“Ватан учун, миллат учун, халқ учун!”
Мустақиллик – миллий давлатчилигимиз тарихида туб бурилиш ясаган, асрий қадрият ва анъаналаримиз, ҳақ-ҳуқуқларимизни тиклашга йўл очган буюк неъмат.

Юртимиз бўйлаб Ватанимиз Мустақиллигининг 34 йиллиги байрами шукуҳи кезиб юрибди. Сенатнинг Бюджет ва иқтисодий масалалар қўмитаси раиси ўринбосари Қобил Турсунов ушбу улуғ байрам билан боғлиқ фикрлари билан ўртоқлашди:
– Истиқлол йилларида юртимизда янги давлат ва жамият қуриш йўлида тарихий ишлар амалга оширилди. Мамлакатимизнинг жаҳон ҳамжамиятида муносиб ўрин эгаллашига асос бўлувчи улкан ютуқлар қўлга киритилди. Мустақиллик халқчил ва демократик тамойилларга асосланган давлат, инсон қадри устувор бўлган эркин фуқаролик жамиятини барпо этиш имконини берди.
Мустақилликка 34 йил – Ватанимиз учун том маънодаги уйғониш, тикланиш ва юксалиш даври бўлди. Иқтисодиёт, илм-фан, маданият, маърифат, маънавият, демократик жамият қурилиши ва бошқа соҳаларда мислсиз ютуқлар қўлга киритилди. Айниқса, кейинги йилларда барча соҳада амалга оширилаётган ўзгаришлар шиддатли тус олди.
Юксак сиёсий ирода туфайли Ўзбекистон дунёга, дунё Ўзбекистонга очилди. Айниқса, минтақа давлатлари билан анча пайт музлатилган муносабатларга илиқлик кирди. Йиллар давомида ечимини кутаётган муаммолар ҳал этилди. Натижада Марказий Осиё давлатлари билан барча соҳалардаги алоқаларимиз янги босқичга чиқди.
Ўзбекистоннинг дунёга очилиши, шаффоф ва прагматик сиёсати минтақа ташқи сиёсатидаги векторларига ҳам ижобий таъсир кўрсатди. Ҳозирги кунда қўшни мамлакатлар билан алоқаларни мустаҳкамлаш бўйича амалдаги сиёсатимизни дунё ҳамжамияти эътироф этмоқда.
Ўтган тарихан қисқа даврда юртимизнинг Марказий Осиё минтақаси ва жаҳон миқёсидаги сиёсий ўрни ва нуфузи кескин ошди. Дунёда янги Ўзбекистонга нисбатан ишонч руҳи ва мамлакатимиз билан ҳамкорликка интилиш тамойили кучайди. Кейинги йилларда минтақанинг юрагида жойлашган мамлакат – Ўзбекистоннинг ўзгаргани, қўшнилар, қолаверса, дунё ҳамжамияти билан очиқ сиёсат юритишга ўтгани ҳисобига юз бераётганини барча кўриб, ҳис қилиб турибди.
Зотан, янги Ўзбекистонни барпо этиш бўйича саккиз йил олдин бошланган кенг кўламли ислоҳотлар туфайли жамиятимизнинг ижтимоий-сиёсий манзараси бутунлай ўзгарди. Кўп миллатли ва кўп конфессияли жамиятимиздаги тинчлик, ўзаро дўстлик ва ҳамжиҳатлик муҳити мустаҳкамланди. Ўзбекистоннинг Марказий Осиё минтақасида яхши қўшничилик, ҳамкорлик ва интеграция жараёнларини кучайтиришдаги ўрни ва нуфузи ортиб, янги босқичга кўтарилди. Натижада янги Ўзбекистоннинг жаҳон ҳамжамиятида очиқ, демократик ва дунёвий давлат сифатидаги обрў-эътибори ва нуфузи тобора юксалиб бораётир. Бошқача айтганда, давлатимиз раҳбарининг инсон манфаатларини таъминлаш йўлида олиб бораётган саъй-ҳаракатлари сабабли “Янги Ўзбекистон орзуси” реал ҳақиқатга айланмоқда.
Ўзбекистон етакчиси бу демократик ўзгаришларни кимларгадир ёқиш, мақтаниш, турли рейтингларга кириш учун эмас, балки халқимизнинг бугунги ҳаёти ва эртанги истиқболини ўйлаб, миллий манфаатларимиз йўлида амалга оширмоқда.
Янги Ўзбекистонда изчиллик билан амалга оширилаётган шиддатли ислоҳотлар натижасида “Инсон қадри учун” тамойили жамиятда ўз ифодасини топиб, юртимизда истиқомат қилаётган ҳар бир фуқаронинг ҳаётий манфаатлари, орзу-умидлари рўёбга чиқиб, чинакам яшаш завқини туймоқда. Шунинг учун бугунги Ўзбекистон – кечаги Ўзбекистон эмас, бугунги халқимиз ҳам кечаги халқ эмас, деб айтишга барча асосларимиз бор.
Мамлакатимизнинг Давлат мустақиллигига эришиши, ҳуқуқий демократик давлат қурилиши, янги жамиятга ўтиш даврида сиёсий-иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштиришга доир тадбирлар, ижтимоий-сиёсий барқарорликни таъминлаш, маънавий-руҳий покланиш ҳамда Ўзбекистоннинг жаҳон ҳамжамиятидан муносиб ўрин олиши муҳим тарихий воқеалардир.
Сир эмас бу йилги байрам тадбирлари “Ватан учун, миллат учун, халқ учун!” деган эзгу ғояни ўзида мужассам этган ҳолда ўтказилмоқда. Таъбир жоиз бўлса, Ватан учун яшаш бу юртимизнинг тараққиёти учун интилиш, унинг шаънини ҳимоя қилиш, уни дунё тан оладиган замонавий, обод мамлакатга айлантириш демакдир.
Бир сўз билан айтганда, юртимизда олиб борилаётган ислоҳотларни амалга оширишда фидокорона қатнашиб, Мустақилликнинг буюк неъматларига шукрона қилиб, қадрига етиб яшаш ҳамда мустақиллигимизни янада мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшиш барчамиз учун ҳам қарз, ҳам фарздир.
Норгул Абдураимова, ЎзА