда жами фаолият кўрсатаётган саноат корхоналари сони 90.417 тани ташкил этган. Бағрида катта-кичик 16.066 та корхонани жамлаган Тошкент шаҳри мутлақ етакчиликни қўлга киритган. Зеро, энг йирик вилоятлар ҳам бу борада пойтахт билан рақобат қилолмайди. Иккинчи ўринда бораётган Фарғона вилоятида 9.916 та саноат корхонаси бор.

Бу эса саноатнинг мамлакат бўйлаб бир текисда тақсимланмагани, Ўзбекистон ҳам дунёнинг аксарият давлатлари каби йирик ишлаб чиқариш объектларини шаҳар ҳудудидан ташқарига чиқариши зарурлигини кўрсатади.

Албатта, бу борада муайян ишлар бошланган. Хусусан, 2020 йили Тошкент шаҳар ҳокимлиги пойтахтда фаолият юритаётган саноат корхоналарини кичик ҳалқа йўлидан ташқарига кўчиришни бошлаган. Уларга Сергелидаги махсус саноат зонасидан жой ажратилган. Лекин пойтахтнинг туташ вилоят ҳудудлари ҳисобига кенгайиб бориши давом этишини инобатга олсак, бугун шаҳар четида жойлашган Сергели саноат зонаси вақти келиб, марказий туманлардан бирига айланиб қолиши ҳеч гап эмас. Қолаверса, бу каби лойиҳалар дунёнинг бошқа йирик шаҳарларида ҳам муваффақият билан амалга оширилган ва саноат корхоналарини кўчириш дегани улардан таг-туги билан қутилиш керак, дегани эмас.

Пойтахтларда, хусусан, Тошкентда юқори даромад келтирадиган, унча йирик бўлмаган, экологик муаммолардан ҳоли ёки нисбатан ҳоли, ишчи ўринлари яратишда етакчи, муайян ижтимоий аҳамиятга эга саноат корхоналари барибир сақланиб қолади. Бундан шаҳарнинг ўзи ҳам манфаатдор.

Пойтахтдан ташқарига кўчиришда эса, биринчи навбатда, пластмасса маҳсулотлари, йирик техника жиҳозлари ишлаб чиқарадиган, ёниш хавфи юқори, кимёвий хомашёдан фойдаланадиган, терини ошлайдиган ва қайта ишлайдиган объектлар, шунингдек, тўқимачилик корхоналари, уларнинг мато тўқиш, бўяш ва пардозлаш тармоқларига эътибор қаратиш керак. Бу эса чекка ҳудудлардан шаҳардаги йирик корхоналарга ишга келадиган бир неча минглаб ишчи-ходимлар ҳисобига юзага келаётган гавжумликни ҳамда экологик муаммоларни енгиллаштириш, шаҳар транспорти тармоғи юкламасини камайтиришга имкон берган бўларди.

Юқорида тилга олинган йўналишдаги саноат корхоналари учун Тошкент вилоятининг Олмалиқ ва Оҳангарон шаҳарлари жуда мос келади. Зеро, бу ташаббус жуда катта имкониятларга эга бўлишига қарамай, ҳудудидаги саноат корхоналари сони бўйича республикада тўртинчи ўринни эгаллаб турган Тошкент вилоятининг тараққиётига сезиларли ва ижобий таъсир кўрсатган бўларди.

Саноат нима учун шаҳардан ташқарига чиқарилиши керак? Биринчидан, бу – янги автомобиль йўллари, уй-жойлар, ижтимоий инфратузилма объектлари қуриш учун жуда катта ер майдонлари бўшайди, дегани. Иккинчидан, кўчиш корхоналарнинг ўзи учун ҳам фойдали. Масалан, йирик шаҳарларда логистика имкониятлари чекловли. Корхонага ўз ҳудудини янада кенгайтириш ҳам қийин. Ер майдонлари кам, объектлар тиғиз жойлашган. Йирик корхоналар тиқилишиб қолади.

Шаҳар ҳудуди йил сайин кенгайиб боргани билан унинг ички томони торайиб бораверади. Қолаверса, пойтахт ривожланаркан, унинг корхоналар фаолиятига нисбатан қўядиган талаблари қатъийлашади, гавжум шаҳарда логистика масалаларида муаммолар туғилади. Масалан, Европа ва АҚШнинг йирик шаҳарларида саноат корхоналари улуши 1-5 фоизни ташкил қилади, холос.

Зеро, Ўзбекистонда йирик саноат корхоналарини шаҳар ҳудудидан ташқарига кўчириш масаласида ўрнак олса арзийдиган мисоллар бор. Масалан, қишлоқ хўжалиги машинасозлиги корхоналарини Тошкент шаҳар чегарасидан олиб чиқиш ҳамда Чирчиқ шаҳрида яхлит қишлоқ хўжалиги машинасозлиги кластерини ташкил қилиш лойиҳаси бунинг яққол мисолидир. Лойиҳа доирасида Тошкент шаҳрида 85,6 гектар худудда жойлашган 5 та заводни Чирчиқ шаҳрига кўчириш режалаштирилган.

Мамлакат иқтисодиётининг шиддат билан ривожланаётган тўқимачилик саноати корхоналарини кўчиришда эса кўп жиҳатдан ўхшаш Туркия тажрибасига таяниш мумкин. Жумладан, Туркия ҳам тўқимачилик корхоналарини йирик шаҳарлар ҳудудидан ташқарига чиқарган ёки чекка, ишчи кучи нисбатан арзон минтақаларга кўчирган. Бу борада ҳукумат қатъий назорат олиб боради. Мамлакатда саноат корхоналарини йирик шаҳарлардан четга чиқариш тўғрисида махсус қонун ҳужжатлари ишлаб чиқилган.

Табиийки, саноат корхоналарининг Тошкент шаҳридан бошқа вилоят ҳудудига кўчирилиши пойтахтнинг солиқ тушумлари, иш ўринларидан ютқазиши, унинг саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришдаги улуши камайишини англатади. Бошқа томондан эса бўшаган ер майдонларида барпо қилинадиган инфратузилма яқин ва олис келажакда бу йўқотишларни кўп баравар қилиб қоплаш имконини беради.

Саноат корхоналарини шаҳар ташқарисига кўчириш – ҳар қандай ривожланаётган йирик шаҳар босиб ўтадиган табиий йўл. Россия, Туркия, Буюк Британия, Қозоғистон, АҚШ сингари давлатлар тажрибаси бунинг яққол исботидир.

Йирик ва экологияга катта зарар келтирадиган саноат корхоналари эртами-кечми, Тошкент шаҳридан албатта кўчирилади. Бу фақат вақт ҳукмидаги масала. Бутун дунёда содир бўлган бу жараёндан Тошкент ҳам четда қололмайди. Фақат бу жуда жиддий ва йирик лойиҳа бўлиб, унинг иқтисодий, молиявий, ҳуқуқий, ташкилий, ижтимоий жиҳатларини атрофлича ўрганиш талаб қилинади. Бу каби лойиҳалар давлат, маҳаллий бошқарув органлари, саноат корхоналари, кенг жамоатчиликнинг узвий ва изчил ҳамкорлигидагина рўёбга чиқиши мумкин.

Саидвали ҲАКИМХЎЖАЕВ,

"TURON TEX" МЧЖ директори ўринбосари.

ЎзА