Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Мутасаддилар ургутлик ёшлар билан учрашди
21:23 / 2023-04-12

Ёшларнинг мурожаат ва таклифларини тинглаш, уларни қийнаётган муаммоларга ечим топиш, дуч келаётган қийинчиликларини жойида бартараф этиш мақсадида Давлат хавфсизлик хизмати Самарқанд вилояти бошқармаси бошлиғи томонидан ўтказиб келинаётган "Раҳбар ва ёшлар учрашуви"нинг бу галгиси Ургут туманида бўлди.

Туман ҳокимлиги фаоллар залида ташкил қилинган учрашув ҳар галгидан ўзгача бўлди. Унда ДХХ Самарқанд вилояти бошқармаси бошлиғи А.Ахмедов билан бирга вилоят прокурори Ж.Хатамов, вилоят ИИБ бошлиғи Р.Маматов,  Миллий гвардия вилоят бошқармаси бошлиғи А.Умаров ҳамда туман ҳокими ва сектор раҳбарлари иштирок этди.  

Учрашувда ёшлар томонидан йўлланган мурожаатларнинг асосий қисми тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ бўлиб, ҳал қилиш имкони бор бўлган масалаларга жойида ечим топилди. Муддат талаб қилинадиганлари бўйича мутасадди раҳбарларга кўрсатмалар берилди. Жумладан, Фозилжон Тиллаев Испанза қишлоғида IT ўқув марказини кенгайтиришни сўраб  мурожаат қилди ва унга 50 миллион имтиёзли кредит ажратиладиган бўлди. Қорабулоқ маҳалласидан келган Воҳиджон Эргашев оилавий боғча фаолиятига рухсат сўради. Бу мурожаат бўйича мутасаддиларга масалани жойига бориб ўрганиш топшириғи берилди.

Учрашув давомида ДХХ Самарқанд вилояти бошқармаси бошлиғи А. Ахмедов куни кеча Президент раислигида бўлиб ўтган ёшлар билан ишлашнинг янгича тизимини жорий этиш борасидаги долзарб вазифаларга бағишланган йиғилиш мазмун-моҳияти, ёшларга яратилаётган имкониятлар ҳақида батафсил маълумот берди.  

Учрашувнинг иккинчи қисми туманнинг энг олис чегара ҳудудларидан бири Чеп маҳалласида бўлиб ўтди. Дастлаб, меҳмонларга маҳаллий ҳунарманд ва тадбиркорлар томонидан ишлаб чиқарилган буюмлар кўргазмаси намойиш этилди. Шундан сўнг Тожикистон республикаси билан чегарадош ҳудудларда жойлашган тўрт маҳалла ёшлари учун ҳарбий-ватанпарварлик тадбирлари ташкил қилиниб, ҳарбий техникалар, қурол-аслаҳалар намойиш этилди. Ҳарбийларнинг чиқишлари, камондан ўқ отиш, шахмат, шашка, стол тенниси, миллий кураш каби мусобақалар ўтказилди.

Учрашув сўнгида ташкил қилинган "Янги Ўзбекистон ёшлари бирлашайлик" шиори остидаги концерт дастури барчага манзур бўлди.  

 

Ғ. Ҳасанов, А. Исроилов (сурат), ЎзА