Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Мустақилликка 34 йил: Янги Ўзбекистон армияси – ҳақиқий ватанпарварлик мактабига айланди
10:39 / 2025-08-29

Ватан учун, миллат учун, халқ учун!

Ватанимиз мустақиллигининг 34 йиллиги “Ватан учун, миллат учун, халқ учун!” ғояси асосида юртимиз бўйлаб кенг нишонланмоқда. Бу жараёнда ортга бир назар ташлаб, мустақиллик йилларида халқимиз эришган ютуқлар ҳам сарҳисоб қилинмоқда.   

Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Қутбиддин Бурҳонов мустақиллик йилларида мамлакатимиз хавфсизлиги, халқимиз осойишталигини сақлашда муҳим ўрин тутаётган миллий армиянинг мустаҳкамлангани ҳақида сўз берди: 

– Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигини қўлга киритган кун ўзининг  қадри, қиймати билан бошқа байрамлардан ажралиб туради. Зеро, дунёда 7 мингга яқин миллат ва элат истиқомат қилади. Ўз давлат рамзларига эга суверен давлатлар сони эса бор-йўғи 200 та атрофида. Ана шу давлатлар қаторида Ўзбекистоннинг борлиги катта ифтихордир. 

Албатта, бунга эришиш осон бўлмаган. Асрлар давомида озодлик учун кечган курашларда элимиз кўплаб фарзандларидан жудо бўлган. Ниҳоят, халқимизнинг матонати ва қатъияти самараси ўлароқ қўлга киритилган мустақиллик 1991 йилнинг 31 августида Биринчи Президентимиз Ислом Каримов томонидан жаҳон ҳамжамиятига эълон қилинди.

Ватан озодлигига эришиш, ўз тақдирини ўз қўлига олиб, ҳам сиёсий, ҳам иқтисодий мустақилликни мустаҳкамлаш йўлида халқимиз оғир ва машаққатли, айни пайтда, улкан яратувчилик йўлини босиб ўтди. 

Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъбири билан айтганда, бугун бир ҳақиқатни катта ғурур ва ифтихор билан айтишга тўла асосимиз бор: мард ва матонатли халқимиз қанчалик қийин ва оғир синовларга дуч келмасин, ўзининг мустаҳкам иродасини намоён этиб, ўзи танлаб олган мустақиллик йўлига доимо содиқ бўлиб келмоқда.

Давлатимиз раҳбари томонидан асос солинган ва Ўзбекистон тараққиётининг янги босқичи сифатида дунё миқёсида тан олинаётган ҳозирги давр мустақилликни мустаҳкамлаш сари қўйилган энг улкан қадамлар давридир. Зотан, бу давр Ўзбекистонни бутунлай ўзгартирди, мамлакатимизни янги, демократик қиёфада жаҳонга танитди.

Энг муҳими, ушбу даврда халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халққа хизмат қилиши тамойили ҳаётга татбиқ этилди. Аҳолининг ҳаёт даражаси ва сифатини яхшилаш давлат сиёсатининг бош мезони этиб белгиланди.

Давлатимиз раҳбарининг шахсий ташаббуси, сиёсий иродаси туфайли қисқа муддатда Ўзбекистон чегаралари ёпиқ давлатдан минтақа интеграциясининг энг илғор ташаббускор давлатига айланди. 

Ўзбекистонни тамомила ўзгартирган тараққиётнинг янги босқичига Президентимиз томонидан бундан қарийб саккиз йил аввал асос солинди.

Дунёда рўй бераётган қуролли тўқнашувларни таҳлил қилган ҳолда қўшинларни тайёрлашнинг энг мақбул йўналишлари ва мазмуни белгиланиб, Қуролли Кучларнинг тезкор бошқарувини ташкил этиш, ҳарбий хизматчиларнинг ахлоқий-руҳий тайёргарлиги, жанговар руҳини ошириш бўйича аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, амалиётга татбиқ этилмоқда.

“Ўзбекистон – 2030” стратегиясида юртимиз мудофаа салоҳиятини янада мустаҳкамлаш ва Қуролли Кучларимизни ривожлантириш устувор йўналишлардан бири этиб белгиланди. Шу сабабли, энг мураккаб шароитларда қўшинларни жанговар ҳаракатларга самарали ва қисқа муддатларда тайёрлашнинг янги шакл ҳамда услублари устида фундаментал ишлар олиб борилмоқда.

Мутахассисларнинг касбий тайёргарлиги ва малакасини оширишга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, жорий йил август ойида Қуролли Кучлар Академияси ислоҳ қилиниб, унинг негизида Ўзбекистон Республикаси ҳарбий хавфсизлик ва мудофаа университети ташкил этилди. 

