Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Мустақиллик солномасида шонли беш йил
14:29 / 2022-08-23

Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз

 

Халқимизнинг тўйлари кўп, байрамлари бисёр. Лекин бу шодиёналар ичида барчамиз учун энг улуғ, энг азиз байрам – Ватанимиз мустақилликни қўлга киритган кун қадрли ва суюклидир. 

Айни кунларда давлатимиз мустақиллигининг 31 йиллигини халқимиз муносиб кутиб олиш ва уни кўтаринки кайфиятда нишонлашга катта тараддуд кўрмоқда. Жойлардаги ташкилий-амалий, маънавий-маърифий тадбирлар ҳамда тарғибот-ташвиқот ишлари “Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз” деган бош ғояни ўзида мужассам этиши юртимиздаги ислоҳотларнинг асосини ташкил этиши билан аҳамиятлидир. Ушбу ғоят таъсирчан шиорни бугунги кунда ҳар бир ўзбекистонлик ўз қалбидаги бемисл фахр, ғурур, бахтиёрлик ва шукроналикнинг ёрқин, самимий ифодаси сифатида қабул қилмоқда. 

Бир ўйлаб кўрайлик. Сўнгги беш йилликдаги ўзгаришлар, янгиланишларнинг моҳиятида, ҳаётдаги амалий тасдиғида инсон қадри ва яна инсон қадри мужассам. Узоққа бормайлик, биргина Фарғона вилоятида амалга оширилаётган улуғвор ишлар, қўлга киритилаётган ютуқларнинг пировард мақсади ҳам ҳар бир кишини ҳаётдан рози қилишга қаратилган. Мисол тариқасида, вилоятнинг турли гўшаларида қад ростлаётган, кун сайин кўкка бўй чўзаётган муҳташам турар-жой бинолари, маиший хизмат кўрсатиш иншоотлари халқимизнинг муносиб ҳаёт кечириши, замонавий инфратузилмани жорий этиш орқали фаровон турмушни янада юксалтиришга хизмат қилмоқда.

 Бағдод туманида пайдо бўлган янги шаҳарчага бугун барча ҳавас билан қарамоқда. Бор-йўғи бир йил муддатда бу ерда янги замонавий шаҳарча қад ростлади, унга “Гулистон” деб ном берилди, уй-жойлар қурилиши ва яратилган инфратузилма “Бағдод тажрибаси” сифатида бутун мамлакатга намуна бўлди. Таъкидлаш керак, мазкур ташаббус замирида халқ дардига малҳам бўлиш, юз кўрсатишни бошлаётган муаммоларни барвақт бартараф қилиш, пухта режа ва мақсадлар мужассам. Яна бир жиҳат, халқимизни Ватан ичра кичик ватанли бўлишига эришиш мақсадида оммавий равишда кўп қаватли уйлар қурилаётгани, бу қурилишлар қишлоқ хўжалигида фойдаланиладиган ерлар ўрнида эмас, йиллар мобайнида бўш турган дашт ҳудудида амалга оширилаётгани эътиборга молик. Аҳамиятлиси, бу уйларнинг сифати яхши, нархи эса арзон. Шаҳарча ва унинг атрофидаги объектлар режасини тузишда истиқболда аҳолининг ўсиши, унинг инфратузилмаси ва ишлаб чиқаришнинг кенгайиши каби жиҳатлар ҳам инобатга олинган. Инсон қадрини улуғлашга қаратилган ташаббуслар кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларни қўллаб-қувватлашга қаратилган. Шу боис, янги шаҳарчадаги уйлар дастлаб эҳтиёжманд оилаларга берилди. Уларга субсидиялар, банклардан имтиёзли кредитлар ажратилди, бошланғич тўловлари тўлаб берилди. 

