Шу кунларда юртимизда улуғ байрам —Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз тўрт йиллиги кенг нишонланмоқда.
Орадан ўтган тарихий давр мобайнида Ватанимиз бутунлай янгича қиёфа касб этди, халқимиз орзу қилган эркин ва фаровон ҳаёт пойдевори барпо этилди. Ҳар бир кунни янгиликлар, янгиланишлар билан қарши олаётган ватандошларимиз улуғ байрам- Мустақиллик байрамини муносиб кутиб олмоқда. Бунинг ўзига хос сабаби бор, албатта. Ўтган йиллар давомида амалга оширилган улкан ислоҳотлар самараси мамлакатимиз тараққиёти ва халқимиз турмуш тарзида ўз аксини топмоқда.
Улуғ айёмимиз “Ватан учун, миллат учун, халқ учун!” деган эзгу ғояни ўзида мужассам этган ҳолда, халқимизнинг ягона мақсад йўлида жипслашганини яна бир бор намоён қилиб, ушбу жараёнларда юртимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, яратилган имконият ва шароитлар ўзининг ижобий натижасини бермокда.

Энг асосийси, замондошларимиз қалбида ватанга садоқат, халқимизга меҳр ва миллат тараққиёти учун масъулият туйғуси янада кучайиб, эртанги кунга ишонч ва ғурур туйғуси мустаҳкамланмоқда.
Сўнгги йилларда Президентимиз раҳбарлигида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар самараси, энг аввало, ҳар бир ватандошимиз ҳаётида акс этиб, турар жойлар, йўллар, мактаб ва шифохоналар қурилиши, замонавий инфратузилмалар яратилиши халқимиз турмуш даражасини юксалтиришга хизмат қилмоқда.
Аҳолининг ижтимоий ҳимояси, ҳунармандлар, тадбиркорлар учун имкониятлар кўлами кенгайиб, янги иш ўринларининг яратилиши, қишлоқ ва шаҳарлар инфратузилмасининг янгиланиши — буларнинг барчаси мустақиллик йилларидаги ислоҳотларнинг амалий натижасидир.
Ўтган йиллар мобайнида Қорақалпоғистон Республикасининг ривожи йўлид бир қатор қонунлар ва меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. Улар орқали иқтисодий тараққиёт, ижтимоий барқарорлик ва аҳоли фаровонлигини таъминлаш, шунингдек, ёшлар ва аёлларни қўллаб-қувватлаш, тадбиркорликни ривожлантириш ҳамда миллий қадриятларни асраб-авайлаш йўлида кенг имкониятлар яратилди.
2025 йил 14 август куни Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан қабул қилинган “Қорақалпоғистон Республикасини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирларни янада жадаллаштириш тўғрисида”ги қарор ҳам мамлакатимиз ҳаётида муҳим аҳамиятга эга ҳужжатлардан бири бўлди. Мазкур ҳужжат Қорақалпоғистон Республикасида аҳоли фаровонлигини ошириш, турмуш сифатини яхшилаш, янги иш ўринларини яратиш, тадбиркорликни ривожлантириш ва ижтимоий соҳаларни қўллаб-қувватлашда катта аҳамиятга эга. Бу эса ҳудуд тараққиётини янги босқичга олиб чиқиши шубҳасиз.
Қарорда белгиланган вазифалар ва чора-тадбирлар нафақат ҳудуднинг иқтисодий ўсишга хизмат қилади, балки ёшларнинг таълим олиш имкониятларини кенгайтириш ва касб-ҳунарга ўргатиш, шунингдек, ҳудуднинг инфратузилма салоҳиятини кучайтириш ва туризмни ривожлантиришга қаратилгани билан ҳам аҳамиятлидир. Шу жиҳатдан ушбу қарор, ўз навбатида, юртимизда тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг эркин фаолият олиб боришларига кўмаклашиш билан бирга, мавжуд камчиликларни самарали бартараф этиш ва соҳани янги босқичга олиб чиқишда яна бир муҳим қадам бўлиб, халқимизнинг ҳаёт сифатини яхшилашда, турли соҳаларда ижобий ўзгаришларни амалга оширишда муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилади.
Бугун олиб борилаётган ислоҳотлар самарасини ҳар бир соҳада ҳис қилмоқдамиз. Янгиланиш ва тараққиёт йўлида ҳар бир юртдошимиз, айниқса, ёшларимиз фаол иштирок этмоқда. Давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири бўлган таълим соҳасини ривожлантириш ва ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасидаги янги ислоҳотлар юртимизнинг келгуси тараққиёти учун мустаҳкам замин яратмоқда.
Руслан Жумамуратов,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати