Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Мустақилликнинг қутлуғ қадами
09:45 / 2024-08-30

Мамлакатимиз ўз мустақиллигига эришиб, жаҳон ҳамжамиятида алоҳида ўрнига, сўзига эга бўлганига 33 йил тўлмоқда. Бу улуғ байрамнинг халқимиз ҳаётида тутган ўрни беқиёс. Ўз навбатида, ҳар бир юртдошимизнинг бу айём ҳақида ўзига хос фикрлари бор.

Тошкент шаҳар суди раисининг ўринбосари - иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати раиси Иброҳим Алимов мустақиллик ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашди

– Ўзбекистон Республикаси ўз давлат мустақиллигини қўлга киритган буюк тарихий кун – халқимизнинг ижтимоий-сиёсий, маънавий ҳаётида беқиёс ўрин эгаллаган, ҳар йили энг улуғ, энг азиз байрам сифатида катта шоду-хуррамлик билан нишонланадиган қутлуғ айёмдир.

Юртимиз ривожи йўлида амалга оширилаётган муҳим янгиланиш ва ислоҳотлар, илм-фан юксалиши, спорт соҳасидаги  ютуқлар, турли жабҳаларда изланишлар олиб бораётган олимларимизга юксак эътибор, республикамиз иқтисодиёти ва ижтимоий ҳаётининг ҳар бир соҳасига инновацияларнинг жорий этилиши бўйича қилинаётган саъй-ҳаракатлар бугун ўз самарасини бермоқда. Мамлакатимизда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари, замонавий технологиялардан фойдаланган ҳолда ишлаб чиқаришнинг ташкил этилиши бунинг яққол мисолидир.

Мустақилликнинг қадр-қиммати ва аҳамияти йилдан-йилга ортиб бормоқда. Мамлакатимиз тараққиётнинг янги босқичига қадам қўйиб, барча соҳа ва тармоқларда янгиланиш жараёнлари кечмоқда. Ўтган давр эркин ва фаровон ҳаётни, буюк келажакни фақат ва фақат мустақиллик асосидагина қуриш мумкинлигини кўрсатди. Бу вақт ичида суд-ҳуқуқ соҳасида ҳам улкан ўзгаришлар юз бердики, соҳа тубдан янгиланди, десак, хато қилмаган бўламиз. 2023 йилда умумхалқ референдуми асосида Конституциянинг янгилангани эса, барча йўналишларда, жабҳаларда ўз самарасини кўрсата бошлади.

Айтиш мумкинки, байрамдан байрамгача бўлган давр ичида, бу йил жуда катта, бутун мамлакат ҳаётига таъсир қилувчи, жаҳон ҳамжамияти томонидан эътироф этилгудек ўзгаришлар, ютуқлар, ижобий янгиланишлар юз берди. Янгиланган Конституция буларнинг энг муҳимларидан бўлса, халқаро миқёсда Ўзбекистон ташаббуслари қўллаб-қувватланаётгани барчамизга фахр, Олимпиада ўйинларида спортчиларимиз томонидан эришилган юксак ютуқлар эса ифтихор бағишлади.

Байрам арафасида Президент қарори билан мукофотланган бир гуруҳ ҳамюртларимиз орасида суд тизими ходимлари ҳам борлиги барчамизни қувонтирди. Шунингдек, Мустақилликнинг 33 йиллиги “Бир бўлсак – ягона халқмиз, бирлашсак – Ватанмиз!” шиори остида ўтказилишида ҳам теран маънолар борки, бутун дунёда сиёсий беқарорлик юз бериб турган айни кунларда, бизнинг бирлик, бирдамликка янада кўпроқ эҳтиёжимиз бор.

Давлатимиз раҳбарининг “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз уч йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарори асосида юртимиз бўйлаб ўтказилаётган маърифий учрашув ва суҳбатлар ўтказилаётгани, кўмакка муҳтож инсонларнинг ҳолидан хабар олинаётгани, анъанавий кўрик-танловлар ўтказилаётгани ҳам халқимизнинг бирлиги, бирдамлиги, ёшларда ватанпарварлик туйғулари шаклланишига муносиб ҳисса қўшмоқда.

Ҳар бир давлатнинг мустақилликка эришган куни шу мамлакат халқининг жаҳон ҳамжамиятида ўз ўрни ва ўз сўзига эга бўлиш бахтига муяссар бўлган  энг азиз санадир. Истиқлол йилларида янги авлод камолга етди. Энг муҳими, ҳаётининг маъно-мазмуни, мақсад-муддаоси ва дунёқараши тубдан ўзгарган юртдошларимизни мустақилликни янада мустаҳкамлаш, тинчлик ва осойишталигимизни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш, баркамол авлодни тарбиялаб, мамлакатимизнинг жаҳондаги нуфузини янада юксалтиришдек эзгу мақсадлар бирлаштирди.

Истиқлол – миллатимиз, мамлакатимизнинг жаҳондаги обрў-эътибори, шон-шавкатини кўтарадиган соғлом авлодни, ҳар жиҳатдан баркамол ва фидойи ўғил-қизларни тарбиялаш, уларни вояга етказиш ва бахтини кўришдир.

Адолат устувор мамлакатдагина тараққиёт, ривожланиш бўлади. Шу сабабли ҳам, суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган ҳар бир ишда адолат тамойилларига амал қилинмоқда.

Буни судларнинг фуқароларга янада яқинлашаётганидан, уларга бир вақтлар ёпиқ бўлган эшикларини кенг очаётганидан, соҳанинг шаффофланиб бораётганидан яққол кўриш мумкин. Бугунги кунда кўплаб ишлар сайёр суд мажлисларида кўрилмоқда, суд раҳбарлари, судьялар фақат хоналардагина эмас, жойларга чиқиб, аҳоли билан юзма-юз мулоқот қилмоқда. Уларнинг муаммоларини, дардини эшитиб, дарҳол қонуний ёрдам кўрсатиб, ташвишлар барҳам топишига кўмаклашмоқда. Буларнинг бари, албатта, халқни рози қилиш учун ташланаётган муҳим қадамдир.

Фурсатдан фойдаланиб, улуғ айём билан халқимизни муборакбод этаман.

ЎзА мухбири

Н.Абдураимова

ёзиб олди.