Бағдод тумани “Гулистон” маҳалласида барпо қилинган шаҳарча намунаси асосида вилоятнинг қатор туманларида ҳам камида 4-5 минг хонадонли “йўлдош” шаҳарчалар бунёд этилиши белгилаб берилган бўлса, айни кунларда бу ерларда бунёдкорлик ишлари бошлаб юборилган. Қишлоқ ва маҳаллалардаги янгиланишлар, бунёдкорлик ишлари, бир қараганда одатий ҳолдек туюлса-да, бу жараёнларнинг “мағзини чаққан”ларда фахрланиш ҳисси билан бирга, юрт ишига камарбасталик, дахлдорлик туйғулари жўш уради.

Мустақиллигимизнинг ўттиз бир йиллиги байрами арафасида Тошлоқ тумани “Ахшак” маҳалла фуқаролар йиғинида барпо этилган замонавий турар-жой массивининг фойдаланишга топширилиши, обод манзиллар сонининг яна биттага кўпайгани фарғоналикларни беҳад қувонтирди. Бу ерда қисқа муддатда жами 270 та хонадондан иборат 12 та кўп қаватли уйлар, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари, мактабгача таълим ташкилоти, болалар ва спорт майдончалари, маҳалланинг янги маъмурий биноси барпо этилди. Эътиборли жиҳати, аҳоли учун субсидиялар берилаётгани, ўзининг уйига эга бўлмаган, қийналиб қолган аёлларни ижтимоий-ҳимоя қилиш мақсадида янги қурилаётган уйларни давлат ўзи сотиб олиб, узоқ муддатга фойдаланиш учун уйсиз аёлларга бериш тизими амалиётга жорий этилаётгани кўплаб юртдошларимизга умид, ишонч бағишламоқда.

 Мустақиллигимизнинг 31 йиллиги арафасида янги массив аҳолига туҳфа этилди. Байрамга айланиб кетган тантанали тадбирда бир гуруҳ тошлоқликларга янги уй-жойларнинг калитлари топширилиши, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар тўловларсиз уй-жойли бўлгани, беш нафар ёлғиз аёлларга уй олиш харажатларининг 50 фоизи миқдоридаги маблағлари тўлаб берилиши бу жараёнга гувоҳ бўлиб турган кўзларда қувонч, шодлик, ёруғ келажакка ишонч бўлиб порлади, юракларнинг туб-тубидан “Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз” деган ҳайқириқ отилиб чиқди. Янги массивда фойдаланишга топширилган мактабгача таълим муассасаси, тадбиркорлар томонидан қуриб битказилган савдо мажмуаси, сартарошхона, дорихона ва нон маркази кўзларни қувонтирди, қишлоқ шароитидаги бу каби имкониятлар, шарт-шароитлар одамларга ўзига хос байрамона кайфият улашди. 

Умуман айтганда, Фарғона вилоятининг шаҳар ва туманларида кўплаб янги массивлар, турар-жой мажмуалари, замонавий кўп қаватли уйлар қад ростлаши натижасида фойдаланишдаги квартира (уй)лар сони 791,2 минг бирликни ташкил этиб, бу борада вилоят Ўзбекистон бўйича биринчи ўринга чиқди. Рақамлар ортида катта меҳнат турганлигини бугун барча яхши ҳис этиб турибди. 2022-2023 йилларда умумий қиймати 31 триллион сўмлик инвестиция лойиҳалари амалга оширилаётгани эса Фарғонанинг янги тараққиёт даврини бошлаб бермоқда. Маълумки, ҳар бир ҳудуд, вилоятнинг ўзига хос жиҳатлари бор. Ишбилармон ва уддабурон тадбиркорлари, омилкор савдогарлари билан донг таратган Фарғонада бугун саноат ва ишлаб чиқариш корхоналари сони кун сайин ортиб бормоқда.

