Масъуллар жавоб берди.
Сурхондарё вилоятидаги “Мустақилликнинг 25 йиллиги” конида энергетика вазири Ж.Мирзамаҳмудов ва фавқулодда вазиятлар вазири, генерал-майор А.Қўлдошев иштирокида 17 сентябрь куни конда юз берган техноген ҳодиса юзасидан брифинг ўтказилди.
Унда 17 сентябрь куни соат 16:00 ларда Бойсун туманидаги “Кофрун” МФЙ ҳудудида жойлашган “Мустақилликнинг 25 йиллиги” (М-25) конига қарашли 604-сон қудуғининг ён тарафидан юқори босимли водород сульфид гази сизиб чиқиш ҳолати қайд этилганлиги айтилди.
Дастлабки маълумотларга кўра, ҳодиса оқибатида 4 нафар фуқаро вафот этган. 11 нафар фуқаро эса тан жароҳати олиб, шифохонага юборилган. Кечанинг ўзида уларнинг 10 нафарига уйига жавоб берилган.
Жорий йил 1 сентябрь куни соат 15:17 да “М-25” конидаги 604-сонли қудуқда бурғилаш ишларини олиб бориш вақтида технологик жараённинг бузилиши натижасида водород сульфид гази чиқиши кузатилган эди. Ушбу техноген ҳодиса оқибатларини бартараф этиш бўйича республика даражасидаги вазирлик ва идоралар мутасаддиларидан иборат тезкор штаб тузилиб, унинг назорати остида ҳодиса оқибатларини режали бартараф этиш ишлари амалга оширилди. Натижада 15 сентябрь куни қудуқ герметикланган ҳамда табиий газнинг сизиб чиқиши ҳолати тўлиқ сўндирилганди.
Брифингда иштирокчиларнинг “Нега бу ҳодиса яна такрорланди?” дея берган саволига Энергетика вазири Ж.Мирзамаҳмудов мазкур коннинг географик жойлашуви ва ўзига хос хусусиятлари билан бевосита боғлиқлигини айтди.
Қайд этилишича, “Мустақилликнинг 25 йиллиги” кони маъмурий жиҳатдан Ўзбекистон Республикасининг Сурхондарё вилояти ҳудудида жойлашган бўлиб, Бойсун шаҳридан 20 километр жануби-шарқда жойлашган. Географик жиҳатдан ҳудуд тоғолди-адир рельефидир. Рельефнинг мутлақ баландлиги денгиз сатҳидан 1000 метрни ташкил этади.
“М-25” (“Гажак”) кони биринчи марта 1933 йилда геологик тадқиқот йўли билан аниқланган ва 1938 йилда тайёрланган. 1941 йилда бу ерда биринчи қидирув қудуғи бурғиланган. 1974 йилда 5-сонли қудуқни синовдан ўтказишда қуйи бўр қатламларидан газнинг саноат оқимлари олинган. Худди шу йили тузилма кон тоифасига киритилган.
Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, кон заҳираси 40 млрд. м3ни ташкил этган. 2006 – 2008 йилларда Малайзиянинг “PETRONAS” компанияси томонидан “Ўзбекнефтгаз” МХК билан имзоланган қўшма ўрганиш тўғрисидаги битим доирасида Гажак майдонида 3D сейсмик қидирув ишлари олиб борилди ва битта қудуқ синовдан ўтказилди.
Компаниянинг лойиҳага киритган тўғридан-тўғри инвестициялари умумий миқдори 102 миллион АҚШ долларини ташкил этди. Компаниянинг инвестиция сиёсатидаги ўзгаришлар, энг асосийси, "Гажак" конини ўзлаштиришнинг мураккаблиги туфайли компания лойиҳадан чиқди.
"М-25" кони жуда мураккаб геологик тузилишга эга. Мураккаб геологик тузилиш кўп сонли структуравий бузилишларнинг мавжудлиги, фильтрация-сиғим хусусиятларининг катта хилма-хиллиги билан боғлиқ. Бу ерда самарали қазиб олиш учун бутасимон бурғилаш усулидан фойдаланиш талаб этилади.
Таъкидлаш жоизки, 2017 йилдан "Surhan Gas Chemical Operating Company" компанияси оператор сифатида "Мустақилликнинг 25 йиллиги" конида ва “Ўзбекистон мустақиллиги” инвестиция блокида маҳсулот тақсимотига оид битим доирасида нефть-газ операцияларини амалга оширишни бошлади.
Геология қидирув ишлари доирасида 160 квадрат километр ҳудудда 3Д, 492 погон километр ҳудудда эса 2Д услубида сейсмик тадқиқот ишлари амалга оширилди. Жами 23 та қудуқда бурғилаш, 10 та қудуқда синов ишлари якунланган.
Брифинг якунида масъуллар бу ерда тегишли ташкилотлар мутахассислари томонидан барча зарурий ишлар олиб борилаётганини таъкидлади.
ЎзА.