Мудофаа вазирлигининг барча ҳарбий таълим муассасалари,  Сержантлар тайёрлаш олий мактаби ҳамда Авиация ва учувчисиз учиш аппаратлари мутахассисларини тайёрлаш маркази мазкур университет таркибига ўтказилди. Бу марказлашган вертикал тизимни ҳосил қилиб, қўшинларнинг жанговар салоҳиятини ошириш, дуал таълимни кенгайтириш, илмий тадқиқотларни амалиётга татбиқ этишга хизмат қилади.

Глобал ва минтақавий хавф-хатарлар кучайиб бораётган ҳозирги шароитда Ўзбекистон миллий хавфсизлик стратегиясини замон талабларига мос равишда янгилаб бормоқда. 

Терроризм, экстремизм, киберхавфсизлик, ноқонуний миграция ва трансмиллий жиноятчилик каби муаммоларга қарши курашишда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва махсус хизмат органлари фаолияти узвий равишда мувофиқлаштирилмоқда.

Жумладан, дунёда кун сайин ортиб бораётган таҳдид ва хатарлар шароитида учувчисиз авиация тизимларидан самарали фойдаланиш хавфсизликни таъминлашнинг муҳим стратегик йўналишлардан бири эканини инобатга олиб, жорий йилда Чегара қўшинларига қарашли ҳарбий қисмлардан бирида юқори технологияларга асосланган учувчисиз учиш авиация тизимлари мажмуаси фойдаланишга топширилди.

Учувчисиз учиш авиация тизимларидан мамлакатимизда самарали фойдаланиш нафақат миллий хавфсизликни, балки жамиятнинг барқарор ривожланишида ҳам дастуриамал бўлиб хизмат қилади

Қайд этиш лозимки, Ўзбекистоннинг нейтрал ва тинчликсевар ташқи сиёсати, барча қўшни давлатлар билан яхши қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлаш йўлидаги ҳаракатлари мамлакат хавфсизлигини таъминлашда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда. Шунингдек, ШҲТ, МДҲ ва бошқа халқаро тузилмалар доирасида хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорлик алоқалари янада кенгаймоқда.

Бугунги халқаро муносабатларда мамлакатнинг ривожланиши ва унинг тараққиёти мамлакатда ўрнатилган тинчлик ва осойишталикка боғлиқ бўлиб қолмоқда. 

Зотан, қайси давлатда нотинчлик, оммавий тартибсизлик, қуролли можаролар, ҳарбий тўқнашувлар юз берадиган бўлса, шу давлатда иқтисод, саноат, ишлаб чиқариш, соғлиқни сақлаш ва таълим каби тармоқлар сезиларли даражада заифлашади. Шу боис, ҳар бир давлатнинг хавфсизлиги, фуқароларнинг тинч ва осойишта ҳаётини таъминлашда Қуролли Кучларнинг аҳамияти юқори ҳисобланади.

Миллий армиямиз ҳар қандай хавф-хатарларга муносиб жавоб қайтара оладиган мустаҳкам кучга эга бўлдики, бу, аввало, тинчликсевар халқимизнинг юксак матонати, ватанпарвар ўғлонларимизнинг бирлиги, ҳарбий хизматчиларимизнинг жамият ҳаётидаги фаол иштирокида яққол намоён бўлди. 

Минглаб ёшлар кўз ўнгида қўшинларнинг жанговар салоҳияти, ҳарбий қудрати, замонавий техника, қурол-яроғлардан юқори савияда фойдалана олиш кўникмалари намоён этилиши натижасида эртамиз эгалари қалбида қатъий ишонч, сўнмас шижоат, ғурур ва ифтихор туйғулари жўш урди. “Халқ ва армия – бир тану бир жон”га айланди.

Бир сўз билан айтганда, миллий армиямиз таркибида қисқа йилларда амалга оширилган ислоҳотлар ва кенг кўламли ўзгаришлар, халқимизнинг ўз ҳимоячиларига ишончини ошириш билан бирга, армиямиз нуфузини дунё рейтингида юқори поғоналарга кўтарди. Қисқача айтганда, Янги Ўзбекистоннинг Янги армияси чинакам мардлик, фидойилик, ҳақиқий ватанпарварлик мактабига айланди.

Хулоса сифатида айтиб ўтиш керакки, мустақилликни асраш, уни янада мустаҳкамлашда миллий армиямиз муҳим ва ҳал қилувчи роль ўйнайди. Фақат шуни унутмаслик керакки, бу нафақат миллий армиянинг ёки ҳуқуқ-тартибот органларининг, балки юртимизда яшаётган ҳар бир инсоннинг  муқаддас бурчидир.

Норгул Абдураимова, ЎзА