Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Мустақиллик туҳфалари
20:20 / 2022-08-31

Давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 26 мартда қабул қилинган “Маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида 2021 - 2023 йилларда республика бўйича жами 195 та Маънавият ва маърифат масканини қуриш белгиланган.

Ушбу бинолар келажакда ақл марказларига айланиши кўзда тутилган эди. Шунингдек, янгидан бунёд этилаётган Маънавият ва маърифат масканларида ёшларнинг ўз устида ишлаши учун барча имкониятлар яратилиши режалаштирилган.

Шундан келиб чиқиб ҳудудларда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини мустаҳкамлаш, аҳоли, айниқса, ёшлар онги ва қалбида маънавий фазилатларни юксалтириш, оила, маҳаллаларда ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш мақсадида республикамизнинг барча туман ва шаҳарларида белгиланган дастур асосида йиллар кесимида Маънавият ва маърифат масканлари ташкил этилмоқда.

Мустақиллигимизнинг 31 йиллик байрами арафасида ана шундай иншоотларнинг тантанали очилиш маросимлари бўлиб ўтди. Жумладан, Тошкент вилоятининг Чиноз тумани, Қашқадарё вилоятининг Китоб тумани, Наманган вилоятининг Тўрақўрғон тумани ҳамда Бухоро вилоятининг Олот туманларида Маънавият ва маърифат масканлари фойдаланишга топширилди. Ушбу бинолар замонавий техник жиҳозлар билан таъминланган. Шунингдек, ушбу иншоотларда электрон ва босма кутубхона, тўгараклар хонаси, “IT markaz” ва Ахборот кутубхона марказлари фаолияти йўлга қўйилган. Тадбирлар зали барпо этилган.

Янгидан иш бошлаган Маънавият ва маърифат масканлари аҳолининг катта қисми, хусусан, ёшларимиз учун китобхонлик, китоб олами сари янги имконият эшикларини очади.

Республика Маъанавият ва маърифат маркази томонидан келгусида ҳам ана шундай иншоотларни белгиланган режа асосида фойдаланишга топшириш кўзда тутилган.

 

ЎзА