French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Мустақилликка тенгдош оилалар ҳаётий тажрибаларини ёшлар билан ўртоқлашди
12:11 / 2021-08-23

Оила – муқаддас гўша ва маънавий камолот маскани. Албатта, жамиятимизда намунали оилалар талайгина. Намунали оила деганда, оилавий муносабатлар маънавий мезонлар асосида қурилган, яхши ва ахлоқли фарзандлар тарбиялаган, тинч-тотув ва фаровон турмуш кечирадиганлар кўз олдимизга келади. Уларнинг борлиги бошқалар учун ибрат мактаби. Ана шундай намунали ва мустақилликка тенгдош оилаларда истиқлол фарзандлари ўсиб-улғаймоқда.

Ўзбекистон Республикаси Мутақиллигининг 30 йиллиги арафасида Сирдарё вилояти Ховос тумани 1-сон ФҲДЁ бўлими ташаббуси билан “Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик!” шиори остида оила қуриш остонасидаги ёшлар иштирокида тумандаги энг намунали ва ибратли оилалар вакиллари билан “Мустақилликка тенгдош оилалар” мавзусида маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди.

Унда “Мустақилликнинг 25 йиллиги” маҳалласидан Баҳодир ва Насиба Ўровалар, “Истиқлол” маҳалласидан Абдулла ва Дилкарам Эрназаровалар, “Бунёдкор” маҳалласидан Абдуназар ва Ойимхол Жияновалар оилалари иштирок этди ва ўзларининг мустаҳкам оила яратиш сирлари билан ўртоқлашди.

– Турмуш қурганимизга бу йил 30 йил бўлди, – дейди тадбир иштрокчиларидан бири Дилкарам Эрназарова. – Шу йиллар давомида турмуш ўртоғим билан бир-биримизга суяниб, меҳр кўрсатиб яшадик, комил фарзандлар тарбияладик. Шукрки, улар бугун эл хизматида. Оиланинг мустаҳкам бўлишида эр-хотиннинг бир-бирига бўлган ишончи жуда муҳим, деб ўйлайман.

– Оила мустаҳкамлигини таъминлашда тажрибали инсонлар ўгити, пурмаъно насиҳатлари, уларнинг ибратли ҳаёт тарзи ҳам муҳим ўрин тутади, – дейди Ховос тумани 1-сон ФХДЁ бўлими мудираси Дилноза Ҳамадонова. – Шу жиҳатдан олганда, ёш оилаларга улар турмуши ибрат бўлса, тажрибасидан ўрганса, ўйлаймизки, оила янада мустаҳкам ва фарзандлар тарбияли бўлади. Биз келгусида бундай тадбирларни туман маҳаллаларида ҳам ўтказишни режалаштирганмиз.

Тадбирда байрам муносабати билан мустақилликка тенгдош оила вакилларига эсдалик совғалари топширилди.

 

Шуҳрат Суяров, ЎзА