Мамлакат иқтисодиётига муносиб ҳисса қўшаётган соҳа ходимлари учун қулай имконият ва шароитлар яратилмоқда. Биргина мисол, вилоятнинг Учкўприк туманида 15 гектар майдонда барпо этилган “Бобошбек” енгил саноат ва логистика маркази нафақат ҳудуддаги тадбиркорлар, ишлаб чиқарувчилар, балки маҳаллий ва хорижий харидорлар учун ҳам улкан имкониятлар эшигини очди, дейиш мумкин. Зеро, 316 та ишлаб чиқариш цехи, 336 та савдо дўкони, 560 та савдо растаси, 2 та логистика маркази жой олган марказда сотувчи-ю сотиб олувчилар учун барча шароитлар яратилган. Мажмуада йилига 876 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилиб, 18 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилиниши режалаштирилган бўлса, 7 минг 700 нафардан ортиқ фуқаро доимий иш ўрнига эга бўлиши кўзда тутилган. Баландпарвоз гаплар, ишониш қийин фактлардек туюлган бу фикрларга заррача гумон қилсангиз, марҳамат, мажмуага ташриф буюриб, ўз кўзларингиз билан кўринг. Ҳар бир ишлаб чиқарувчи, дўкон мутасаддиси билан суҳбатлашинг, ишчи-ходимлар фикрини тингланг. Ана шундагина бу рақам ва эътирофлар кимлар учундир мақтаниш учун эмас, айнан “Инсон қадри учун” деган ҳузурбахш тамойил асосида амалга оширилган ишларнинг бир қисми эканлигига шубҳа қолмайди. 

Вилоятда барча соҳаларда ўсиш, юксалиш юз кўрсатаётгани қувонарлидир. Жорий йил Фарғона вилоятида жами 82 та умумтаълим мактабларида қурилиш-таъмирлаш ишларини амалга ошириш белгиланган бўлиб, ушбу мақсадлар учун жами 273,6 миллиард сўм маблағ ажратилган. 55 та мактабга “Ташаббусли бюджет” лойиҳаси асосида 30,3 миллиард сўм маблағ ажратилиб, қурилиш-таъмирлаш ва жиҳозлаш ишлари амалга оширилмоқда. 2022 йилнинг олти ойи давомида вилоятга жалб қилинган хорижий инвестицияларнинг умумий миқдори 462,8 миллион долларни ташкил этди, ўсиш кўрсаткичи 2021 йилнинг мос даврига нисбатан 2,4 баробардан зиёдга ортди. Тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларнинг умумий инвестиция ҳажмидаги улуши 80  фоизгача ўсди. Ўтган 6 ой давомида вилоятга инвестиция киритган мамлакатларнинг умумий сони 43 тага, инвестиция киритилган корхоналар сони 163 тага етди. Албатта, бу каби рақамларни кўплаб келтириш мумкин. Асосийси, одамлар бандлиги таъминланмоқда, фаровонлиги ошмоқда.

[gallery-8453]

Буларнинг барчаси юртимизда инсон қадри нақадар улуғ эканлигидан далолатдир. Фарғонада бугун ўзгача шукуҳ ҳукмрон. Қутлуғ байрамга муносиб туҳфа тақдим қилишни орзулаган, бунинг уддасидан чиққан фидойилар сафи узундан-узун. Қай бир соҳага кўз ташламанг бугунги тинч ва осуда ҳаётнинг қадрига етиб-қадрлаб, куч-ғайрати ҳамда салоҳиятини халқимиз фаровонлигига бағишлаётган ташаббускор илғорларни учратасиз. Ёши улуғлар доимо юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо бўлсин, дея дуога қўл очади. Бу бежиз эмас, албатта. Тинчлик – тараққиёт ва фаровонликнинг асосий омили. Осойишта юртда юксалиш бўлади, фаровон элдан хотиржамлик кетмайди. Истиқлол шарофати, давлатимиз раҳбарининг оқилона сиёсати самарасида саодатли, файзли кунларга мушарраф бўлмоқдамиз. Илоҳим юртимиз тинчлиги, осмонимиз мусаффолигига кўз тегмасин. Мустақиллигимиз абадий бўлсин.

 

Маъсуджон Сулаймонов, Муқимжон Қодиров(сурат), ЎзА