English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Мустақиллик — янгиланиш, тараққиёт, шукроналик ва юксак маънавият тимсоли!
12:22 / 2026-02-14

Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 35 йиллигини кенг нишонлаш тадбирлари доирасида Республика Маънавият ва маърифат маркази, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси, Ўзбекистон Бадиий академияси, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳамда Ёшлар ишлари агентлиги ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

Мазкур меморандумнинг асосий мақсади Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 21 декабрдаги “Маҳалла институтининг жамиятдаги ролини тубдан ошириш ва унинг аҳоли муаммоларини ҳал этишда биринчи бўғин сифатида ишлашини таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ижросини самарали таъминлаш, маҳаллалардаги истеъдод эгалари фаоллигини қўллаб-қувватлаш ҳамда уларни юксак бадиий асарлар яратишга рағбатлантиришдан иборат.

Ҳамкорлик доирасида маҳаллаларда амалга оширилаётган ислоҳотлар, юртимиздаги туб ўзгаришлар, халқимизнинг фидокорона меҳнати ва шукроналик туйғуларини теран ва таъсирчан ифода этувчи бадиий ҳамда тасвирий санъат асарлари яратишга алоҳида эътибор қаратилади.

Меморандум доирасида маҳаллаларда истеъдодли ёзувчиларни аниқлаш ва уларнинг рўйхатини шакллантириш, яратилган асарларни белгиланган тартибда баҳолаш ва саралаш, энг яхши бадиий асар муаллифларини рағбатлантириш, жумладан, “энг яхши китоб” муаллифини автомобиль билан тақдирлаш, ҳар бир ҳудудда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва реал ютуқлар ҳақида алоҳида китоблар тайёрлаш, тасвирий санъат асарлари яратиш ва сара ишлар каталоги нашр этиш, ёшлар қалбида ислоҳотларга дахлдорлик, миллий ғурур ва фидойилик туйғуларини мустаҳкамлашга қаратилган манзилли маънавий-маърифий тадбирларни ташкил этиш назарда тутилган.

Шунингдек, бадиий асарларда миллий ва умуминсоний қадриятлар устуворлигини таъминлаш, жамиятда лоқайдлик, маҳаллийчилик, уруғ-аймоқчилик, коррупция ва ёшлар тарбиясига масъулиятсизлик каби иллатларга қарши маънавий иммунитетни кучайтириш устувор вазифа этиб белгиланди.

Тадбирда ҳамкор ташкилотлар раҳбарлари, ҳудудий студиялар вакиллари, “маҳалла еттилиги” масъуллари, юртимиз маҳаллаларининг 8 минг 992 нафар раислари, ёшлар етакчилари ҳамда жамоатчилик вакиллари иштирок этди. 

Йиғилишда ислоҳотлар мазмунини аҳолига етказиш, жамиятда шукроналик, ватанпарварлик ва дахлдорлик туйғуларини мустаҳкамлаш устувор вазифа экани алоҳида таъкидланди.

Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги арафасида “Янги Ўзбекистон шукроналиги” мавзусида танловлар ўтказиш, ҳар бир маҳалла ҳақида китоб ва каталоглар яратиш, 208 та туман ва шаҳар ҳамда 14 та ҳудудда “Шукроналик” номли китобларни чоп этиш режалаштирилган. 

Шунингдек, маҳаллаларда ҳар фаслда биттадан бадиий асар танлаб борилиб, 208 асардан иборат умумий каталог ва фотокўргазмалар ташкил этилади, энг муносиб иштирокчилар муносиб совғалар билан тақдирланади.

Мазкур меморандум маҳалла институти ва ижодий жамоатчилик ҳамкорлигини янги босқичга олиб чиқиб, жойларда маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини янада ошириш, юртимиздаги янгиланиш ва тараққиёт жараёнларини бадиий ифода орқали кенг тарғиб этишга хизмат қилади.

Томонлар келишувига кўра, меморандумда белгиланган мақсад ва вазифалар ижросини таъминлашга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар ҳам амалга оширилади.

Н.Усмонова, ЎзА