English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Мутал Бурҳонов: “Мен соғинч билан яшаб, соғиниб ёздим...”
14:25 / 2019-12-10

Ўзбекистон мадҳияси бастакори, беназир истеъдод соҳиби, Мутаваккил Бурҳонов 1916 йилда Бухоро шаҳрида таваллуд топди.


Ўзбекистон мадҳияси бастакори, беназир истеъдод соҳиби, Мутаваккил Бурҳонов 1916 йилда Бухоро шаҳрида таваллуд топди. Унинг болалиги шу ерда ўтди. Тенгқурлари орасида нозик қалби ва теран мушоҳадаси билан ажралиб турадиган бу йигитча Домла Ҳалим Ибодов, Ота Жалол, Ота Ғиёс, Левича Ҳофиз сингари улуғ санъат фидойилари изидан бориб, улар сингари куй чалишни, қўшиқ айтишни ва эшитганда қалбларга таскин берувчи мусиқа асарлари басталашни чин дилдан орзу қилди. Шу мақсади сари интилди, курашди, ўқиб ўрганди ва ўз орзуларининг рўёбига эришди.

Унинг альбомидан жой олган лирик романслар, жозибали бадиий симфоник асарлар, “Абу Али Ибн Сино”, “Сурайё”, “Мафтунингман” сингари кинофильмларга басталанган мусиқий асарлари ўзбек мусиқа санъатининг олтин фондидан ўрин олди. 

Айниқса композиторнинг “Алишер Навоийга қасида” номли операси катта шуҳрат қозонди. Ижоди юксак қадрланиб, “Буюк хизматлари учун” ордени билан тақдирланди.

Композиторнинг хонадони Бухоро шаҳар касалхонаси рўпарасидаги кўп қаватли уйда жойлашган эди. 

Ҳаётлик чоғида Мутал Бурҳоновдан олинган интервьюда ижодкорнинг қалб кечинмалари қуйидагича акс этган эди.

“МЕН СОҒИНЧ БИЛАН ЯШАБ, СОҒИНИБ ЁЗДИМ...”

photo5438098491831331777.jpg

Мутал Бурҳонов: – Менинг бу ёруғ дунёда мусиқадан ўзга илинжим ва ҳамроҳим бўлмади. Санъат билан туғилиб, санъат билан ўтяпман. Тақдиримдан розиман. Мен яратган оҳанглар кўп йиллар келажак авлодларга илҳом бағишлашига ишонаман.Чунки мен куйларимни буюк муҳаббат билан яратдим. Муҳаббат эса олий туйғу, у инсонни юксакликка чорлайди, эртанги кунга ишониб, интилиб яшашига ундайди ва иккинчи бир туйғуни, одамлар меҳрини ўзига тортади. Аслида санъатнинг, мусиқанинг бор жозиба ва сеҳри ҳам шунда. Қалбларни қалбларга бирлаштиргувчи мустаҳкам ришта эканлигида. Мен бир нарсадан фахрланаман, менинг мусиқам бутун дунё бўйлаб янграганида ҳар қандай инсонлар ўрнидан туради. Бунинг маъноси катта, улар менинг санъатим қаршисида эмас, Ватаним Ўзбекистоннинг салобатли овози қаршисида бош эгадилар. Давлат мадҳияси бу Ватаннинг овози... Менга яратган Эгам ўша овоз оҳангларини қалбимга жойлагани ва бу оҳангни ўзга қалбларга етказа олишим учун йўл берганига беадад шукроналар айтаман. Истагим одамлар куйласин, қўшиқ айтсин, айтганда, ҳам жўшиб, севиниб, эртанги кун ишончи билан тўлқинланиб куйласин...

photo5440780668842912811.jpg

Мутаваккил Бурҳонов ўз халқи ва миллатини яхши кўрарди. Шунинг учун ҳам яратган мумтоз мусиқий асарлари самимий чиқарди.

Ўшанда бастакор хонадонидан 40 дақиқалик кўрсатув тайёрланди. Мазкур кўрсатув вилоят телевидениеси орқали қайта-қайта намойиш этилди.

Мутаваккил Бурҳонов ўз санъатини қалбининг туб-тубида ардоқлади ва ҳалол меҳнати ила уни кўкларга кўтарди. 

Мутал Бурҳонов: – Бутун умрим давомида одамлар ёдида қоладиган, сира эскирмайдиган, ҳамма бир бўлиб, жўр бўлиб куйлайдиган қўшиқ яратиш нияти билан яшадим. Ниятим соф эди. Шуни биламанки мени халқим ҳеч қачон унутмайди.

photo5440780668842912812.jpg

Менинг санъатим эртанги ёшлар билан бирга қайта-қайта улғаяверади. Халқимнинг яхши кунларида, соғинч билан ёдга олинади. Чунки мен соғинч билан яшаб, соғиниб ёздим. Меҳрга ташна қалбимни кафтимга қўйиб халқимга тутдим...

Дарҳақиқат, шоир Усмон Носир айтганидек:

Баргдек узилиб кетсам,
Унутмас мени боғим,

Ишимни ҳурмат қилур,
Гуллардан ҳайкал қурур

Минг йиллардан кейин ҳам,
Унутмас мени боғим...

Гулчеҳра МИРЗАЕВА