English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Мутасаддиларнинг «ҳал бўлди», деган жавобини сенаторлардан бири инкор қилди
12:19 / 2022-12-28

Олий Мажлис Сенатининг ялпи мажлисларида ҳар сафар турли муаммолар кўтарилади, муҳокама қилинади ва якунда назоратга олингани айтилади.

Хўш, кўтарилаётган муаммолар ечимини топяптими?  

Сенатда давом этаётган ўттиз олтинчи ялпи мажлисда шунга эътибор қаратилди.  

Сенат раиси Танзила Норбоева сенаторларга мурожаат қилиб, кўтараётган муаммоларингиз қандай ҳал этилаётгани ҳақида гаплашсак, деган фикрни ўртага ташлади.  

Тошкент вилояти Паркент тумани туғуруқхонасининг ёмон аҳволда эканини, буни бартараф этиш масаласини кўтарган сенатор М.Тоиров буни ижобий ҳал бўлганини билдирди. Сенат кўмагида 5 миллиард сўм ажратилгани, замонавий туғуруқхона бунёд этилгани қайд этилди. Фақат муассаса ҳали жиҳозланмаган. Шу боис бу масалани келгуси йилда ҳал этиш зарурлиги маълум қилинди.  

– Соғлиқни сақлаш вазирлигидан масъуллар борми? Бу масалани назоратга олиш керак.  

Сенат раисининг сўровига масъул шахс мажлисга ҳали етиб келмагани айтилди.  

– Тошкент вилояти Ўртачирчиқ туманидаги «Туркистон», «Бешбой», «Чангтепа» маҳаллаларини ичимлик суви билан таъминлаш масаласи жорий йил якунигача ҳал этилиши керак эди. Бу борада вазият қандай?  

Бу масала ечими бўйича «Ўзсувтаъминот» акциядорлик жамияти бошқаруви раиси Соҳиб Саифназаров изоҳ берди.  

Ўртачирчиқ туманидаги «Туркистон» маҳалласини ичимлик суви билан таъминлаш бўйича маблағ ажратилиб, тендер савдолари ўтказилди. 5 миллиард сўм ажратилган. 4 километрдан ортиқ тармоқ қурилди, бир дона иншоотни қуриш ишлари якунига етяпти. Бу йилдан-йилга ўтувчи лойиҳа бўлиб, 2023 йил биринчи ярим йилликда тугайди. «Чангтепа» маҳалласида ҳам иш олиб борилмоқда. 4,7 миллиард сўм маблағ ажратилиб, 9,6 км. ичимлик сув тармоғи қурилди. Бир дона иншоот бунёд этилди. Бу объектдаги ишлар йил охиригача якунига етади. «Бешбой» маҳалласи бўйича маблағ йўқ эди. «Маҳаллабай» инфратузилмасини яхшилашга оид Президент қарори чиққанидан кейин 2,3 миллиард сўм маблағ ажратилди. Энди 5,1 км. ичимлик суви тармоғи қурилади. Бунинг учун тендер савдолари ўтказилмоқда», деди С.Саифназаров.  

Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Қутбиддин Бурҳонов берилган жавоб амалдаги ишларга тўғри келмаётганини қайд этди.  

– Қўлимда туман ҳокими кеча имзолаган ҳужжат турибди, - деди Қ.Бурҳонов. – Бундан бир ҳафта илгари ўзим ҳам жойига бориб кўриб келдим. «Туркистон» маҳалласида бугунги кунгача биронта ҳам иш қилинмаган. «Чангтепа» маҳалла фуқаролар йиғинида 5 км. сув қувури 2022 йилда эмас, 2021 йилда тортилган. Қувурлар ичига сув эмас, тупроқ тўлиб бўлди. Амалда иш бажарилмади. «Бешбой» маҳалласи бўйича ҳам эндигина тендер эълон қилинди. Берилган маълумотлар ҳақиқатга умуман тўғри келмайди.  

– Бунга нима дейсиз?  

Сенат раисининг саволига масъуллар қўйилган масалаларни жойига чиқиб ўрганиш кераклигини айтиш билан кифояланди.  

Кузатиб борамиз, бу масала қачон ҳал бўлади?  

 

Норгул Абдураимова, ЎзА